Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Тўлқин РАСУЛОВ

30.12.2016


ҲАЁТБАХШ ИСЛОҲОТЛАР САМАРАЛАРИ

 

Айниқса, аҳоли соғлиғини ишончли ва кенг қамровда ҳимоя қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янада юксалтириш мақсадларида қабул қилинган Давлат дастурларининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани тизим муассасалари моддий-техник базасини узлуксиз мустаҳкамлаб бориш, уларни малакали кадрлар билан таъминлашга хизмат қилмоқда.

Айни пайтда вилоятимизда 60 та шифохона, 256 та ҚВП, вилоят скрининг маркази, республика саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиали, 1 та республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий маркази, 4 та туғруқ комплекси, 11 та туғруқ бўлими, 1 та вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази, 5 та болалар шифохонаси, 15 та болалар бўлими, 6 та юқумли касалликлар шифохонаси, 10 та оилавий ва 14 та кўп тармоқли марказий поликлиникада аҳолига зарур тиббий хизматлар кўрсатилмоқда. Уларда 5200 нафарга яқин шифокор, 29000 нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатмоқда. Бугун улар ташхислаш, даволаш ишлари билан бир қаторда, мавжуд замонавий тиббий аппаратура ва жиҳозлар ёрдамида мураккаб операцияларни ҳам муваффақиятли амалга ошириб келишмоқда. Улар ишини янада такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг тўққиз ойи давомида "Саломатлик-3" лойиҳаси асосида барча шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари, Қарши шаҳридаги кўп тармоқли марказий ва 6 та оилавий поликлиника ҳамда Шаҳрисабз туманидаги 4 та оилавий поликлиника қарийб 2 миллиард 585 миллион сўм маблағ эвазига лаборатория ва рақамли рентген аппаратлари билан жиҳозланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 25 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Инвестиция дастури тўғрисида"ги қарорига асосан 2016 йилда Миришкор, Қарши, Яккабоғ, Нишон, Китоб, Ғузор, Касби, Косон, Шаҳрисабз туманлари тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Шаҳрисабз туманидаги 3-оилавий поликлиника, вилоят сил касалликлар диспансерида реконструкция, капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг учун 38 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. 2017 йилда ҳам тасдиқланган режа асосида 11 та тиббиёт муассасасида қурилиш таъмирлаш ишлари давом эттирилади. Бунга жами 31,4 миллиард сўм маблағ сарф этилиши кўзда тутилган.

Энг муҳими, ана шундай саъй-ҳаракатлар самараси касалликларни эрта аниқлаш, самарали даволаш, аҳоли саломатлиги мунтазам яхшиланиб бораётганида ўз ифодасини топмоқда.

Халқимизда фақат соғлом онадангина соғлом бола туғилади, деган ҳикматомуз гап юради. Бунинг замирида соғлом келажак авлодни вояга етказишдек масъулият мужассамлигини биз - тиббиёт ходимлари теран англаймиз ва бу борада тизимли ишларни йўлга қўйганмиз.

Хусусан, "Соғлом она — соғлом бола" концепциясига асосан барча туманларда фертиль ёшидаги аёллар ва уларнинг саломатлиги ҳақидаги маълумотларнинг электрон базаси яратилди. Бу тиббий кўрикдан ўтказилган туғруқ ёшидаги аёлларни соғломлаштириш, ҳомиладорлик ҳолатини баҳолаш ва учрайдиган муаммони ўз вақтида бартараф этишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Шу билан бирга бугун туғиш ёшидаги аёлларни соғломлаштириш, туғруқ ўртасидаги муддатни узайтириш, эрта ҳамда яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, ҳомиладорларга зарур ёрдам кўрсатиш ва болалар муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолини репродуктив саломатлик масалалари тўғрисида кенг хабардор қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу доирада аҳолининг тиббий маданиятни ошириш мақсадида  "Соғломлаштириш ҳафталиги", "Соғломлаштириш ойлиги" тадбирлари ўтказилмоқда. Мазкур тадбирлар давомида республика, вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг акушер-гинекологлари, терапевт, педиатр, кардиолог, УЗД мутахассисларидан иборат гуруҳлар шаҳар ва туманларда бўлиб, туғиш ёшидаги аёлларни, болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда соғломлаштиришга яқиндан кўмаклашаётир. Натижада вилоятда соғлом бола туғилиши кўрсаткичлари яхшиланиб, оналар ўлими кескин камайишига эришилмоқда. Аҳолининг турли юқумли хасталиклар билан умумий касалланиш даражаси сезиларли пасайди.

Овқатланиш сифатини яхшилаш Ўзбекистон Республикаси аҳолиси фаровонлигини ошириш миллий стратегиясининг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Шунга мувофиқ истиқлол йилларида мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш учун зарур қонунчилик ва меъёрий база яратилди. Мисол тариқасида "Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги, "Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида"ги, "Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида"ги, "Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида"ги Қонунлар қабул қилинганини қайд этиш ўринли.

Ана шу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг вилоятдаги ижроси доирасида барча туманларда ун, йодланган тузни тўйинтириш дастурлари, туғиш ёшидаги аёллар ва болаларни таркибида темир, фоли кислотаси ва бошқа витаминлар бор препаратлар билан таъминлаш тадбирлари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу болаларнинг ривожланишини яхшилаш, уларнинг касалликларга чалиниш кўрсаткичларини пасайтириш ва туғиш ёшидаги аёллар ўртасида камқонликни икки баравар камайтириш имконини берди.

Ўз ўрнида қайд этиш жоиз, мамлакатимизда ушбу муҳим ва масъулиятли вазифаларни бажариш, тиббиётга оид ислоҳотларни амалга оширишда бевосита иштирок этиб келаётган касб эгаларига ҳам алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонун ҳам бунинг ёрқин далилидир. Мазкур қонунга биноан тиббиёт ходимларининг касб байрами ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида мамлакатимизда кенг нишонланиб келинмоқда. Ҳар йили мустақиллик байрами арафасида анъанавий тарзда эълон қилинадиган, том маънода, ҳаётда, фаолиятда ўрнак кўрсатган фаол ватандошларимизни мукофотлаш тўғрисидаги Президент фармонларига асосан вилоятимиз тиббиёт ходимларининг бир қанчаси муносиб рағбатлантирилаётгани ҳам биз учун шараф. Бинобарин, биз — тиббиёт ходимларига шундай юксак ғамхўрлик кўрсатилаётган экан, ушбу касб эгалари ҳам ҳалол меҳнат қилиб, аҳоли саломатлиги учун виждонан қайғуради.

Тўлқин РАСУЛОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo