Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

18.09.2018


АКА ЎЗ УКАСИГА ҚАСД ҚИЛДИ

Аслида Мирзаевлар оиласи маҳалладаги тинч, ибратли оилалардан бири эди, агар шу воқеа содир бўлмаганда.

Гап шундаки, 1978 йилда туғилган Рашид Мирзаев анча йил муқаддам ота-онасидан алоҳида бўлиб, кўчиб чиққанди. Укалари Жавлон ва Жаҳонгир Мирзаевлар эса ота ҳовлисида бирга яшашган.

Шу куни роса ичиб, ўзини билмайдиган ҳолга келган Рашид ота уйига йўл олади. Бу ерда эса укаси, 1985 йилда туғилган, тумандаги 38-ўрта таълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаётган Жавлон билан тортишиб қолди. Ака-ука ўртасидаги жанжалнинг авж олаётганини кўрган кичик ука, 1992 йилда туғилган Жаҳонгир уларни ажратиб, Рашид акасини уйига жўнатиб юборди. Аммо ичкилик     исканжасида ғазабини жиловлай олмаётган, укасига нисбатан   нафрати  аланга олган Рашид уйига бориб, ошхона пичоғини қўлига олганча яна отасиникига томон йўл олади.

Аксига олиб бу сафар унга укаси Жавлоннинг ёлғиз ўзи рўбарў келди. У муроса қилиб, акасини кайфи тарқаган вақтда гаплашиб олишга чақирмоқчи эди, лекин улгурмади. Рашиднинг қўлидаги пичоқ тўсатдан кўксига келиб қадалгач, ерга қулади...

- Бу воқеага кишининг ишонгиси келмайди, - дейди Қумбанги маҳалла фуқаролар йиғини посбони Бекзод Ҳазаров. – Чунки, бу оилада бирор маротаба муаммо бўлган эмас. Маҳалламиздаги тинч, намунали, обрў-эътибори бор оилалардан бири эди. Тўғри, жиноятга мойил, қандайдир тортишувлар, низолар бўлиб турадиган оилалар билан мунтазам равишда иш олиб борамиз, лекин Мирзаевлар оиласига оид бундай хабарлар ҳеч қачон маҳаллага етиб келмаган. Шу воқеадан сўнг ҳам оиланинг барча аъзолари билан суҳбат олиб бордик. Улар ҳам ака-уканинг ўртасида аввал ҳеч қандай келишмовчилик ёки адоват бўлмагани, Рашид маст ҳолда ўзини идора эта олмай, шу ишга қўл урганини айтишмоқда.

Ҳа, атрофдан қараганда тинч, ўзгалар наздида намунали хонадонда ҳам ана шундай мудҳиш жиноят содир бўлди. Демакки, оилада, ака-укалар ўртасидаги муносабатда ташқарига кўринмай туриб, ичидан дарз кетган ёриқлар бўлган. Жиноят юзага келишига ҳам ана шу ёриқлар сабаб бўлиши мумкин. Бунга эса энди судда ойдинлик киритилади. Ҳозирча Рашид Мирзаевга нисбатан жиноят иши очилиб,  тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Report typo