Бироқ таҳлилларга назар ташлар эканмиз, қайсидир жиноят турлари ойда-йилда бир содир этилса, айримлари доимийлик касб этган. Мисол учун, фоҳишалик, қўшмачилик, қиморбозлик, гиёҳвандлик каби иллат домига тушганлар мунтазам учраётгани бу борада тушунтириш-тарғибот ишларини янги шакл ва мазмунда олиб боришни тақозо этади. Буни биргина жорий йилнинг февраль ойида аниқланган ҳолатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Хусусан, Қарши туманилик, 1990 йилда туғилган Г.М. Қарши шаҳар Пахтазор миттитуманида ижарада турувчи, 1995 йилда туғилган М.Ш. билан 10 минг сўм пул эвазига жинсий муносабатга киришиб, фоҳишалик қилган.
Деҳқонобод тумани Истиқлол маҳалласида яшовчи Б.Б. (ҳайф эркак деган ном) Ғузор туманида яшовчи олдиндан таниш бўлган аёл Ф.Р.ни ўз яшаш хонадонига чақириб, фоҳишахона ташкил этган. О.Худойназаровдан 20 минг, Д.Бобоқулов, М.Маматов ҳамда Б.Исроиловдан 30 минг сўмдан, жами 110 минг сўм пул олиб, қўшмачилик қилган.
Чироқчи тумани марказида жойлашган “Сарбон баракаси” буюм бозори қоровулхонасида Ғузор тумани Туртсари қишлоғида яшовчи, 1978 йилда туғилган Н.Э. чироқчилик Х.Д.га 50 минг сўм пул эвазига “хизмат кўрсатган”.
Қарши тумани Қорақуччи қишлоғидаги дала майдонида Ғузор тумани Батош қишлоғида яшовчи, 1990 йилда туғилган Г.Б. Қарши шаҳрида яшовчи Ш.А. билан 20 минг сўм пул эвазига интим муносабатга киришган.
Косон тумани Пистали қишлоғида яшовчи, 1988 йилда туғилган, Китоб тумани “Кифти-об” меҳмонхонасида қоровул бўлиб ишловчи Ж.А. ушбу меҳмонхонада Н.Д. ва М.Ў.га шароит яратиб, қоровуллик касби ёнига қўшмачи деган ном орттирди.
Китоб тумани Гулистон МФЙ Буюк ипак йўли кўчасида яшовчи, 1952 йилда туғилган Б.Х. яшаш уйидаги ҳаммомда Э.Т. ва Д.А.ни вақтинчалик “жой” билан таъминлаган.
Албатта, хулқи бузуқ, юзи қора бу кимсалар қонун олдида жавоб беришди. Бироқ қисқа вақт учун бу ҳолатлар кўпдай эмасми? Албатта, кўп. Афсуски, нафснинг бузуқ кўчасидан юришни одат қилганлар бемаъни хулқи ортида жамиятда маънавий таназзул юзага келишини хаёлга келтиришмайди.
Ёки айни йигитлик ғайратини ўқиб-изланиб, ишлаб, касб-ҳунар ўрганишга сарфлаши керак бўлган йигитлар қимматли вақтини қимор ўйнаб ўтказаётганини қандай тушунса бўлади? Бу нима, тўқликка шўхликми, ё тер тўкмай, меҳнатсиз пул топишга уриниш?!
Бу саволнинг жавобини Чироқчи тумани Дам маҳалласида яшовчи Ю.Э. хонадонида жам бўлган М.Ибодуллаев, Н.Юсупов, Ш.Юсупов, А.Қўшақов, А.Жовлиев, Р.Жалилов ва Б.Аллановдан сўраш керакдир. Балки улар таваккалчиликка асосланган ҳолда пул тикиб қимор ўйнаётганликлари сабабини аниқ изоҳлашар?
Нима бўлганда ҳам молиявий зарар етказиши баробарида кишилар ўртасида зиддият пайдо қилгани боис бундай “ўйин”лар жавобгарликка сабаб бўлади.
Қарши шаҳар Рогузар маҳалласида яшовчи, 1986 йилда туғилган С.М.нинг уйини банд қилган Ш.Ўткиров, Б.Сатторов, С.Джураев, Ш.Ачилов, В.Юсупов, Й.Усмонов, С.Рамазонов ва М.Рўзиевни, Чироқчи тумани Чоштепа маҳалласилик Ў.Исоқов ҳамда Кишмиштепа маҳалласида яшовчи П.Суюновни ҳам айнан қиморбозлик қонун билан юзма-юз қилди. Китоб тумани Қашқадарё МФЙ Минжир қишлоғида яшовчи О.Ражабовнинг уйи ҳам таваккалчи-ўйинчиларнинг маконига айлантирилгани сабаб тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Мавжуд қонунчилигимизга кўра, ресторан, кафе, бар, клуб, дискотека, кинотеатр, компьютер заллари, интернет хизматлари ва бошқа кўнгил очиш (дам олиш) жойларининг раҳбарлари ёхуд бошқа масъул шахслари томонидан вояга етмаган шахснинг тунги вақтда ота-онасидан бири ёки унинг ўрнини босувчи шахс кузатувисиз кўрсатилган муассасаларда бўлишига йўл қўйилмайди.
Бироқ Қарши тумани Ниёзмудин қишлоғида яшовчи Сафарбек Рўзиев ўзига тегишли савдо шохобчасида компьютер ўйинлари ташкил қилиб, кеч соат 23:00 да Пармитон қишлоғида яшовчи, 2002 йилда туғилган Э.Йўлдошев ва Б.Махмудовнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг назоратисиз компьютер хонасида бўлишига йўл қўйган. Шунинг учун жавобгарликка тортиш хусусида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Китоб тумани Паландара МФЙ Офтобруя қишлоғида яшовчи, 1963 йилда туғилган, муқаддам 1996 йил 23 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан судланган Ғ.Рахмонов эса тумандаги деҳқон бозори чорраҳасида гугурт қутига жойлаштирилган яшил рангли ўткир ҳидли қуритилган ўсимликни марихуана деб 100 минг сўмга сотаётган вақтида ушланган. Унга нисбатан Жиноят кодекси 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Шаҳрисабз тумани Мўминобод ҚФЙ Шанби қишлоғида яшовчи, 1963 йилда туғилган Б.Овлаев Китоб тумани Хайробод қишлоғида яшовчи, 1986 йилда туғилган Ғ.Дўстовга гугурт қутига жойланган яшил ўткир ҳидли қуритилган ўсимликни сотаётгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳолатларнинг бири ахлоқсизлик, бошқаси бузуқ нафсга оид бўлса, яна бири кўнгил майлига эрк беришдан, бириси пулдан бошқа нарса кўзга кўринмаслигидан келиб чиқаяпти. Бундан кўринадики, айни шу масалаларда бўш жойимиз бор. Шу жойда нимадир етишмаяпти. Балки тарғибот, балки жавобгарликнинг кескинлиги. Энг ёмони шуки, галдаги профилактика тадбирларида ҳам бу каби ҳолатлар яна учрайди. Демак, ҳуқуқбузарларни ҳадеб қайд қилавериш эмас, профилактика тадбирларида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш ҳам зарур.
Н.ХЎЖАЕВ