- Урушнинг дастлабки йиллари Волга дарёси бўйидаги жангларда иштирок этдим, - дейди Сайдулло бобо. - Бир неча маротаба жароҳат олдим, соғайиб яна жангга қайтдим. Кейин Латвия ва Литва ҳудудларида жанг қилдик. 1945 йил бошларига келиб, фашистлар кўплаб ҳудудлардан тамомила чекина бошлади. Шу йили, уруш охирлаб қолган бир пайтда Рига шаҳрини душмандан тозалаш жараёнида ўқ тегиб, ҳушимни йўқотганман. Орадан бир неча кун ўтиб Воронеждаги ҳарбий госпиталда ўзимга келдим. 1946 йилда эса икки қўлтиқтаёқда уйга қайтганман.
Сайдулло бобо ўша оғир йиллар ҳақида эслар экан, урушнинг нафақат жанг майдонида, балки фронт ташқарисида ҳам жуда оғир кечганини таъкидлайди.
- Бир кунда полкимиздан 10 киши ҳалок бўлса, биттаси душман ўқидан, қолган тўққизтаси очлик, касаллик ёки совуқдан жон берарди, - дейди у. - Душман томонда ҳам худди шундай эди. Фашистлар ҳам совуқдан кўп талафот кўришди. Ҳамма нарса фронт учун сарфланаётган бир пайтда жанг майдонлари ташқарисидаги ҳолатни ўзингиз тасаввур қилаверинг. 1946 йилда қишлоққа қайтгач, бу ердаги оғир шароит, очарчилик, одамлар юз-кўзларидаги ғам-қайғуни кўриб, урушнинг аянчли оқибатларини яна бир бора ҳис этдим.
Бобо уруш воқеалари ҳақида гапиришдан ҳеч чарчамайди. Оғир ва синовли йилларни ортда қолдириб, эл-юрт бахти, фарзандлар роҳатини кўраётганидан мамнун. Бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналар айтади.
С.АЛЛАЁРОВА
Суратда: Сайдулло бобо Жабборов.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.