- 6 боб, 38 моддадан иборат янги таҳрирдаги қонуннинг энг муҳим янгилиги – унинг амал қилиши давлат иштирокидаги ташкилотларга нисбатан ҳам татбиқ этилишидир, - дейди Азамат Бекмаматов. – Эндиликда мурожаатларга нисбатан талаблар бир хил бўлади, уларни кўриб чиқишда қоғозбозлик ва сансоларликка йўл қўйилмайди. Масалан, илгари фуқаро ўз мурожаатида уч ёки тўртта масалани ҳал қилишни сўраган бўлса, амалда эса унинг фақат битта талаби кўриб чиқилар, шу билан мурожаат қаноатлантирилган, дея “ёпиб” юбориларди. Бу яна мурожаатлар сони кўпайишига, оворагарчиликка сабаб бўларди. Буни бартараф этиш мақсадида қонунга “тўлиқ кўриб чиқиш” деган алоҳида талаб киритилди. Талабми, демак, у бажарилиши шарт.
- Қонуннинг янги таҳририга “электрон мурожаат” тушунчаси ҳам киритилган. Бунда фуқаролар манфаатлари нечоғлик ҳисобга олинган?
- Аввал электрон мурожаат учун электрон рақамли имзо талаб қилинар ва бу мурожаат қилишни анча чегаралаб қўярди. Чунки электрон рақамли имзо олишнинг ўзи алоҳида тартиб-таомилни талаб қилади. Шунинг учун қонундан “электрон рақамли имзо билан тасдиқланган бўлиши керак”, деган талаб чиқарилди. Албатта, бу жуда катта қулайлик бўлиб, фуқароларнинг узоғини яқин қилишга, маблағи тежалишига, оворагарчиликларнинг олди олинишига замин яратади.
Шу билан бирга, мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш мақсадида давлат органлари, ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари ўз виртуал қабулхоналарини ташкил этиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, оғзаки мурожаатлар реал вақт режимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, жумладан, давлат органлари, ташкилотларнинг ишонч, тезкор алоқа телефонлари орқали ва видеоконференцалоқа воситасида ҳам берилиши мумкин.
- Оммавий қабуллардаги мурожаатларни қайд этиш тартиби қандай?
- Оммавий қабулларда кўп ҳолларда фуқаролар оғзаки мурожаат қилишади. Ўз навбатида кўплаб масалалар жойида ҳал этилмоқда. Шунинг учун бундай қабул вақтида берилган ва жойида ҳал этилган оғзаки мурожаатни рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди. Чунки унинг натижаси ҳаммага аниқ бўлади. Фақат мурожаат билан боғлиқ маълумотлар оммавий қабул баённомасида қисқача келтирилиши мумкин.
Эндиликда оммавий қабул ҳовлиларга (квартираларга), бошқа биноларга ва жойларга бирма-бир кириб чиқиш орқали ҳам ўтказилиши мумкинлиги эса яна бир янгиликдир.
- Агар мурожаат бир неча киши томонидан йўлланган бўлса, жавоб хати кимга берилади ёки уларнинг ҳар бирига алоҳида жўнатилиши керакми?
- Агар жамоавий мурожаатда жавоб хатини аниқ бир шахсга юбориш талаб этилмаган бўлса, мурожаат қилувчиларнинг рўйхатида биринчи кўрсатилган шахсга жўнатилади.
- Қонунда мурожаатлар ариза, шикоят ва таклиф кўринишида бўлиши айтилган. Агар ташкилотга бундан бошқача мазмундаги, масалан, табрик ёки таклифнома, ё бўлмаса миннатдорлик мазмунидаги мактуб келса, улар қай тарзда ҳал этилади?
- Мурожаатлар турларига киритилмаган бундай хатларни кўриб чиқиш давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан уларнинг ўз ихтиёрига кўра амалга оширилади.
- Биламизки, айрим кишилар тўлақонли жавоб берилганига қарамасдан қайта-қайта мурожаат этишдан тўхташмайди. Демак, уларга мурожаат қаноатлантирилганини қонуний йўл билан тушунтириш керак. Умуман, қандай ҳолатда мурожаат кўриб чиқилган, деб ҳисоблаш мумкин?
- Мурожаат, агар унда қўйилган барча масалалар қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирда, кўриб чиқилган ҳисобланади.
Агар яна қайта мурожаат қилинадиган бўлса ва унда янги важлар ёки янгидан очилган ҳолатлар келтирилмаган бўлса, илгариги мурожаат материалларида эса текширувларнинг тўла-тўкис материаллари мавжуд, мурожаат қилувчига белгиланган тартибда жавоблар берилган бўлса, мурожаат қилувчи такрорий мурожаатнинг асоссизлиги ва ушбу масала юзасидан у билан ёзишмалар тугатилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилинади. Шундан кейин ҳам, яъни ёзишмалар олиб бориш тугатилгани маълум қилингандан кейин ҳам яна такрорий мурожаат келиб тушадиган бўлса, бундай мурожаатни кўриб чиқиш мурожаат қилувчи бу ҳақда хабардор қилинмасдан тугатилади.
Шу билан бирга, агар мурожаат қилувчи ўз мурожаатини белгиланган тартибда чақириб олган ёки уни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида илтимос қилган бўлса, яшаш жойи, турган жойи (почта манзили), электрон почта манзили ёки бошқа реквизитлари ўзгарганлиги тўғрисида ўз вақтида хабардор қилмаганлиги туфайли чақиришнинг имкони йўқ ва мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти бўлмаса, шунингдек, давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахси томонидан чақирилган мурожаат қилувчи келмай қолган тақдирда, агар мурожаат қилувчи жисмоний шахс вафот этганидан сўнг мурожаатни кўриб чиқиш ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса, мурожаатни кўриб чиқиш тугатилади.
Мурожаатни кўриб чиқиш уни чақириб олиш тўғрисидаги ариза бўйича тугатилганда, мурожаат мурожаат қилувчига давлат органининг, ташкилотнинг ёки улар мансабдор шахсининг хати билан бирга уч кун ичида қайтарилади. Мурожаатни чақириб олиш тўғрисидаги ариза қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.
Агар мурожаатни кўриб чиқиш давомида унинг дубликати келиб тушса, у аввал келиб тушган мурожаат билан биргаликда кўриб чиқилади. Агар дубликат мурожаат кўриб чиқилганидан ва жавоб юборилганидан кейин келиб тушса, бу ҳақда давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчини тегишли тартибда хабардор қилади.
- Кўринаяптики, мурожаатлар билан ишлашга масъул бўлган ходим зиммасида катта масъулият бор.
- Шуни ҳисобга олиб, эндиликда давлат органлари мурожаатлар билан иш олиб борувчи ўз ходимларини ўқитиши ва уч йилда камида бир марта уларнинг малакасини ошириши кўзда тутилди. Мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимларга нисбатан қўйиладиган талаблар, шунингдек, уларни ўқитиш ва малакасини ошириш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Яна бир маълумот. Энди мурожаатлар ҳар чоракда умумлаштирилиб, таҳлил қилинади (аввал бир йилда камида бир марта эди). Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра тузилган маълумотномалар (шарҳлар) тегишли давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
Умуман олганда, мамлакатимизда мурожаатлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтилмоқдаки, кўламли ислоҳотлар замирида давлат идораларининг халқимизга хизмат қилиш принципи мужассам.
Н.ХЎЖАЕВ суҳбатлашди.