Қишлоқ пурвиқор Ҳисор тоғ тизмаларининг шундоққина биқинида жойлашган. Пасту баланд йўллар бўйлаб юриб, уруш фахрийси яшайдиган хонадонни топиб бордик. Бизни бобонинг ўзи қарши олиб, салом-аликдан сўнг ҳовли тўридаги супага қараб бошлади. У киши ёшига қараганда анча бардам, жуда енгил ҳаракатланарди.
- Бундан 77 йил аввал уруш бошланибди, деган ваҳимали хабар биз яшайдиган чекка қишлоқда ҳам яшиндек тарқалди, - дейди Сайдулло бобо. – Ўшанда эндигина 21 ёшга қадам қўйгандим. Қишлоқ йигитлари қатори мен ҳам биринчилардан бўлиб рўйхатга ёзилиб, 1941 йилда урушга жўнадим. Аввал артиллерия дивизионида “замбарак” ўқловчи бўлдим. Ўша йиллари Сталинград, ҳозирги Волгоград шаҳри остонасидаги жангларда иштирок этдим. Жароҳат олдим, соғайиб яна жангга қайтдим. Бу жуда оғир кунлар эди. Урушнинг бор даҳшатини, унинг инсоният бошига келтирган аёвсиз кулфатларини ана ўша лаҳзаларда англаганман. Ҳатто эслагим келмайди у кунларни. Уруш учун инсон ҳаётининг заррача аҳамияти йўқ экан. Бир кунда юзлаб сафдошларимиздан айрилардик. Ҳозиргина сенга яхши орзулари ҳақида гапириб турган ўртоғинг ўгирилиб қарасанг беш метр нарида қонга беланиб ётса, бунга қандай чидаш мумкин!? Не-не азаматлар ана шу урушда эрта хазон бўлиб кетишди. Уларнинг ичида турли миллатга мансуб кўплаб дўстларим бор эди...
Вақт ўтгани сари душманнинг ҳам шашти сўниб, ортга тисарила бошлади. Бу пайтда навқирон Сайдуллони танкчилар қисмига ўтказишди. У энди Латвия ва Литва ҳудудларида жанг қиларди. 1945 йил бошларига келиб, фашистлар кўплаб ҳудудлардан тамомила чекинди. Сафида Сайдулло Жабборов бўлган қисм бу пайтда Рига шаҳридан душманни қувламоқда эди. Тез-тез талвасадаги душманнинг кичик-кичик гуруҳларига дуч келинар, улар эса охирги илинж билан қарши томон жангчиларига кўпроқ талафот етказишга ҳаракат қиларди.
Сайдулло Жабборов 1945 йилнинг 9 май куни ҳам шу шаҳарни душман аскарларидан тозалашда иштирок этаётганди. У ва сафдошлари ногоҳ уч-тўртта фашист аскари яшириниб ётган пистирмага дуч келади. Чорасиз қолган душман жон ҳолатда ўт очади. Ушбу қарама-қаршиликда бир неча сафдошлари қаторида Сайдулло Жабборов ҳам оғир жароҳат олади. У уруш тугаганини орадан бир неча кун ўтиб Воронеждаги ҳарбий госпиталда ҳушига келганида эшитади. 1946 йилда эса икки қўлтиқтаёқда госпиталдан чиқиб, кўкси тўла орден ва медаллар билан уй томон ошиқади.
- Уйга келиб билсам, уруш жанг майдонларидан анча олис бўлган юртимиз ҳудудларида ҳам ўзининг аянчли изларини қолдирган экан, - дея эслайди Сайдулло бобо. – Қўлидан иш келадиган йигитларнинг кўпчилиги жангдан қайтмаган, саноат, халқ хўжалигининг барча соҳалари издан чиққан, йўқчилик авж олган бир давр эди. Жароҳатим бироз тузалгач, қўлимга кетмон олиб далага чиқдим. Кейин мени Қарши чўлини ўзлаштиришга сафарбар қилишди. Хўжаликлардан бирида бригадир бўлиб ишлай бошладим. Урушнинг оғир кунларини, очлик азобларини кўрган эмасманми, тинчликда ўтаётган ҳар бир кунимни бахт деб билардим, бор кучим, ғайратим билан ишлардим. Шу даврда хўжалигимизга қарашли чорвачилик бригадаси кетма-кет йилни зарар билан якунлади. Бир куни катта йиғилишда ана шу масала кўтарилди. Бригада бошлиғи арзимас нарсаларни баҳона қиларди. Азбаройи қоним қайнаб кетганидан шартта ўрнимдан туриб, унга астойдил ишламаётганини, агар ишласа, аҳвол бундай бўлмаслигини айтдим. Кўпчиликка бу нарса ёқмади, ўзига беринглар, қани ишлаб кўрсатсин, деб туриб олишди. Шундан сўнг чорвачилик бригадасига ўтдим. Бир йил янада қаттиқ ишлаб, мавсумни яхшигина муваффақият билан якунладим. Ўша даврларда Шароф Рашидовнинг ўзи мени “Ҳурмат белгиси” ордени билан тақдирлаб, бирорта хўжаликни бошқаришим кераклигини айтди. Мен эса бирор жойда ўқимаганим, ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигимни билдирдим. “Ҳечқиси йўқ, сизда меҳнаткашлик ва энг муҳими тажриба бор. Буёғига хўжалик раҳбари бўлиб ишлайсиз”, деди. Шундан сўнг Нишон туманидаги “Ширинобод” хўжалигида директор бўлиб ишлай бошладим.
24 йил бригадир, 3 йил хўжалик раҳбари бўлиб ишлаган Сайдулло Жабборов бу йиллар ичида бир неча маротаба меҳнатда ўрнак кўрсатгани, муваффақиятли фаолияти учун турли орден ва медаллар билан мукофотланади. Ҳатто нафақага чиқиб ҳам анча йил қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилади.
- Урушдан қайтгандан сўнг ҳам қийналган, бошимга ташвиш тушган, яқин инсонларимни йўқотган вақтларим бўлди, - дейди у. – Лекин тинчлик даврида кўрган барча қийинчиликларимни урушнинг ярим соатлик азобига тенг кўрмайман. Бу қаттол урушни биз кўрдик, бошқа авлод кўрмасин. Тилимда ҳам, дилимда ҳам Яратгандан тинчликни абадий қилишини сўраб юраман. Айниқса, мустақилликдан кейинги йиллар юртимиздаги осудалик, хотиржамлик, фаровонликни таърифлашга қиёс йўқ. Биз кексаларга, уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган эътиборни айтмайсизми. Ойма-ой нафақамни уйга келтириб беришади. Ҳар йили Хотира ва Қадрлаш куни байрами арафасида Президентимиз мукофотини олаяпмиз. Бу йил ҳаммасидан ошиб тушди. Юртбошимиз фармонига асосан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 5 миллион сўмдан пул берилаяпти. Унинг устига ўзимиз жанг қилган мамлакатларга давлат ҳисобидан сафар қилишимиз, Ялта ва Кисловодскдаги санаторийларда дам олишимиз мумкин бўлди. Яна қайда бор бундай эъзоз, эътибор?!
Ўтган йили Хотира ва Қадрлаш куни байрами муносабати билан пойтахтимизда ташкил этилган тантанали тадбирда қатнашдим. У ерда Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, шахсан мулоқотда бўлдим, юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровон ҳаёти учун раҳмат айтдим. Аллоҳ у кишига куч-қувват берсин, боши омон бўлсин!
Урушда, ҳаёти қил устида турган лаҳзаларда бугунги дориломон кунлар келишини, шундай фаровон ҳаёт кечиришини тасаввур ҳам қила олмаган Сайдулло Жабборов ҳар тонг невараларининг шодон кулгиларини эшитиб, ўзида йўқ севинади. Фарзандларининг юз-кўзларидаги хотиржамлик умрига умр қўшади. Уруш фахрийсининг улуғ ёшда ҳам тетик ва бардамлигига сабаб мана шу - тинч, осуда ва фаровон кунлар. Бобонинг изҳори шундай: илоҳим, юртимизнинг ана шу тинчлигига, халқимизнинг фаровон ҳаётига кўз тегмасин.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратда: Сайдулло бобо Жабборов.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.