Брифинг
Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қашқадарё вилояти филиали томонидан 2024 йил давомида амалга оширилган ишларга бағишланган брифинг ташкил этилди.
Таъкидландики, давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларга танловлар ўтказиш йўли билан муносиб кадрларни саралаб олиш мақсадида 2024 йилда вилоятимизда 3,5 мингга яқин танлов эълон қилиниб, ғолиб деб топилган 1,5 минг нафар фуқаро тегишли ташкилотларда ўз фаолиятини олиб бормоқда. Айни пайтда 200 га яқин вакант лавозимига платформа орқали эълон қилинган танловлар турли босқичда олиб борилмоқда. Танловларда эркин ҳужжат топшириш учун яратилган тенг имкониятлар туфайли айрим танловларда бир вакант лавозим учун номзодлар сони ўртача 15-20 нафарни ташкил этмоқда. Бу эса номзодлар ўртасида кучли рақобат муҳитини уйғотиб, ташкилот ва идоралардаги вакант лавозимларга энг муносиб кадрларни жалб этиш имконини бермоқда.
Шунингдек, салоҳиятли ва истиқболли кадрлар захиралари учун номзодлар саралаб олиниб, босқичма-босқич уларнинг малакаси оширилмоқда. Жорий йилда юқори лавозимларга тайинловларнинг 35 нафари юқоридаги захиралар таркибидан амалга оширилди.
Давлат фуқаролик хизматчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, шунингдек, меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун шарт-шароитлар яратилганлиги ҳолати ўрганиб борилмоқда. Жорий йилда ушбу ҳолат бўйича камчиликлар аниқланган бошқармаларга тақдимномалар киритилиб, 10 га яқин ҳолатда тегишли ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликда бу камчиликлар ўз вақтида бартараф этилди.
Шунингдек, брифингда давлат фуқаролик хизматчиларининг малакаси, билим ва кўникмаларини ошириш, уларни саралаш ва интеллектуал танловларга жалб қилиш мақсадида “Билимлар беллашуви” ва “Энг фаол китобхон давлат фуқаролик хизматчиси” каби танловлар ўтказилганлиги хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.