Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

15.01.2021


Ҳайвонлар учун коронавирусга қарши вакцина тайёрлашга киришилди

Фин олимлари қоракузан (норка) ва енотсимон ҳайвонлар учун коронавирусга қарши вакцина яратишни ўз зиммаларига олишди. Унинг клиник синовлари бир неча ойларни талаб қилиши мумкин, дея хабар қилади DW манбаси Финляндиянинг "Fifur" мўйначилик уюшмаси маълумотларига таяниб.

Препарат ишлаб чиқишга киришган тадқиқотчилар гуруҳига Хельсинки университети олимлари ҳам қўшилган. Гуруҳ раҳбари доцент Тарья Сироннинг қайд этишича, "Ковид-19" нафақат одамлар учун хавфли, балки уни қишлоқ хўжалиги ҳайвонларидан тортиб, мўйналилар ўртасида тарқалишини ҳам зудлик билан тўхтатиш жуда муҳим.

Маълум қилинишича, ҳозирда Финляндиянинг чорвачилик фермаларида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кузатилмаган. Бироқ, Данияда SARS-CoV-2 билан оммавий зарарланиш қайд этилгани боис 15 миллион мўйнали ҳайвон, жумладан, қоракузанлар йўқ қилинди. Шунингдек, мамлакатда 2021 йил сўнгига қадар мўйнали ҳайвонларни парваришлаш тақиқланди.     

Эслатиб ўтиш жоиз, Нидерландиядаги қоракузанлар боқиладиган фермада ишловчи эркак ушбу ҳайвонлардан коронавирус юқтириб олгани аниқланган. Ўшанда тадқиқотчи олимлар гуруҳи "AstraZeneca" инглиз-швед компаниясининг AZD1222 вакцинаси самарадорлигини оғмахон (хомяк)да синаб кўришганди. Томчилатиб бурундан юборилган эмлаш натижасида кемирувчининг организмида вирус юкламаси сезиларли камайгани, ўпкасида эса инфекция умуман йўқлиги аниқланган. Бу борадаги ўхшаш ва умидлироқ натижа макакалар устида ўтказилган тажрибаларда олингани айтилади.

Report typo