Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

10.02.2017


АКТ: ЁШ ДАСТУРЧИЛАР ФАОЛ

Яна бир одатимиз борки, тўртта ғишт териш учун ҳам пишиқ-пухта режа қилиб оламиз. Барчаси “плюс-минус”дан ўтади: уста ҳақи, қурилиш материаллари... Тўпланган жамғарма етса, енг шимариб иш бошланади, аксинча бўлса, қурилиш кейинроққа сурилади... Бироқ кўпинча устанинг тавсияси билан харид қилинган қурилиш анжомларию материаллар иш ярмига келганида тугаб қолади. Уста эса “цементнинг таги кўриниб қолди”, “ғишт бугунга етади, холос” дея бош қашлайди. Хуллас, чамаланган режа биз ўйлагандай бўлиб чиқавермайди.

Ана шулар ҳақида бош қотирган Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалининг ёш дастурчилари бунёдкорлик  ва қурилиш ишларига янада аниқлик ва қулайлик киритадиган “Қурилиш калькулятори” электрон дастурини яратгани эътиборга молик.

 - Бу дастур қурилиш ташкилотлари, уйини таъмирламоқчи ёки унда қўшимча иморат қурмоқчи бўлган оддий одамлар учун ҳам қулай, - дейди филиалнинг дастурий инжиниринг кафедраси мудири Чарос Хидирова. – Унда ишлаш содда. Яъни дастурга қурмоқчи бўлган иншоотнинг ўлчамларига доир барча маълумотлар киритилади. Шундан сўнг дастур неча тонна цемент ёки нечта ғишт сарф этилишини, бир сўз билан айтганда, қанча қурилиш материали зарур бўлиши ва бу лойиҳанинг умумий нархини дарҳол ҳисоблаб беради.

Албатта, бугунги интеллектуал авлод, айниқса, ахборот технологиялари мутахассислари, ёш дастурчилар турли соҳаларга ахборот технологияларини татбиқ этиш, бу орқали иш жараёнларига маълум даражада қулайлик олиб киришга хизмат қиладиган янги-янги лойиҳалар, дастурлар ишлаб чиқишаётгани аҳамиятли.

Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар VIII республика ярмаркасида эътироф этилган “Қурилиш калькулятори” дастурини ишлаб чиққан ТАТУ Қарши филиали дастурий инжиниринг кафедраси ўқитувчиси Шерзод Муртазоев ва унинг шогирдлари биргаликда яна бир қатор самарали лойиҳалар устида иш олиб боришмоқда ва уларни ҳаётга татбиқ этиш ҳаракатида. Шулардан бири “Маҳалла” ахборот тизими саналади.

- “Маҳалла” ахборот тизими жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятида қўл келади, - дейди Шерзод Муртазоев. – Ахборот тизимига биргина сўров бериш орқали қисқа вақт ичида керакли ҳамда етарли маълумот олишнинг имкони мавжуд. Хўш, айнан қандай сўровлар? Масалан, ёш оилалар, ёшлар, кекса кишилар, ишсизлар, тадбиркорлар, нафақахўрлар каби сўровлар тизимга киритилса, шу сўров юзасидан манбага киритилган маълумотлар очилади. 

Эътиборлиси, кейинги вақтларда ёш дастурчиларимиз ўзларининг шу каби ихтиро ва ноёб лойиҳалари билан хорижда ҳам эътироф этилаяпти. Ўз навбатида, улар таклиф этаётган дастурий маҳсулотлар ахборот- коммуникация технологиялари бозорининг муҳим таркибий қисми сифатида юртимиз иқтисодиёти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилаяпти. Шу билан бирга, инновацион тараққиёт ютуқларида дастурчи мутахассиларнинг ўрни тобора ортиб бораяпти.

Айниқса, Президентимизнинг 2013 йил 20 сентябрдаги “Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари   ахборот технологиялари соҳасида истиқболли лойиҳалар, инновацион ғоялар ишлаб чиқиш билан машғул бўлган истеъдодли ёш дастурчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётгани билан ҳам аҳамиятли.

Ана шу мақсадларга ҳамоҳанг тарзда ТАТУ Қарши филиали дастурчилар тайёрлаш маркази қошида истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларни замонавий касбга йўналтириш ва “мактаб - коллеж - олий таълим муассасаси” ҳамкорлигини янада кучайтириш нуқтаи назари билан “Ёш дастурчилар клуби” ташкил этилганини алоҳида қайд этиш жоиз. Қисқа вақт ичида клуб аъзолари дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, уларни лойиҳалаштириш бўйича зарур билимларни ўзлаштириб, вилоят ва республика миқёсидаги танловларда муносиб иштирок этиб келишмоқда.

- Айни вақтда “Ёш дастурчилар клуби”га филиалнинг 15 нафар иқтидорли талабаси аъзо, - дейди Чарос Хидирова. – Бундан ташқари, шу соҳага қизиқувчи 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган иқтидорли ўқувчилар ўртасида ҳам машғулотлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, клуб аъзолари Қарши шаҳридаги кўплаб академик лицей, коллеж ва мактабларда истеъдодли ёшлар билан иш олиб боришмоқда. Уларнинг орасидан энг иқтидорлиларини саралаб олишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Аҳамиятлиси, бугун дастурлаш ва ахборот технологияларига доир билим ва кўникмаларни эгаллаётган ёшлар орасидаги кўплаб истеъдодли дастурчилар долзарб, технологик жиҳатдан афзал, амалда қўллаш борасида қулай саналган бир қатор ўзига хос лойиҳалар устида иш олиб боришмоқда. Бу, ўз навбатида, мазкур соҳа ривожига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг самарасини ҳам ифода этаяпти.

Азизбек НОРОВ

Report typo