Ҳозирги вақтда Ер сайёрасида етти миллиарддан зиёд одам яшаётган бўлса, табиийки, уларга ҳавола этилаётган ахборот ундан-да кўпроқ. Масаланинг шу томони ҳам борки, мазкур ахборотлардан қайси бири холис, қайси бири кимнинг манфаатлари учун хизмат қилаётганини англаш бир қадар мушкул.
Демак, ахборот тарқатиш, олиш ортида стратегия бор экан, уни ҳимоя қилиш, турли маълумотлар таъсири ва хуружларига қарши тура олишнинг ҳам аҳамияти айни пайтда жуда муҳим.
МАРКАЗИЙ ОСИЁДА БИРИНЧИ БЎЛИБ
Айни вақтда бутун дунёда ахборот хавфсизлиги масаласига долзарб вазифа сифатида қаралаяпти. Жумладан, мамлакатимизда ҳам ахборот хавфсизлигини таъминлаш, унинг ҳуқуқий базасини яратиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, кибертаҳдидларга қарши курашда барча давлат органлари ҳаракатлари мувофиқлаштирилаяпти. Эътиборлиси, Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасидаги халқаро хавфсизлик тизимига қўшилди. Шунингдек, республикамизда ахборот хавфсизлиги соҳасига ихтисослаштирилган хизматлар ва комплекс техник ечимларни тақдим этадиган компаниялар фаолият юритаяпти.
Таъкидлаш жоиз, ҳукуматимизнинг тегишли қарорларига мувофиқ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузурида Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази ташкил этилган.
Марказ компьютер ҳодисалари бўйича ахборотни йиғиш ва таҳлил қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлашга техник ва консультатив ёрдам бериш бўйича Ўзбекистонда ягона давлат муассасаси саналади. Мазкур фаолиятдан кўзда тутилган асосий мақсад иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва соҳаларида ахборотни ҳимоя қилишнинг замонавий воситаларини янада ривожлантириш ва кенг жорий қилишни таъминлашдан иборат. Бундан ташқари, марказ интернет фойдаланувчиларини ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ахборот хавфсизлигига таҳдидлар тўғрисида огоҳлантиради.
1988 йили Америка компьютер ускуналари ассоциацияси 30 ноябрни Халқаро ахборотни ҳимоя қилиш куни, дея эълон қилди. Бу кунни эълон қилишдан асосий мақсад барчага компьютер ахборотларини ҳимоя қилиш зарурлиги, шунингдек, дастурий воситалар ишлаб чиқарувчилар ва фойдаланувчилар эътиборини хавфсизлик масалаларига қаратишдан иборат эди.
Таъкидлаш жоиз, бежиз ушбу кунга айнан 1988 йилда асос солинган эмас. Негаки, шу йили Моррис исмини олган "чувалчанг эпидемияси" илк бор оммавий тарзда тарқалган. Ўша воқеадан сўнг соҳа мутахассислари ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалаларига жиддий ёндашиш зарурлиги ҳақида ўйлай бошладилар. Ўша кундан эътиборан ҳозирга қадар компьютер ускуналари ассоциацияси ташаббуси билан бутун дунёда ахборотни муҳофаза қилишга доир турли қизиқарли тадбирлар ҳамда халқаро анжуманлар ўтказиб келинади. Шу билан бирга, ҳимояланмаган ускуналар келтириб чиқараётган зарарлар ҳажми ҳақида ахборот берилади.
Мисол учун, 2000 йили пайдо бўлган "I love you" номли компьютер вируси келтирган зарар биргина Шимолий Америка қитъасида миллиард долларни ташкил этган.
Бир сўз билан айтганда, ахборотни ҳимоя қилиш антивирус дастурлари, тармоқлараро экранлар (Firewall)ни ўрнатиш,
мураккаб пароллар ва социал муҳандисликдан фойдаланиш, ахборот ресурслари ва активларини физик ҳимоялаш ва бошқа турли чора-тадбирларни назарда тутади.
ИНТЕРНЕТ ОРҚАЛИ ЎҒИРЛИК
Ахборот хуружлари орасида "кибержиноят" тушунчаси мавжуд. Жаҳонда содир этилаётган жиноятлар ичида кибержиноятчилик тўртинчи поғонада туради. У инсонлар томонидан бойлик орттириш ёки бошқа ғаразли мақсадларда ахборот технологияларидан ноқонуний фойдаланган ҳолда содир этилган хавфли жиноят саналади. Унинг юзага келишига глобал интернет тармоғининг пайдо бўлиши сабаб бўлган. Содда қилиб айтганда, бу турдаги жиноятни компьютер қаршисида ўтириб, минглаб километр узоқликдаги минтақада жойлашган бирор ташкилотнинг маблағини ўмариш орқали содир этиш мумкин.
Кибержиноятнинг асосий турларига вируслар ёрдамида зарар етказувчи дастурларни тарқатиш, паролларни бузиб кириш, кредит карта ва бошқа банк реквизитларидаги рақамларни ўғирлаш, шунингдек, интернет орқали қонунга зид ахборотларни тарқатиш кабилар киради.
Бугунги кунда жаҳондаги турли давлатларнинг энг муҳим инфратузилмалар ҳамда ахборот тизимларига кибер-ҳужумлар тез-тез уюштирилаяпти. Мисол учун, Россия Федерацияси ахборот агентликларининг таҳлилига кўра, 2015 йилда мамлакатда ахборот технологиялари соҳасида содир этилган 30 мингга яқин компьютер жинояти қайд қилинган. Мазкур жиноятлар замирида моддий манфаат бўлган.
Бир сўз билан айтганда, ўзгалар мол-мулкини интернет ёки компьютер воситалари орқали талон-торож қилиш жаҳонда шиддат билан ўсиб бораётган ва чегара билмайдиган жиноят экани билан ҳам хавфлидир.
Хулоса ўрнида айтганда, тобора кучайиб бораётган глобаллашув жараёнида ахборот хуружлари ва кибертаҳдидлардан ҳимояланиш, ўз навбатида, уларга қарши курашиш учун ҳар бир киши ҳушёр ва огоҳ бўлиши, ахборотни таҳлил қила билиши лозимлигини даврнинг ўзи талаб этаяпти.
Азизбек НОРОВ тайёрлади.