- Бу йўриқнома рус тилида эди, - деб эслайди у. – Қайта-қайта ўқиб, кинокамеранинг тузилишини ўргандим, плёнкани қандай қўйиш, монтаж қилиш – барча-барчасини қунт билан ўзлаштирдим. Кейин эса ўша дўконда кўрганим камерани сотиб олдим. Унда урина-урина олган илк фильмим “Ярми қиш, ярми баҳор” деб номланганди ва Шаҳрисабз тоғларига хос бетакрор манзара: тоғнинг бир ёнида ястаниб ётган қор, бошқа томонида эса гуллаган боғлар тасвирланган эди.
Илк ишидаёқ туғилиб ўсган юртининг гўзал манзараларини тасвирга муҳрлаган Ғайрат Пўлатов кейинчалик ҳам сўлим Кешнинг бетакрор, жаннатий тасвирига мафтун бўлди, унинг ошуфтасига айланди, йиллар оша шу қиёфани қайта-қайта, турли ракурсларда суратга олди. Бу иш унга бир олам завқ, сурур бахш этиш баробарида эл ичида “Ғайрат киночи” бўлиб танилишида, мамлакат киноҳаваскорлари орасида эса алоҳида ўрин эгаллашига сабаб бўлди.
- Мен ҳозирги Жаҳон тиллари университети (аввалги Рус тили ва адабиёти институти)да таҳсил олганман, - дейди Ғайрат Пўлатов. – Узоқ йиллар турли жойларда фаолият юритдим, туманимиздаги “Ёш техниклар” саройида тўгарак раҳбари, ўқувчилар саройида директор бўлиб ишладим. Кечки мактабда рус тилидан дарс бердим, кейинроқ халқ таълими бўлимида касаба уюшмасида ишладим. Аммо ишдан узилмаган ҳолда ҳаваскорлигимни ҳам давом эттирганман. Кейинроқ фаолиятимни бутунлай шу соҳага қаратдим. Аввалига – 1985 йилда Шаҳрисабз марказидаги ташландиқ бинони таъмирлашга рухсат олиб, шу ерда “Ёшлик” киностудиясини ташкил қилдим. Шу ерда ёш киноҳаваскорлар тўгараги фаолияти йўлга қўйилди. Кўплаб ёшларга киночилик сирларини ўргатдим. Ҳозир бу ёшлар орасида режиссёрлик йўналишида таҳсил олганлари, олаётганлари кўпчилик. 2006 йилда эса киностудиямизга Халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар республика илмий-методика маркази томонидан “Халқ бадиий киноижодкорлиги жамоаси” деган унвон берилди.
Бу ижодхона ҳозирда Шаҳрисабз маданият ва аҳоли дам олиш маркази биносида, Амир Темур номидаги моддий маданият тарихи музейига ёндош, шаҳри Кешнинг ҳозирда жуда кўркам, гўзал қиёфа касб этган марказида жойлашган. Бир хонаси фильм намойишига мослаштирилган, яна бири ишлаш, бошқаси меҳмонларни қабул қилишга мўлжалланган мўъжазгина студия менга тарихий музейни ҳам эслатди. Чунки хоналар деворларида ижодкорнинг йиллар давомида эришган ютуқлари, машаққатли, аммо қизиқарли меҳнатининг самаралари акс этган турли-туман дипломлар, фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар, киночилик ашёлари, Ғайрат киночи фаолиятига бағишланган мақолалар эълон қилинган газеталар, таниқли режиссёрлар билан ҳамкорлик, ҳар хил фестиваль ва танловлардаги иштирок акс этган суратлар жой олган. Ғайрат ака буларнинг ҳаммасини тартиб билан, саралаб жойлаштирган: вилоят, республика, халқаро танловларда олинган дипломлар алоҳида-алоҳида терилган. Стол устидан эса Шаҳрисабз тарихидан сўзловчи суратлар, фотоальбомлар жой олган. Дарвоқе, ҳаваскор киночининг ютуқлари чиндан-да салмоқли: ҳозирга қадар вилоят, республика ва халқаро танловларда қатнашиб, 80 дан зиёд олий ва юқори ўрин совриндори дипломларини қўлга киритган. У яратган фильмлар сони эса 100 га яқинлашган. Фильмларнинг мавзу доираси-да кенг: номоддий маданий мерос, кўҳна, унутилиб бораётган қадриятлардан тортиб, бугуннинг энг долзарб муаммолари, ёшлар тарбияси, табиат манзаралари, ноёб табиий обидалар, экологик масалаларга қадар ижодкор нигоҳидан четда қолмаган. Демакки, эришилган ютуқлар ҳам бежиз эмас...
Ғайрат ака камерага ҳаётни тарихга муҳрлашга қодир восита сифатида қарайди. У яратган фильмларни томоша қилиб, бунга сиз ҳам амин бўласиз. Масалан, унинг архивида сақланаётган 1973 йилда суратга олинган “Қарши чўли – Ватан гули”, “Амударё суви Қарши чўлида” фильмларида ўша давр воқеликлари ўз аксини топган. Қарши магистраль каналининг қазилиши, сув келтирилиши, бу жараёнда жонбозлик кўрсатган кишилар ҳаёти кадрларда жонланди. Ёки унинг архивидаги тасвирларни кўздан кечириб, Шаҳрисабзнинг 70-йиллардан то ҳозиргача бўлган қиёфаси, кешликлар ҳаёти, турмуши ўз аксини топган, тарихий аҳамияти катта бўлган кўплаб ноёб кадрларга дуч келасиз. Булар билан таништириб, Ғайрат ака мени томоша залига бошлади ва яқиндагина марказий телеканалларда намойиш қилинган 27 дақиқалик фильми – “Қашқадарёнинг зумрад гавҳари” деб номланган ижодий ишини қўйиб берди. Бу фильм Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган бўлиб, таниқли тарихчи ва журналист Мўмин Азизов билан биргаликда яратилган. Шаҳрисабзнинг истиқлолдан олдинги ва кейинги қиёфасини акс эттирган фильмни томоша қилган киши бу кўҳна ва навқирон шаҳарнинг ўтган давр мобайнида қанчалик ўзгариб, ўзгача қиёфа касб этганига амин бўлади. Мана, 70-80-йиллардаги кўҳна Кеш: тор, иланг-биланг, қишда лой, тизза бўйи сув, ёзда чангу тупроқ кўчалар. Йўлларида на махсус пиёдалар йўлаги, на ўтиш чизиғи, на автоуловлар тўхтайдиган жойлари бўлган, бозори бетартиб шаҳар. Кўҳна обидалар таназзулга юз тутган, эътибордан четда қолган пайтлар. Буларни томоша қилган кекса ва ўрта ёшлилар, албатта, ўша даврни яхши эслашади, хотирлашади. Кадр ортидан янграётган овоз ўша замонлардан ҳикоя қилади. Бу ҳикояни эса Ғайрат Пўлатов объективига муҳрлаган, қарийб 40 йил аввал олинган тасвирлар бойитиб, тўлдириб боради. Оқ-қора, вақт ўтиши билан сифатига путур етаётган тасвирлар шаҳарнинг ўша пайтдаги қиёфасини шу қадар аниқ ва равшан кўрсатиб берадики, ортиқча изоҳга ҳожат қолдирмайди. Ниҳоят, бу эски, тарихий кадрлар ўрнини ёрқин, рангли тасвирда олинган, шаҳри Кешнинг истиқлол йилларидаги янгича кўринишини ифодалаган ва тарихий аҳамияти ҳам олдингиларидан кам бўлмаган тасвирлар эгаллайди. Энди буларни томоша қилаётиб, кўзларим чарақлаб, кўнглим ҳам равшан тортиб бораётганини ҳис қиламан, албатта, бу – фахрдан, ғурурдан. Ахир, истиқлол берган неъматларнинг қадрини шундай пайтларда англайсан киши, дилингда ўз-ўзидан ифтихор пайдо бўлиши ҳам табиий: экранда Шаҳрисабз шаҳрига Амир Темур ордени топширилаётган, Биринчи Президентимиз ҳам ҳаяжон, ҳам ғурур билан “Сизлар қандай ўйлайсизлар, билмадиму аммо менимча бундай орден дунёда йўқ!” дея орденни қўлида баланд кўтаргани, сўнг шаҳар байроғига тақиб қўйганию атрофда янграган гулдурос қарсаклар... булардан сўнг навбат Шаҳрисабзда яқин йиллар ичида олиб борилган кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларига келади. Халқ иродаси, давлат, Юртбошининг қўллаб-қувватлаши, баҳамжиҳатликда олиб борилган улкан ишлар натижасида бугун шаҳарнинг нақадар гўзал қиёфа касб этганини кўриб, беихтиёр энтикиб кетади киши. Ва буларнинг бари биргина объектив, ижодий ҳамкорлик самараси ўлароқ юзага чиққанига таҳсин ўқийсиз. Бу фильмни мамлакат телеканаллари орқали томоша қилаётган юртдошларимиз Шаҳрисабз тарихи, кечаги ва бугунги куни ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлишлари табиий.
Ғайрат Пўлатовнинг диққат марказида турадиган яна бир мавзу бор. Бу – атроф-муҳит муҳофазаси ва экология масалалари. Илк яратган фильми табиат манзаралари, юртимизнинг бетакрор иқлими билан боғлиқ бўлган бўлса, кейинчалик у табиат муҳофазаси, сувни асраш каби мавзуларга алоҳида эътибор қарата бошлади. “Дарёлар нажот сўрайди”, “Кўҳна Анҳор нидоси”, “Мироб” каби фильмлари худди шу мавзуда.
София Узоқова шеъри асосида суратга олинган “Кўҳна Анҳор нидоси” фильми сувни ифлослантириш, уни беқадр қилишдан қайтаришга бағишланган бўлса, икки-уч дақиқалик яна бир ролик сувни тежаш масаласига қаратилган. Сувга ирғитилаётган чиқинди, дам олиш масканларида дарё-анҳорларга хўжасизларча қилинаётган муносабат, “баклашка”лар йиғилиб, уюм-уюм бўлиб ётган сув ҳавзаларининг ачинарли аҳволи кишида ташвиш уйғотади.
- Тасаввур қилинг: катта шаҳар, хонадонларда сув жўмракдан кечаю кундуз оқиб туради, - дейди Ғайрат Пўлатов. – Аммо шундай жойлар ҳам борки, аҳоли тоза ичимлик сувини ер тубидан, 100 метр чуқурликдан тортиб олади. Мен бунга ўзим гувоҳ бўлганман. Сувнинг қадрини ана шундай жойларда яшаётганлар билишади. Биз ижодкорлар эса буни бошқаларга етказишимиз, таъсирли йўллар, усуллар билан табиатни асраш, сувни тежашга одамларни ўргатишимиз керак, деб ўйлайман.
Экранда аввалига ошхонада жўмракни очиб қўйиб, бемалол идиш юваётган, бироздан сўнг эса сувни очиқ ҳолда қолдириб, ўзи телевизор томоша қилишга кириб кетган келинчак, кейин эса иссиқ, жазирама чўлда қудуқдан сувни минг машаққат билан, эшак ёрдамида юз метр чуқурликдан тортиб чиқараётган яна бир жувон гавдаланади. Сув каби ноёб неъматнинг қадрини англатишга шу қисқагина ролик етарли. Дарвоқе, айнан шу мавзуга бағишланган фильмлари, ижодий ишлари туфайли Ғайрат Пўлатов яқиндагина ўтказилган XV республика экожурналистлар танловида тедевидение йўналиши бўйича ғолиб деб топилди.
- Аммо бу биринчиси эмас, - деб изоҳ беради унинг ўзи. – Аввал ҳам худди шу танловнинг “Сув бу – ҳаёт” номинациясида ғолиб бўлгандим. Агар бу фильмларим юртдошларимизда табиатга бўлган, сувга бўлган муносабатни бироз бўлса ҳамки ўзгартиришга туртки бўлса, мен ўз мақсадимга эришган бўлардим.
Ижодкорнинг келгуси режалари билан қизиқдим. У эндиликда болалар учун фильмлар ишлаш ниятида экан. “Мавзу албатта яхшилик, меҳр-оқибат, табиатни асраш, атроф-муҳитга тўғри муносабатни шакллантиришга қаратилади”, дейди Ғайрат Пўлатов.
Демак, объектив яна ишга тушади ва ҳозирда тумандаги мактаб-коллежларда намойиш қилинаётган, Ғайрат киночи ижодига мансуб “Уришқоқлар”, “Она юрт қадри” сингари тарбиявий аҳамияти юқори фильмлар сони тағин ортади. Биз эса ижодкорга омад ва илҳом ёр бўлишини тилаймиз...
Хуршида АБДУЛЛАЕВА
Муаллиф олган сурат.