Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

06.11.2020


ҲАКИМНИНГ УЧ ҚУРОЛИ БОР...

сўз, гиёҳ ва тиғ

 Сараланган сатрлар

Буюк ватандошимиз, табобат илми тараққиётига улкан ҳисса қўшган Абу Али ибн Синонинг "Тиб қонунлари" асари ёзилганига минг йилдан ошди. Турли мафкураларга хизмат қилган китоблар 20-30 йилда макулатурадан бошқага ярамай қоладиган айни шароитда "Тиб қонунлари" қанчалик аҳамиятли ва муҳим асар экани янада равшанлашади.

Маълумотларга кўра, Ибн Сино турли соҳаларга оид 450 дан ортиқ асар ёзиб, уларнинг 242 таси бизгача етиб келган. Улар фалсафа, илоҳиёт, тасаввуф, табобат, мантиқ, руҳшунослик, табииёт, фалакиёт, риёзиёт, мусиқа, кимё, одоб илми, адабиёт ва бошқа олимлар билан бўлган илмий ёзишмаларга бағишланган. Шунинг ўзиёқ аллома нақадар кенг дунёқараш, қай даражадаги қомусий олим бўлганини кўрсатиб турибди.

"Тиб қонунлари" XII асрдаёқ арабчадан лотин тилига ўгирилиб, Европа дорилфунунларида табобат фани бўйича ўқитила бошланган экан.

Ибн Сино ўз асарини 5 китобга бўлган. Биринчисида табобатнинг умумий назарияси: инсон анатомияси ва физиологияси, касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларнинг аломатлари, даволашнинг умумий асослари, бадантарбия ва соғлиқни сақлаш тадбирлари баён этилган.

Иккинчи китоб доришунослик бўйича бўлиб, унда ўсимлик, маъдан ва ҳайвонлардан олинадиган 811 та содда дорининг таърифи келтирилиб, қайси касалликларга даво эканлиги айтилади.

Учинчи китобда "жузъий" касалликлар, инсоннинг бошидан товонигача ҳар бир аъзосида бўладиган касалликлар, уларни аниқлаш ва даволаш усуллари баён этилади.

Тўртинчи китоб инсоннинг бирор муайян аъзосига хос бўлмаган, балки бутун гавдасида юз бериши мумкин бўлган хасталикларга бағишланган.

 Бешинчи китобда мураккаб, яъни табиатда тайёр ҳолда учрамайдиган дориларни тайёрлаш ҳақида сўз боради.

Китобда менингит, ошқозон яраси, зотилжам, ўпка яллиғланиши, сариқ касаллиги, қизамиқ, чечак, турли ёмон яралар ва бошқа қатор касалликлар шу қадар тўғри ва муфассал таърифлаб берилгани боис ҳозирги замон шифокорлари ҳам қойил қолишган экан.

Қуйида "Тиб қонунлари" асаридан ва бошқа эътиборга молик ҳикматлардан айримларини сараладик.

* * *

Соғлиқ шундай малака ёки ҳолдирки, у сабабли аъзолардан   соғлом ишлар вужудга чиқади.

* * *

Табиблар билан ёки уларнинг фикрига қўшилмовчи кишилар билан мунозара қилиш тибда бирор фойда етказмайди.

* * *

Тиб одам гавдасининг соғлиғи ва касаллигини ўрганади. Ҳар бир нарсани билиш, у нарсанинг сабаблари бўлса, шу сабабларни ўрганиш орқали ҳосил бўлади ва камолга етади. Шунинг учун тибда соғлиқ ва касалликнинг сабабларини билиш керак бўлади. Соғлиқ, касаллик ва уларнинг сабаблари гоҳо очиқ, гоҳо махфий бўлиб, унга ҳис билан эмас, балки белгиларга асосланиб фикр юритиш билан етишилади.

* * *

Айтамизки, соғлиқни сақлашда асосий нарса қуйидаги умумий ва зарурий сабабларни мўътадил қилишдир. Бунда асосан қуйидаги етти нарсани мўътадил қилишга кўпроқ эътибор берилиши керак: мизожни мўътадил қилиш, ейиладиган ва ичиладиган нарсаларни танлаш, гавдани чиқиндидан тозалаш, тўғри тузилишни сақлаш, бурунга тортиладиган ҳавони етарли ва яхши қилиш, кийимли нарсаларни яхшилаш, жисмоний ва руҳий ҳаракатларни мўътадил қилиш; шу ҳаракатлар жумласига маълум даражада уйқу ва уйғоқлик ҳам киради.

* * *

Касаллик билан бирга унинг аломатлари пайдо бўлса, бошлаб касалликни даволаймиз, лекин аломатлари (касалликдан) кучли бўлса, аломатларни даволаймиз ва (касалликка) қарамаймиз.

* * *

Боланинг хулқларини мўътадилликда сақлашга алоҳида эътибор бериш керак. Бу эса болани қаттиқ ғазаб, қўрқиш, қайғу ва уйқусизликдан сақлаш билан қўлга киритилади. Ҳамма вақт болани истаган нарсасини муҳайё қилишга ва истамаганини узоқлатишга тайёр туриш керак. Бунда икки манфаат бор. Бири - боланинг нафси (руҳи) учун бўлиб, у ёшликдан бошлаб яхши   хулқли бўлиб ўсади ва кейинчалик бу унга ажралмас малака бўлиб қолади. Иккинчиси - унинг бадани учундир, чунки ёмон хулқ турли мизож бузилишларидан бўлади. Шунингдек, агар ёмон хулқ одатга кириб қолса, у мизож бузилишини келтириб чиқаради. Масалан, ғазаб кучли қиздиради, қайғу кучли қуритади, ҳафсаласизлик нафсоний қувватни бўшаштириб, мизожни балғамликка мойил қилади. Хулқнинг мўътадиллиги натижасида ҳам нафс, ҳам бадан учун соғлиқ сақланади.

* * *

Баъзи вақт бола уйқусида қўрқинчли тушлар кўради. Бундай ҳол кўпроқ боланинг баднафслиги сабабли (хилтларга) ортиқча тўлиқлигидан бўлади. Агар еган овқати меъда сезадиган даражада бузилса, унинг азияти сезувчи қувватдан тасаввур ва хаёлот қувватига ўтади ва бу қувват болага ёмон, қўрқинчли тушларни кўрсатади. Болани жуда тўйган ҳолда ухлатмаслик ва асал ялатмоқлик керак.

* * *

Овқатни иштаҳа билан емоқ ва иштаҳани қайтармаслик лозим; лекин маст кишиларнинг ва меъдаси бузилган кишиларнинг иштаҳаларига ўхшаш, иштаҳа ёлғондакам бўлмасин; чунки (иштаҳа бўлатуриб) оч туриш меъдани зардобсимон ёмон хилтлар билан тўлғизади.

* * *

Бадантарбия қилувчилар ва кўп машаққатли ишларни бажарувчилар оғир овқатларни осон кўтарадилар. Қаттиқ ва чуқур ухлаш уларга оғир овқатларини ҳазм қилишларига ёрдам беради. Лекин кўп терлашлари ва гавдаларидан кўп нарсаларнинг тарқалиши сабабли жигарлари ҳали ҳазм бўлмаган овқатни  тортиб олиб, умрларининг охирида ёки аввалида ўлдирувчи касалликка мойил қилади. Айниқса улар уйқулари сабабли бўладиган ҳазмлари билан мағрурланадилар, уйқулари эса кетма-кет уйқусизлик (касаллиги) сабабидан, айниқса, қартайганларида йўқ бўлиб кетади.

* * *

Соғлом кишилар уйқуга яхши эътибор беришлари зарур. Уйқудан ўз вақтида мўътадил даражада фойдалансинлар, керагидан ортиқ ухламасинлар, уйқусизликнинг мияларига ва ҳамма қувватларига зарар қилишидан сақлансинлар!

* * *

Билгинки, тажрибадан ўтказилган дори тажрибадан ўтказилмаганидан яхшидир; бир мақсад учун дорининг ози кўпидан кўра яхшироқдир.

* * *

Кишининг ранги кўп ҳолларда жигар аҳволига далолат қиладиган нарсалардандир. Тажрибали табиб жигар ва меъда касаллигига учраганларнинг ҳаммасини рангидан билади ва у бошқа бир далилга муҳтож бўлмайди.

* * *

Фасллари доимо бир турли кайфиятда бўлган йил ёмон йилдир, масалан, йилнинг ҳамма фасллари ҳўл ё қуруқ, иссиқ ёхуд совуқ бўлса, бундай йилларда ўз кайфиятларига муносиб касалликлар кўпаяди ва бу касалликларнинг муддатлари ҳам узун бўлади.

* * *

Ҳавонинг бир кунда бир неча марта ўзгарганини кўрсанг, кейинги куни эса ҳаво тиниқ бўлса, қуёш бир куни соф, бошқа бир куни кудуратли кўриниб, ғуборга ўралиб чиқса, вабо пайдо бўлишига ҳукм қила бер!

* * *

Кексайган одам ёшлик ўтида ёнолмайди.

* * *

Минглаб нафар улуғ зотлар борлиқдан йўқликка кетдилар. Ахир бу улуғ зотларнинг бирортаси ҳам йўқликдан борлиққа қайтиб келмаяптилар-ку.

* * *

Қуруқ гапнинг ўзи ҳеч қачон далил бўлолмайди.

* * *

Бекорчилик ва айш-ишрат нафақат нодонликка олиб келади, айни вақтда касалликнинг туғилишига ҳам сабаб бўлади.

* * *

Бадантарбия билан машғул бўлинса, ҳеч қандай дори-дармонга зарурат қолмайди, бунинг учун муайян бир тартибга риоя қилмоқ ҳам шарт.

* * *

Бадантарбияни тарк этган одам аксари хароб бўлади, зеро харакатсиз қолган аъзоларнинг қуввати  заифлашади.

* * *

Киши учун энг фойдали, дилни ёритувчи нарса қаноатдир. Энг зарарли ва нафратли нарса ҳирс ва ғазабдир.

* * *

Инсон токи ўзини майда гап, ўчакиш, жанжал, шикоят, норозилик, оҳу воҳлардан озод қилолмас экан, у ифлос ва пастлик табиатидан халос бўлолмайди.

* * *

Ғазаб иродаси кучли одамга рўпара келолмаганидек, иродаси кучсиз одамга ҳам рўпара келолмайди.

* * *

Ҳакимнинг уч қуроли бор: сўз, гиёҳ ва тиғ.

* * *

Қора тупроқ қаъридан тортиб, то Зуҳал чўққисигача бўлган дунёнинг ҳамма мушкул масалаларини ҳал қилдим. Мен ҳар қандай макр ва ҳийла тузоғидан қутулиб чиқа олдиму, аммо ўлим тугунини еча олмадим.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo