Чунки ахборот хуружи кўзга ташланмайдиган, лекин зарари улкан энг жиддий хатарлардан биридир. Муайян кучлар ундан одамларни, айниқса, ёшларни чалғитиш, уларга маънавияти ва ўзлигига ёт, ғайриинсоний ғоялар ва ахлоқсиз турмуш тарзини сингдириш мақсадида фойдаланмоқда. Баъзи Ғарб мамлакатларида маънавий бузғунчилик, наркомания, никоҳсиз турмуш, оммавий беҳаёликлар рок мусиқа ва клипларда, фильмларда, турли оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилинаётгани ҳам бизни ташвишга солмай қўймайди.
Мана, интернетни олиб кўринг. Ундаги сайтларда келтирилаётган маълумотларнинг ранг-баранг ва кўплигидан уларнинг қай бири тўғрию қай бири нотўғри эканини, мазмун-моҳияти нимага қаратилганини бир қарашда ажратиб олиш мушкул. Ижтимоий тармоқлар ва бошқа воситалар орқали миллий менталитетимизга мутлақо ёт мафкура ва дунёқарашни фарзандларимиз қалби ва онгига сингдиришга уринаётганлар ҳамон учраётган экан, ҳар биримиз доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, носоғлом руҳдаги ахборотлар ёшлар тарбиясига, уларнинг ахлоқига, онги ва тафаккурига зарар етказишига йўл қўймаслигимиз керак.
Миллий қонунчилигимизда ҳам ёшларни носоғлом ахборотлардан ҳимоялаш механизми мавжуд. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонунда Ўзбекистон Республикасида ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга, шу жумладан, зўравонликни, ҳаёсизликни ва шафқатсизликни ташвиқот қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар ман этилиши, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда эса порнография, шафқатсизлик ва зўравонликни намойиш этувчи, инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлувчи оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, адабиётларни тарқатиш ҳамда фильмларни намойиш этиш тақиқланиши белгиланган.
Ахборот хуружлари авж олаётган шароитда халқимиз, ёшларимизни мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш учун уларга ахборот маданиятини, яъни бирон хабар ё воқеадан хабардор бўлса, уни чуқурроқ ўрганиш ва таҳлил қилиш лозимлигини ўргатишимиз зарур. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Эшитган гапини айтаверадиган одамдан ёлғончироқ киши йўқдир”, деганлар.
Асоссиз уйдирма гаплар тарқалаверса, бефарқлик вужудга келади, улкан гуноҳлар одатий ҳолга айланади, одамлар ҳам бундай ишларни қилишдан уялмайдиган бўлиб қолади. Ана шундай оқибатларнинг олдини олиш учун шариатимизда бундай ишлардан қайтарилган.
Жумладан, ҳадиси қудсийда “Эй, Одам фарзанди! Агар қалбингда ғашлик, баданингда беморлик, ризқингда маҳрумлик, молингда камчилик топсанг, демак, билгинки, сен бефойда нарсани (кўп) гапирибсан. Эй, Одам фарзанди! Тилингни тўғри қилмагунингча, дининг тўғри бўлмайди. Роббингдан ҳаё қилмагунингча, тилинг тўғри бўлмайди. Эй, Одам фарзанди! Агар ўз айбингни унутиб, одамларнинг айбига назар солсанг, унда сен шайтонни рози қилиб, Раҳмоннинг ғазабини келтирибсан. Эй, Одам фарзанди! Тилинг шер (каби)дир. Агар уни қўйиб юборсанг, сени ўлдиради. Сенинг ҳалокатинг тилингни қўйиб юборишингдадир”, дейилади. Комил инсон, юксак маънавият масалалари долзарб аҳамият касб этаётган бугунги кунда мазкур ҳадислар инсондаги маънавий хасталикларга малҳам бўлиши тайин албатта.
Киши интернет ёмонлигидан ўзини сақлаши лозим бўлганидек, унинг яхшиликларидан ўзини маҳрум қилмаслиги ҳам керак. Ёшларимизни кучли, билимли, интеллектуал салоҳиятли, замонавий ахборот технологияларини бошқарадиган, ундан самарали фойдалана оладиган қилиб тарбиялаш лозим.
Дарҳақиқат, бугуннинг устувор масалаларидан бири ёш авлодни ватанпарварлик, инсонпарварлик, диний ва миллий бағрикенглик руҳида тарбиялаш, юксак маънавият, инсоний қадр-қимматни эъзозлайдиган жисмонан ва руҳан соғлом, ақлан баркамол қилиб вояга етказишга, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб тарбиялашга кўмаклашишдан иборатдир. Зеро, илмли, одобли, юксак маънавиятга эга бўлган инсонгина яхши ёки ёмон маълумотнинг моҳиятини англайди ва таҳдидларга қарши куч топа олади.
Азамат УСМОНОВ,
Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ислом билим юрти ахборот-ресурс маркази раҳбари.