Ўзларини "Anonymous Колумбия" дея атовчи ҳакерлар гуруҳи мамлакат қуролли кучлари сайт ва саҳифалари блокланишига алоқадорлигини эълон қилди. Улар бу ҳаракатларини ҳукумат солиқ ислоҳотларига қарши кўп кунлик оммавий намойишлар чоғида куч ишлатганига жавобан, дея изоҳлаган.
Колумбия омбудсман идораси маълумотлари бўйича, бир ҳафтада намойишлар палласида юз берган тўқнашувлар вақтида 18 нафар намойишчи ва бир полиция зобити вафот этган ҳамда 89 киши изсиз ғойиб бўлган. Мудофаа вазирлиги эса ҳар иккала томондан жами 840 киши жабрлангани ва 431 нафар тартибсизлик иштирокчиси ушланганини хабар қилган.
"Anonymous Колумбия" президент Иван Дуке ҳукуматининг солиқ ислоҳотларига қарши намойишларда амалга оширилган қотиллик ва таъқибларни рад этаётгани учун Колумбия армияси расмий сайти ёпиб қўйилди", дейилади ҳакерларнинг Twitter блогида қолдирган хабарида.
Армия сайтини очишга бўлган уринишлар сервердан жавоб йўқлиги ортидан хато келиб чиқаётганини кўрсатаяпти. Унинг Google тизимида сақланган версиясини очиш ҳам имконсиз қолмоқда.
Энди ишчи ва талабалар ташкилотлари солиқ ислоҳотларини бекор қилиш даъвоси ёнида санитарияга оид киритилган фавқулодда ҳолатни қайта кўриб чиқиш, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, полициянинг тартибсизликларга қарши кураш бўйича Esmad бўлинмасини тарқатиб юбориш, шаҳарни қуролсизлантириб, намойишга чиққан фуқароларни ўлдиришни тўхтатиш ва айбдорларни жазолашни талаб қилаяпти.