Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Оқила БАҲРОМОВА

23.03.2017


ҲАЁТДАН УЗИЛГАН ХАЁЛ

Айниқса, интернет маконида  янги феномен деб ном олган ижтимоий тармоқлар ёшлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Зеро, инсон табиатан доимий мулоқотда бўлади. Янги танишлар орттириш, турли қобилиятларини намоён этиш ва бошқаларнинг ўзи ҳақидаги фикрларини билиш одам учун муҳим. Интернет асосида бугунги замонга келиб ушбу эҳтиёжларни қондиришнинг замонавий ва қулай воситачиси пайдо бўлди. Дунёда аудиторияси жиҳатидан юқори ўринларни эгаллаб келаётган “Facebook.com”, “Telegram”, “Instagram”, “Vkontakte.ru”, “Twitter.com”, “Moy Mir” ва шу каби тармоқлардан мамлакатимиз ёшлари ҳам фаол фойдаланмоқдалар. Ушбу тармоқлар фойдаланувчилари шахсий саҳифасига исталган видео, фотосурат, ахборотни жойлаштириш имкониятига эга. Бироқ ҳеч ким ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган маълумотларнинг барчаси ҳаққоний деб кафолат бермайди. Мутахассислар таҳлилларига қараганда, ақлий салоҳияти ривожланаётган ўсмирлар (улар одатда ахборотга ўч бўлишади)  веб-сайтларга жойлаштирилган маълумотлардан 78 фоизини ҳақиқий ва холис деб ҳисоблашар экан. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, мамлакатимизда “Facebook.com” ва “Odnoklassniki.ru” тармоғида рўйхатдан ўтганларнинг аксариятини ўсмир ёшдагилар ташкил этади.

Дастлаб бу тармоқлар узоқлашиб кетган дўстларни яқинлаштириш, алоқа қилмай қўйган синфдош ёки қариндошларнинг топишиши учун яратилган ва шунга хизмат қилган бўлса, бугунга келиб, шунчаки вақт ўтказиш воситасига айланиб бормоқда. Қолаверса, бундай тармоқлардаги профиль, яъни саҳифаларнинг барчаси ҳам ҳақиқий эмас. Аксинча, сохта аккаунтлар кўп бўлиб, улардаги ҳамма маълумотлар қалбакидир. Реал ҳаёт билан виртуал ҳаётни қиёсласак, ижтимоий тармоқда бола реал ҳаётдагидан кўра эркинроқ бўлади, унинг учун фикрини баён қилишда, муносабатларда чегаралар йўқ. Андиша эса мутлақ бегона. Тармоқда ким билан дўстлашиш ва ким билан алоқани узишни ўзи ҳал қилади. Қолаверса, ижтимоий тармоқлардаги мулоқотлар учун фойдаланувчининг жинси, ёши, ташқи кўриниши муҳим эмас.

Ушбу сайтлардан ҳар куни фойдаланадиган бола секин-аста унга мослашади ва реал ҳаётдан узоқлашиб боради. Ҳаёт ташвишларию кундалик вазифалардан зерикканида тармоққа киришга шошилади. Чунки у ерда дўст топишдан осон иш йўқ. Қидирув белгиси остида ўзингизга ёққан исм ёки фамилияни берсангиз кифоя, камида 30 та вариант чиқади. Уларнинг маълумотлари билан (сохта бўлса ҳам) танишиб, кўнглингизга ёққанига дўстлик таклиф қиласиз. У рад этмаса, олам гулистон. Шу йўл орқали дўстлик муносабатлари мустаҳкамланиб оила қурганлар ҳам бор, аммо турмуши бузилганлар сони кўпчиликни ташкил этади.

Маълумки, ахборотга эҳтиёжи бўлган ёшлар ўзига керакли маълумотларни ўз вақтида олмаса, уларда маънавий бўшлиқ пайдо бўлади. Шундай вазиятларни пойлаб турган ёвуз ниятли кимсалар ғараз мақсадларини амалга ошириш учун ўзларининг сохта қарашларини ёшлар онгига сингдира бошлайдилар. Шуни ҳам қайд этиш керакки, ўсмирликда ижтимоий оғувчанлик кучли бўлади. Ўсмирлар айни ижтимоийлашувнинг муҳим жараёнларида реал ҳаётдаги ахлоқ қоидаларидан кўра виртуал оламдаги меъёрларни кўпроқ ўзлаштиради. Оқибатда улар реал ҳаётдан кўра ижтимоий тармоқларда мулоқот қилишни афзал билади.

АҚШда ўтказилган тадқиқотда аниқланишича, 7-18 ёшдаги болаларнинг 80 фоизи ҳар куни электрон почтасига вирусли файл қабул қилади. Кибермаконда сайр этадиган ҳар бешинчи бола интернет таҳдидига бир марта бўлса-да, учраган, ҳар тўртинчиси эса ёшига мос бўлмаган ахборотни олган. Айнан шу сабаб экспертлар болалар ва ўсмирлар интернетдаги салбий ахборотлар оқими ҳамда информацион хуружлардан нисбатан камроқ ҳимоя қилинганини таъкидлашади. Қолаверса, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро фонд – ЮНИСЕФ томонидан ташкил этилган сўровлар интернетдан фойдаланадиган 90 фоиз бола ахлоқсиз сурат ва видеоларга дуч келиши, 60 фоизи эса бу турдаги ахборотни мақсадли равишда излаганини кўрсатди. Аҳамиятлиси, ушбу фойдаланувчиларнинг катта қисмини вояга етмаганлар ташкил этади. Яқинда эса МДҲ давлатларида яшовчиларни “кўк кит” ҳодисаси даҳшатга солди. Бу хавфли, худкушликка ундовчи ўйиннинг манбаси эса айнан “Вконтакте” ижтимоий тармоғи эканлиги барчани жиддий ташвишга солиб, интернетдан фойдаланиш маданияти, ёшлар, айниқса, ўсмир ёшидагиларнинг бу борадаги кўникмасини шакллантириш ҳақида жиддий бош қотиришга ундади. Шундай экан, ёшларга интернетдан қандай фойдаланиш, ахборотларни саралай билиш, фактларни фикрлардан фарқлаш ва тўғрилиги тасдиқланмаган ахборотдан ҳимояланиш кабиларни мактаб давриданоқ тушунтириб бориш зарур. Бу эса уларни ахборий таҳдидларнинг салбий оқибатларидан ҳимоялайди. Онлайн маконда ҳар куни миллионлаб ахборот алмашилса, ахборий маданияти ривожланган, меъёр тушунчаларини ўз онгига сингдирган ёшлар ушбу янгиликлардан ўзига кераклисини ажрата олади. Қолаверса, ахборотдан фойдаланиш йўл-йўриқларини, рост ва ёлғон маълумотларни бир-биридан ажрата олиш хусусиятларини ўзига сингдирган ёш авлод ахборий таҳдидларнинг салбий оқибатларидан йироқ бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ вужудга келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантиришимиз зарур. Шуни унутмаслик керакки, бугунги кунда инсон маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин.

Оқила БАҲРОМОВА, журналист

Report typo