Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Самариддин РЎЗИҚУЛОВ

30.07.2019


АКЦИЯЛАР БОЗОРИ НЕГА СУСТ?

Бугунги кунда мамлакатимизда ҳам қимматли қоғозларни чиқариш, уларни жойлаштириш ва муомалада бўлишини таъминлашни тартибга солувчи барча зарурий меъёрий-ҳуқуқий база мавжуд. Шу билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 январдаги қарори билан ташкил этилган Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги зиммасига ҳам ушбу соҳани жадал ривожлантириш борасидаги қатор вазифалар юкланган. Айни пайтда агентликнинг вилоят бошқармаси томонидан ушбу мақсадда қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб, капитал бозорини ривожлантириш билан боғлиқ муаммолар, уларни ҳал этиш масалалари ўрганиб келинмоқда.

Ўрганишлардан маълум бўлмоқдаки, бизда капитал бозорини янада ривожлантириш учун имкониятлар етарли. Бироқ улардан тўлиқ фойдаланилаётгани йўқ.

Мисол учун, бугунги кунда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги вилоят бошқармаси томонидан рўйхатга олинган 40 та акциядорлик жамияти мавжуд. Ушбу жамиятлар томонидан чиқарилган акцияларнинг умумий миқдори 904 миллиард 665 миллион 412 минг сўмни ташкил этади.

Айни пайтга келиб, мазкур акциядорлик жамиятларининг аксарияти ўз акциядорлари олдидаги дивиденддан каттагина қарздорликка эга. Хусусан, 2019 йил 1-чорак натижаларига кўра, "Ўздонмаҳсулот" тизимидаги корхоналарнинг дивиденддан қарздорлиги 4 миллиард 226 миллион 716 минг сўмни ташкил этмоқда. Бу миқдор  "Ўзпахтасаноат" АЖ тизимидаги корхоналарда 3 миллиард 998 миллион 515 минг, "Ўзбекнефтгаз" АЖ тизимидаги корхоналарда эса 1 миллиард 981 миллион 307 минг сўмга етган. Шунингдек, бошқа қатор акциядорлик жамиятларида ҳам дивиденддан қарздорликлар мавжуд. Шундай бўлгач, қимматли қоғозлар бозорида ушбу корхоналар акцияларига қизиқиш қоладими?

Хўш, бу қарздорликлар қандай пайдо бўлмоқда? Акция эгалари дивидендларини  нега ўз вақтида олмаяпти?

Ўрганишлар натижасида бу борада бир қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди:

биринчидан, кўп ҳолларда акциядорлик жамиятлари томонидан дивидендларни тўлаб бериш вақти келганда ҳисобида эркин пул маблағи бўлмайди. Мисол учун, "Ўзпахтасаноат" АЖ тизимидаги корхоналарнинг дивидендларни тўламаслигига жамиятнинг юқори органи томонидан бу мақсад учун пул ажратилмаслиги сабаб бўлган;

иккинчидан, акция эгалари огоҳлантирилишига қарамай, ўз вақтида дивидендни олишмайди. Жуда кўп ҳолларда бу ҳам қарздорликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда;

учинчидан, акциядорлик жамиятларида ўз акциядорлари ҳақида етарли маълумотлар мавжуд эмас ёки уларда бор маълумотлар эскириб кетган;

тўртинчидан, мана шу сабаблар яна бир сабабни келтириб чиқармоқда, яъни аксарият акция эгаларининг ўз акцияларидан дивиденд олишга бўлган қизиқиши паст. Улар ўзи акциясига эгалик қилаётган акциядорлик жамияти, акцияларга ҳисобланган дивидендлар ҳамда жамиятнинг молиявий кўрсаткичлари ҳақида умуман маълумотга эга эмас.

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги вилоят  бошқармаси томонидан бу борадаги муаммолар ўрганилиб, уларни бартараф этиш, дивидендларнинг ўз вақтида тўланишини назорат қилиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу ўринда акция эгаларидан ҳам қонунчиликда белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланиб, жамият бошқарувида фаол иштирок этишлари, акциядорлар умумий йиғилишларида қатнашишлари, жамиятга тегишли очиқ маълумотлар билан танишиб боришларини сўраймиз.

Улар дивидендларни олишда юзага келаётган ҳуқуқларининг бузилиши юзасидан агентликнинг вилоят бошқармасига мурожаат этишлари ҳам мумкин.

Самариддин РЎЗИҚУЛОВ,

бошқарма бошлиғи

Report typo