Унда ушбу олий ўқув юрти ўқитувчилари, бир гуруҳ талаба-ёшлар иштирок этишди.
Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад академик олимнинг илмий фаолиятини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, шу аснода уларнинг илм-фанга бўлган қизиқишини орттириш, мустаҳкам билим олишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Тадбир аввалида иштирокчилар эътиборига академик Қаландар Абдураҳмоновнинг илмий фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи видео фильм намойиш этилди.
Таъкидлаш ўринлики, Қаландар Абдураҳмонов Қашқа воҳасидан етишиб чиққан. У мамлакатимизда иқтисодиёт фани ва амалиётининг ривожига, таълим соҳасидаги интеграцион алоқаларни ривожлантириш бўйича ташкилий ва инновацион фаолиятга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган фидойи олим саналади. Домла соҳага оид бир қанча дарслик ва қўлланмалар муаллифи ҳамдир. Айни кунда у киши юртимиздаги нуфузли олийгоҳлардан бирига айланиб улгурган Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори лавозимида фаолият олиб бормоқда.
- Бугун биз талабалар учун унутилмас кун бўлди. Илмнинг энг олий таянч нуқтаси - академик даражасига эришишгача бўлган машаққатли жараённи босиб ўтган иқтисодиётчи олим билан учрашувдан катта таассурот олдим, - дейди талаба Сардор Рўзиев. – Иқтисодиёт фани ва назариясига оид бир қанча илмий услубий ҳамда дарслик сифатида фойдаланиб келаётган асосий адабиётларимизнинг муаллифи билан бугун юзма-юз мулоқотда бўлганимдан хурсандман. Зеро, соҳанинг етук мутахассиси берган билимлар, амалий маслаҳатлар биз учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.
Тадбирда юртбошимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти, унинг иқтисодий асослари хусусида ҳам сўз борди.
Худди шундай тадбир Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида ҳам ўтказилди.
Дилфуза ЖУМАЕВА