Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ислом ХУШВАҚТОВ

06.11.2017


ҚАЙТА ТИКЛАНУВЧИ ЭНЕРГИЯ МАНБАЛАРИ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО АМАЛИЁТ

Дунё бозорида нефть нархининг пасайишига қарамасдан 2016 йилнинг ўзида дунё бўйича мазкур соҳа ривожига 2 триллион доллар йўналтирилган. Қайта тикланувчи энергетика бугунги кунда йирик иш берувчи соҳага айланган бўлиб, соҳада 7,7 миллион ишчи фаолият олиб боради.

2016 йилда Германияда энергетика тизимида ишлаб чиқарилган энергиянинг 41 фоизи қайта тикланувчи энергия манбаларидан олинган бўлиб, ушбу кўрсаткич Данияда 50, Кореяда 22, Японияда эса 19 фоизни ташкил этган.

Гарчи қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини харид қилиш ва ўрнатишга дастлаб катта маблағ талаб этилса-да, улар кейинчалик иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди. Бундай қурилмалардан ишлаб чиқариладиган энергия харажатлари йилдан-йилга пасайиб боради. Аксинча, анъанавий углеводород ёқилғи бойликларини қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш харажатлари эса кўтарилиб боради.  

Хўш, қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги муваффақиятларнинг бош сабаби нимада? Германияда бугунги ҳолатдаги умумий энергия ишлаб чиқаришнинг катта қисмини қайта тикланувчи энергетика ташкил этиши заминида фуқаролик жамиятининг фаоллиги ҳал қилувчи туртки бўлди. Бундан 30 йил олдин фуқаролик жамияти    институтлари ҳукуматга қайта тикланувчи энергетика соҳасини ривожлантириш таклифини киритган эди.

Фуқаролик институти вакили Ханс-Йозеф Фелл 1998-2013 йиллар давомида Германия парламентида “Яшиллар партияси”нинг энергетика сиёсати бўйича спикери лавозимида фаолият олиб борган. У Германияда қайта тикланувчи энергетика соҳасини ривожлантиришнинг ягона манбаи - “яшил тариф” тизими жорий этилишининг архитектори, яъни асосчиси ҳисобланади. Бугунги кунда у асос солган “яшил тариф” дунёнинг 60 дан ортиқ давлатида ишламоқда.

 2000 йилдан “яшил тариф” тизимининг қонунчиликда мустаҳкамланиши тадбиркорларнинг мазкур соҳага йирик миқдорда инвестиция киритишларига ҳуқуқий асос бўлди. Бугунги кунда немис тадбиркорлари қуёш ва шамолдан энергия олиш жараёнларидан катта миқдорда даромад олмоқда.

Чернобиль ва Фукусима АЭСларида рўй берган фожиалар эса Германия жамоатчилигининг АЭСлар фаолиятига, ҳукуматга нисбатан эътирозларини келтириб чиқарди. Шу сабабли ҳукумат 2022 йилгача мавжуд АЭС фаолияти буткул тўхтатилишини эълон қилди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатда қайта тикланувчи энергетиканинг жадал ривожланишига замин яратди.  

Хитойда эса қайта тикланувчи энергетика соҳасининг ривожланишида электр энергияси тақчиллиги кичик туртки бўлди. Иқтисодиётнинг кескин даражада юксалиши, ҳукуматни мамлакатда энергия ишлаб чиқариш учун имкон бўлган барча энергия манбаларидан максимал фойдаланишга мажбур этди. Сўнгги йилларда Хитойнинг кўмир энергетикаси ривожланган йирик шаҳарларида атмосфера ҳавосининг кескин ифлосланиши иссиқлик электр станцияларининг (ИЭС) ёпилишига сабаб бўлди. Хитой бир йилда атроф-муҳитга офат даражасида таъсир кўрсатадиган 4 миллиард тонна кўмир истеъмол қилади.  

  Гарчи Хитой иқтисодий юксалишида кўмирнинг ўрни юқори бўлса-да, замонавий инновацион иқтисодиёт энергиянинг муқобил манбаларини яратишни тақозо этди. 2006 йилда шамол, 2013 йилда қуёш энергиясидан унумли фойдаланишга ўтилди.

2016 йилда кўмирдан фойдаланиш 10 фоизга қисқариши натижасида атроф-муҳитга 300 миллион тоннадан ортиқ зарарли ташлама ва чиқиндилар чиқарилишининг олди олинган. Мамлакатнинг айрим индустриал шаҳарларида, хусусан, Пекинда кўмирдан фойдаланиш 2020 йилдан батамом тақиқланиши белгиланган.

Европа Иттифоқида 2020 йилда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида 2,8 миллион иш ўрни яратилиши, қайта тикланувчи энергия индустриясининг иттифоқ ялпи ички маҳсулотидаги ҳиссаси  1,2 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, ишлаб чиқаришнинг энергия сиғимини қисқартириш, илмий-техникавий ишланмалар ва синовдан ўтган халқаро энерготежамкор илғор технологиялар тадқиқотларини амалиётга мақсадли жорий этиш борасида белгиланган муҳим йўналишларни рўёбга чиқариш мамлакатимизда ташқи ва ички таъсирга барқарор миллий энергетика тизимини яратиш имконини  яратади.

Ислом ХУШВАҚТОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси аъзоси

Report typo