Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

26.01.2021


Академик инфарктнинг аломатлари ҳақида эслатди

Инфаркт - бу юракнинг ҳаёт учун хавфли ва бугунги кунда кенг тарқалган касаллиги. Бироқ кўпчилик унинг аломатларини яхши билмайди. Статистик маълумотларга кўра, ҳатто инфаркт билан касалланганларнинг 25 фоизини ҳеч қандай оғриқ безовта қилмайди. 

Хўш, инфарктдан қандай ҳимояланиш мумкин? Бу ҳақда тиббиёт фанлари доктори, Россия фанлар академияси академиги Юрий Беленков "Россия 1" телеканали эфирида гапирди.

Олимнинг таъкидлашича, баъзида миокард инфаркти аломатлари бошқа касалликлар панасида қолиши мумкин. Кўп ҳолларда унинг белгилари бошқа оғриқларникидан ажралиб турмайди. Чанқаш, қайт қилиш, қориннинг дам бўлиши, ич кетиши кабилар ҳам инфаркт аломатлари бўлиши мумкин. Тўсатдан қорин бўшлиғида оғриқ туришини юракни ЭКГ қилиш учун кўрсатма сифатида қабул қилиш керак.

Инфарктнинг астматик формаси юракда қаттиқ оғриқ ҳосил қилмаслиги мумкин, бунда беморда фақат нафас олишнинг қийинлашиши кузатилади. Бу эса кардиологга мурожаат қилиш учун белги ҳисобланади.

Касалликнинг бошга оид аломатлари кўп ҳолларда инсультни эслатади ва бунда беморда ҳушни йўқотиш, сўзлаш қобилиятининг бузилиши содир бўлади. Сабабсиз нафас қисиши, кучли толиқиш ва терлаш инфарктнинг яна бир аломатидир.

Шунингдек, инфаркт олдидан кишида кучсизлик, танадан ёпишқоқ совуқ тер чиқиши, титроқ, ҳаво етишмаслик ҳисси, йўтал ва бош айланиши юзага келиши мумкин.

"Инфарктнинг кўп аломатлари бор. Энг муҳими - тушкунликка тушмаслик, ўз соғлиғига эътиборли бўлиш, хавф омилларига қарши туриш. Шундай экан, чекишни ташлаш, алкоголли ичимликлар истеъмолини чеклаш, жисмоний фаоллик, соғлом овқатланиш меъёрларига амал қилиш касалликдан энг яхши ҳимоядир", дея уқтиради Юрий Беленков.

Мутахассиснинг қўшимча қилишича инфаркнинг ҳар қандай дастлабки аломатлари кузатилганда тинч ётиш ҳолатига ўтиб, дарҳол тез тиббий ёрдамга мурожаат этиш лозим.

Report typo