Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Толиб ТЕМИРОВ

02.02.2017


ҲАЁТНИ ЎРГАТУВЧИ МУРАББИЙ

Оила маънавияти жамият маънавиятини белгилаб беради. Уни юксалтиришда китоб, ҳеч шубҳасиз, энг асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Чунки донишмандлардан бири айтганидек: “Китоб барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрок, илму дониш асоси, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”. Бу мураббийдан таълим олган ёшлардан қандайдир натижа кутиш мумкин.

Аммо бугун “ҳозирги ёшлар китоб ўқимай қўйди, ўйинқароқ, қачон қарама, интернетдан бўшамайди”, қабилидаги гап-сўзлар тез-тез қулоққа чалинади. Тоғамнинг айтишларига қараганда, бир пайтлари бобомникида қош қорайгандан тонг отгунга қадар китобхонлик бўлар экан. Қишлоқнинг оғир меҳнатдан қайтган каттаю кичиги бир ерда тўпланишиб, шамчироқ ёнида ўтирганича қироат билан китоб ўқиётган кишини тинглаб завқланишаркан.

Кейин телевизор пайдо бўлди, ундан кейин эса компьютер, интернет тармоғи... Табиийки, инсон руҳиятида ахборотни тезроқ қабул қилишга ўчлик бор. Шу боис улар китобнинг ўрнини бирқадар босгандек бўлди. Аммо, тан олиш керак, китоб, бу - китоб. Унинг телевизору интернетдан топиб бўлмайдиган руҳияти, самимияти, “ҳид”и, кишини мушоҳадага ундовчи яна нималаридир бор. Унга дўст тутиниш кишини фақат ва фақат юксакликка етаклайди.

Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номли нафис санъат лицейида ўқиб юрган кезларимда Раҳмон Қўчқор деган ўқитувчимиз бор эди. Шу, бир куни дарсга кирдию дабдурустдан барчамизга савол берди: ким “Ўткан кунлар”ни ўқиган? Табиийки, ҳаммамиз бирваракайига қўл кўтардик. Шунда яна ўртага савол ташлади:

-Яхши, бўлмаса айтинглар-чи, Отабек Марғилондан, уста Олимникидан чиқиб, хафа ҳолда Тошкентга қайтаяпти, у отга миниб қайтганми ёки уни етаклаб қайтганми?

Ҳаммамиз жўр бўлдик: “Етаклаб қайтган”.

Ўқитувчимиз жавоб нотўғри эканлигини айтиб, ҳаммамизга кейинги дарсгача “Ўткан кунлар”ни ўқиб келишни буюрди. Баъзиларимиз бошқалардан яшириниб, баъзиларимиз эса галалашиб, саволга жавоб изладик. Аммо Отабек отни на етаклаб қайтгани, на миниб қайтгани ҳақида асарда лом-мим дейилмаганди. Лекин топдик. Қўқондан Тошкентгача бўлган узоқ йўлда отни ким етаклаб қайтади? Миниб қайтган-да.

Саволга жавоб топиш баҳонасида ҳаммамиз “Ўткан кунлар”ни бошидан охирига қадар ўқиб чиқдик.  Шунда Рустам исмли бир синфдошимиз домланинг ёнида намойишкорона афсус чекканди:

-Тўққиз йил ўқидим, китоб ўқишга аввалроқ киришганимда тўққиз йилда қанча китоб ўқирдим-а.

Шунда  Раҳмон Қўчқор жавоб қилганди:

-Ундан ҳам олдинроқ бошлаганингда янаям яхши бўларди.

Бир ҳамкасбимиз Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида бир неча мансабдор шахсларнинг биринчи ўқитувчиси ҳақидаги фикрлари билан қизиқди. Биринчи ўқитувчи ҳақидаги фикрлар китоб мутолаасига бориб тақалди.

Шунда турмуш ўртоғига ҳомиладорлик чоғида яхши-яхши китоблар келтириб бергани ва ўқишни тавсия қилганини айтган бир суҳбатдош бунинг жуда яхши натижа берганини таъкидлаган. Натижа шуки, оиладаги болалар китобни қўлидан қўймайдиган бўлиб ўсмоқда экан.

Дарҳақиқат, бола тарбиясини онанинг ҳомиладорлик чоғиданоқ бошлаш самарали бўлиши бугун фанда исботлаб бўлинди. Шу боис оилада болага китоб ўқишни ўргатиш қанча олдин, яъни ҳомиладор она воситасида  бошланса, шунча яхши.

Бироқ кўпчилик ота-оналар “иш кўп, вақт йўқ”лиги баҳонасида бунга ҳадеганда ҳафсала қилишавермайди. Бугун вилоятимизда фаолият юритаётган ўттиздан ортиқ китоб дўконининг аксариятида савдо анчагина сустлигининг боиси шундандир балки. Агар ота-оналар аввало ўзлари китоб ўқишса, болаларига ёшлигиданоқ ҳеч канда қилмасдан эртаклар айтиб беришса, сал улғайгач расмли китоблар совға қилишса, бола албатта китобга меҳр қўяди.

Ривожланган давлатларда китоб дўконларида болалар бўлими борлигини кўпгина манбалардан ўқиб, кинофильмлардан кўриб қоламиз. Бизда ҳам шундай дўконлар бўлсайди, деб ўйлаб юрардим. Яқинда бир хабарни эшитиб хурсанд бўлдим. Тошкентда “Китоб олами” деб номланган Ўрта Осиёдаги энг катта китоб дўкони очилибди ва унда турли ўйинчоқлар, қўғирчоқлар билан безатилган болалар учун алоҳида зал ташкил этилибди. Тез орада Қаршида ҳам шундай дўкон очилар экан.

Қанийди, бу дўконларда жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб болалар клублари ишга туширилса, улар ҳар куни икки-уч соат давомида китоб дўконининг ҳавосидан баҳраманд бўлса. Шунда фарзанд тарбиясига эринчоқроқ ота-оналарнинг фарзандларида ҳам китобга иштиёқ баланд бўлармиди? Шунда ўқимишли кишилар сони ҳам кескин кўпаярмиди? Чунки ўқимишлиликка ўқиш орқали эришилади. Аммо у ёки бу олий ўқув юртини тугатиш, илмий унвон олиш кишини ҳар доим ҳам том маънода ўқимишли дейишга асос бермайди. Ўқимишли инсонлар эса диплом қўлтиқлаб юрмай, ўзининг фикрлаши, олдинни кўра билиши, билими билан тараққиётни белгилайди.

Толиб ТЕМИРОВ

Report typo