Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сожида АЛЛАЁРОВА

22.02.2019


АЙЗАБОДДА "ОЛИМПИЯ САРИ" СПОРТ КЛУБИ ИШ БОШЛАЯПТИ

Вилоятимиздаги "Соғлом ҳаёт" жисмоний ва руҳий соғлиқни ҳимоя қилиш ва тиклаш маркази" нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан туман "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, халқ таълими туман бўлими ва Айзабод маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда ташкил этилган бу спорт клубида аҳоли орасида соғлом ҳаёт тамойилларини тарғиб қилиш, хусусан, ёшлар орасида спортнинг кураш, гимнастика, улоқ-кўпкари, шахмат-шашка ва бошқа турлари, халқ ўйинларини ривожлантириш орқали ўқувчиларнинг республика ва халқаро мусобақаларда, Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионатларида иштирокини таъминлаш мақсад қилинган.

Айни дамда машғулотлар ўтказиладиган спорт зал таъмирланиб, 20 миллион сўмлик керакли спорт анжомлари, жиҳозлар келтирилди. Клубда 3 нафар спорт мутахассиси қатнашчиларнинг қизиқишларига кўра машғулотлар олиб бораётир.

- Лойиҳа чекка қишлоқда яшовчи кексаю ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари билан шуғулланиши, бўш вақтини унумли ва мароқли ўтказиши учун рўёбга чиқарилмоқда, - дейди лойиҳа ташаббускори, "Соғлом ҳаёт" жисмоний ва руҳий соғлиқни ҳимоя қилиш ва тиклаш маркази нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Баҳодир Тилаков. - Зеро, ёшларнинг иродали, сабрли, қийинчиликларни енгувчи, ғалабага интилувчан бўлиб вояга етишида спортнинг ҳиссаси катта.

Эътиборли жиҳати, бу хайрли ташаббус Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ажратилган давлат гранти ҳисобидан ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Маълумот учун, Айзабод маҳалла фуқаролар йиғинида 4 минг 931 нафар киши яшаётган бўлса, шундан 2,7 мингдан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

Сожида АЛЛАЁРОВА

Report typo