Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Китоб тумани Халқ қабулхонасига жорий йилнинг май ойида фуқаролардан 380 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 43 таси оила ва алимент масалаларига тегишли бўлса, 26 таси пенсия таъминотига оид мурожаатдир.
Эътиборли томони, бу мурожаатларнинг деярли барчасида маҳалла ва туман доирасида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар кўтарилган. Агар мутасадди идоралар масъуллари ўз вазифаларига сидқидилдан ёндашса, бу каби мурожаатларнинг ёзилишига ўрин қолмаган бўларди. Яна бир томондан эса фуқароларнинг қайси масалада қаерга ва кимга, қай тартибда мурожаат қилиши кераклиги, ишнинг ҳуқуқий асосларидан тўла хабардор эмаслиги ҳам мурожаатларнинг сони ортишига омил бўлмоқда.
Айтайлик, никоҳдан ўтиш мақсадида ФҲДЁга ариза билан мурожаат этган йигит ва қизнинг бири қонун билан белгиланган ёшга тўлмаган бўлса, табиийки, бу орган уларнинг аризасини рад этади. Бу вақтда ўша органдаги масъул шахс аризани рад этгани учун шикоят нишонига айланмаслиги керак. Чунки Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига асосан, мамлакатимизда никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз, аёллар учун эса ўн етти ёш этиб белгиланган. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими томонидан никоҳ ёши кўпи билан бир йилга камайтирилиши мумкин. Демак, йигит ва қиздан бирининг ёши етмаётган бўлса, томонларнинг арзирли сабаби ёхуд илтимосига кўра никоҳни қайд этиш ФҲДЁнинг ваколатига кирмайди. Бу иш никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими қарори билан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ёхуд никоҳдан ажратиш масаласи ҳам шундай. Масалан, никоҳларини бекор қилишга қатъий қарор қилган оила ФҲДЁнинг ўзида никоҳдан ажратилиши мумкин. Боиси, Оила кодексининг 42-моддаси биринчи бандига асосан, вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, уларнинг никоҳи фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари томонидан бекор қилиниши мумкин. Аммо томонлар ўртасида мол-мулк ёки бошқа бирор масалада низо бўлган тақдирда, бу ишни амалга ошириш ФҲДЁнинг ваколатига кирмайди. Юқоридаги модданинг иккинчи бандида бу ҳақда ҳам кўрсатиб ўтилган: “Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли”.
Эр-хотиндан фақат бирининг аризаси бўйича никоҳдан ажратиш эса ФҲДЁ томонидан қуйидаги ҳоллардагина амалга оширилади: агар эр-хотиндан бири суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса; суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса; содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъи назар никоҳдан ажратилади.
Бордию болалар ҳақида, эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр (хотин)га таъминот бериш учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд бўлса, уларни никоҳдан ажратиш фақат суд тартибидагина амалга оширилиши мумкин.
Алимент масаласида ҳам қонун билан белгилаб қўйилган тартиб-тамойиллар мавжуд. Айтиб ўтиш жоиз, алиментнинг ким томонидан ва кимга тўланишига қараб бир нечта турлари мавжуд бўлиб, биз фақат ота (она) томонидан вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз фарзандларига тўланадиган алимент хусусида тўхталамиз.
Ота-она ҳамда болаларнинг алимент ҳуқуқи ва мажбуриятлари Оила кодексининг 14-бобида ўз ифодасини топган. Жумладан, мазкур кодекснинг 96-моддасига асосан, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Алиментнинг қандай тартибда ва миқдорда тўланишига келсак, бу аввало алимент олувчи ва тўловчи томоннинг келишуви асосида бўлади. Лекин ота (она) вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий бажармаса, ундирув суд тартибида амалга оширилади. Суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун - тўртдан бир қисми; икки бола учун - учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун - ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак.
Назаримда, шу ҳақдаги мурожаатлар моҳиятидан келиб чиқиб алиментнинг энг кам миқдорини қайта кўриб чиқиш зарур. Чунки уларнинг аксариятини алимент миқдорининг камлиги, баъзи алимент тўловчилар хусусий корхоналар ва фермер хўжаликларидан кам миқдорда иш ҳақи олиши тўғрисидаги маълумотларни судга тақдим қилиши ҳамда бошқа даромадларини яшираётганлиги тўғрисидаги мурожаатлар ташкил этади. Агар алиментнинг энг кам миқдори бироз баланд бўлса, тўловчи томоннинг бундай йўл тутишига ҳожат қолмайди.
Шунингдек, халқ қабулхоналарига бўлаётган мурожаатлар орасида пенсияга оидлари ҳам салмоқлигина. Бунинг сабаби ҳам фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисида тўлиқ маълумотга эга эмаслигида, деб биламан. Шу боис бу масалага ҳам тўхталиб ўтсак. Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига асосан эркаклар 60 ёшга тўлганда ва камида 25 йил иш стажига эга бўлганда, аёллар 55 ёшга тўлганда ва камида 20 йил иш стажига эга бўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади. Фуқаро пенсия ёшига етган ва камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда пенсия бор стажига мутаносиб миқдорда тайинланади. Етти йилдан кам стажга эга бўлган эркакларга 65 ёшдан, аёлларга 60 ёшдан ёшга доир пенсия тайинланади.
Иш стажи камида етти йил бўлган фуқароларнинг 1-гуруҳ ногиронига, 16 ёшгача бўлган ногирон болага ва ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турган вақти пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисобланади. Болаликдан ногирон болаларни саккиз ёшгача тарбиялаган ва иш стажи камида 20 йил бўлган аёллар 50 ёшдан имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга. Ёшга доир, ногиронлик ёки боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлганларга ўзлари танлаган битта пенсия тайинланади.
Хуллас, қонунларимизда ечими йўқ масаланинг ўзи йўқ. Агар фуқароларимиз ҳам ўзларини қийнаётган мурожаатнинг моҳияти билан қизиқиб, унинг қай тартибда ҳал этилиши кераклиги, ҳуқуқий асослари ҳақида етарли маълумотга эга бўлса, ўз навбатида давлат идоралари ва ташкилотлар масъул ходимлари ҳам мурожаатлар билан ишлашда тўла қонуний асосда иш юритса, бу борада турли тушунмовчиликлар, идорама-идора юришларга ўрин қолмаган бўларди.
А.ОМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Китоб тумани Халқ қабулхонаси мудири