Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

27.06.2017


ҚАЛАМГА ДАЪВО ҚИЛМОҚ УЧУН ҲАМ САЛОҲИЯТ КЕРАК

Аммо яхшилаб ўйлаб кўрилса, аслида журналистиканинг пайдо бўлиш тарихи олис-олис замонларга бориб тақалганини англаш мумкин. Зеро, инсониятнинг ахборотга бўлган талаби натижасида юзага келган бу касб эгасининг ҳозир бажарадиган вазифасини қадим замонларда ҳам кимлардир адо этмаганми? Дейлик, ўша олис мозийда, ҳали одамзод интернет, телефон, телевизор, факс кабиларни билмаган бир пайтда ойлаб-йиллаб йўлларда юрадиган, бир мамлакатдан иккинчисига сафар қилишдан тўхтамайдиган савдогарлар нафақат ўзга эллардан мол келтиришган, балки ўзлари билан ўша юртлар ҳаёти тўғрисидаги таассурот, у ерлардаги янгиликлар, яъники ахборотни ҳам ташиганлар. Ёки тасаввур қилинг: гавжум бозору гузарларда шоҳ берган фармони олий ва бошқа муҳим  воқеликларни одамларга баланд овозда ўқиб эшиттирган, сўнг қоғозга туширилган бу ҳужжатни ҳамма кўрадиган юқори ерларга ёпиштириб юрган мутасаддилар, уларни жарчилар дейишган, маълум маънода бизнинг ҳозирги касбимизни бажармаганларми? Ёхуд эл орасида юз берган бирор айтишга арзигулик воқеани шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ айтиб юргувчи ровийлар-чи? Одамлар тўпланиб, уларнинг гапларини бажонидил тинглаганлар, воқеанинг ўзларини қизиқтирган ўринларини қайта-қайта саволлар бериб очиқлаган, аниқлаганлар. Демакки, ровийлар-да ҳозирги журналистларга қайсидир маънода ҳамкасб...

Замонлар ўзгариши мобайнида журналист деган касб ҳам такомил топа борди: уларнинг иш  фаолияти газета-журналларни юзага келтирди, кейинроқ янада фаол ва тезкор радио-телевидение майдонга чиқди, бугун эса интернет оламида ҳам бу соҳанинг ўз мустаҳкам ўрни бор. Замон тақозоси билан журналистикага ўқитадиган муассасаларда минг-минглаб шу касб эгалари тайёрлана бошланди, шу билан бирга, энди журналистларнинг ахлоқ-одоб, касб этикасига доир қулоққа тилла зиракдек тақиладиган олтин қоидалари вужудга келади. Бу қоидаларни шу касбнинг ҳар бир эгаси билиши, амал қилиши шарт. Аммо бот-бот қуйидаги саволлар ҳам йўлимизда кўндаланг бўлаверади:

- Хўш, ахлоқ-одоб қоидаларини ўқитиш, ўргатиш мумкиндир, лекин журналист шахсига хос, ўргатиб бўлмайдиган хислатлар ҳам борми? Журналист ким ва у қандай бўлиши керак? Бугунги кунда унинг ўрни ва роли нечоғлик?

Бу саволлар қаршисида ўй юритиб, бир қанча жавобларни топдик, олдик. Узоқ йиллар давомида вилоят радиосида фаолият юритган журналист Юсуф Норовнинг фикрига кўра, журналистдан талаб қилинадиган энг асосий жиҳат – синчковлик.

- Бир ўйлаб кўринг, бирор масаланинг моҳиятига етиш, унинг нечоғлик тўғрилигини аниқлаш учун одамга синчковликдан бошқа яна нима ёрдам беради? – дейди у. – Журналист ўзи айтмоқчи, ёзмоқчи бўлганини аввало синчковлик билан фикр ғалвиридан ўтказа билиши лозим. Зеро, у эълон қилган гап эртага ким учундир ҳукм, қатъий хулосага айланиши мумкин.

Куни кеча “sharh.uz” сайтида таниқли журналист Шарофиддин Тўлагановнинг “Ахборот хуружларида журналистларнинг ўрни: кеча ва бугун” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Унда муаллиф ҳозирги кун журналистикаси ва шу соҳа кишиларига қўйиладиган талаблар ҳақида шундай мулоҳаза юритади:

“Бугун ахборот энг муҳим қадрият саналмоқда. Ахборот эса оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилади. Айрим ҳолларда матбуот одамларга салбий таъсир кўрсатишидан кўз юмиб бўлмайди. Буни биз дунёда юз бераётган ҳодисаларнинг нотўғри талқин қилинган ҳолда ёритилаётганидан кўриб-билиб турибмиз.  Журналистлар ва медиа ходимлари нафақат иш  берувчилар ва бозор олдида, балки жамият  олдида ҳам масъулиятни ҳис қилишлари, демократияни ҳаддан ошиш деб тушунмасликлари керак. Эркинликка интилиш ҳар бир журналист олдида турган вазифа, аммо чегарани билиши шарт. Медиа жамият олдида ўз зиммасига маълум бир мажбуриятларни олиши керак. Бу мажбуриятлар ахборот тарқатишда ҳалоллик ва адолатни талаб қилади...”

Буни эса журналистиканинг олтин қоидаси – ҳақиқат ва холислик деган мезонга путур етказмаслик билан таъминлаш мумкин. Холислик энг қийин масала. Холис бўлишни истаган киши босиқлик, вазминлик билан томонлар манфаатлари, қарашларидан келиб чиққан ҳолда холис ва адолатли фикр-хулосани бера олиши лозим. Бу эса журналистнинг синчковлик билан ёндашуви, кенг мушоҳадаси, ўз ишини ҳалол, виждонан адо этиши билан боғлиқдир. Шундагина манфаатлар ортига чекинган ҳақиқат бўй кўрсатиб, ҳиссиётлар пардаси-ла тўсилган реал воқелик гавдаланади. Демак, шундай хулоса қилиш мумкинки, журналист зиммасига тушадиган вазифа оғир: у асло кимнингдир қўлида қурол, қўғирчоқ бўлишга, бир тоифа одамларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга ҳақли эмас. У доимо адолат, ҳақиқат томонида бўлиши, ўз позициясида қатъий туриши шарт.

Ҳар соҳада бўлгани каби журналистикада ҳам устоз керак. Аслида бу касб эгалари учун мураббий тарих ва бугун, ҳаётнинг ўзи, атроф-муҳит. Аммо ўзидан аввалроқ шу соҳага кириб келган, озми-кўпми, тажриба ҳосил қилган одамнинг маслаҳат-тавсияси журналист учун ниҳоятда зарурдир.

- Соҳада энди иш бошлаган журналистларни қийнайдиган масала – йиғилган далилларни қай тариқа ёзиш, одамларга қандай етказиш бўлиши табиий, - дейди фахрий журналист Дилбар Кенжаева. – Ўқув юртида ўрганганларига қўшимча равишда шундай онларда унга устоз кўмаги жуда муҳим. Нимани қандай ёзиш, ифодалаш кераклигини устозидан қадам-бақадам ўзлаштирган, у кўрсатган камчиликларини ўз вақтида тузатиб борган журналистгина танлаган соҳасининг етук мутахассисига айланиши мумкин. Йўл кўрсатувчининг ўрни йўловчи учун қанчалик муҳим бўлса, устоз кўмаги ҳам журналист учун шу қадар аҳамиятли. Шунинг учун бу соҳада устоз кўриш жуда-жуда муҳим.

Яна бир гап. Кўпинча, бу соҳада ишлаш учун диплом муҳиммикин, деган фикр атрофидаги баҳсларга дуч келамиз. Олий ўқув юртида шу соҳада таҳсил олиб, журналист дипломига эга бўлганлар қаторида бошқа соҳаларда ўқиган, аммо тақдир тақозоси, қалб амри билан журналистикада ишлаб юрганлар ҳам бор. Улар орасида шундайларини ҳам биламизки, профессионалликнинг юксак даражасига кўтарилган. Ҳар бир мавзуга фақат ўзигагина хос бўлган маҳорат билан ёндашади. Устоз сифатида ҳам кўплаб  шогирдлар тайёрлаганки, издошлари ўзидай профессионал, ўзидай фаол. Бундай журналистларни кўрганда, беихтиёр диплом масаласи ортга чекинади.  “Асл журналистликни диплом белгиламас экан, одамнинг ўзида шу соҳа одамига хос хислатлару юрагида ўт бўлиши лозим экан”, деган хулосага  келасиз. Демак, муҳими – қобилият ўз устида ишлаш, англаш ва шижоат. Шунда фақатгина диплом қўлтиқлаб юришдан нарига ўтолмайдиган “мутахассис”да журналист учун талаб қилинадиган хислатлар: синчковлик, холис фикрлаш, ўткир қалам ва бошқаларда учрамайдиган теран ички нигоҳ ривожланади.

Бугунги кун журналисти эса маънавий ҳимоячи, тарғиботчи ҳамдир. У ўз миллатини ёт маданиятлар таъсиридан қўрийдиган, ахборот хуружларидан тўсадиган, бу оқим билан келаётган хас-хашакларни ўз ғалвирида тутиб қоладиган бўлиши шарт. Зеро, бугунги даврнинг талаби – шу. Юқорида номи келтирилган мақолада айтилгани каби:

“Ахборот хавфсизлиги ҳар бир давлат миллий хавфсизлигининг таркибий қисмидир. У давлат ва жамиятнинг барча соҳаларидаги миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган бўлиши керак. “Ҳар қандай давлатнинг оммавий ахборот воситаси чет эл таъсири остида қолар экан, жамият ўз тарихий идеаллари, қадриятларини бузишга йўналтирилган ахборотлар оғушида қолади”, деб ёзган эди америкалик олим Лэнс Беннет. Ҳозирги кунда жаҳондаги турли “куч марказларининг” геосиёсий қарама - қаршилиги “ахборот макони”га кўчди, деган гапларда жон бор. Яъни оддий сўз билан айтганда ахборот кимнинг қўлида бўлса ўша ҳақ бўлиб чиқмоқда...”

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Report typo