Қолаверса, ютуқлар бардавомлиги ҳам шукроналикдандир. Ўз олдимизга катта мақсадлар қўйиб, ўтган қисқа вақт ичида уларнинг рўёбини ҳам кўрдик. Камтарона меҳнатимиз рағбат топаяпти. Бу қўллаб-қувватлов ортида шахсан Президентимизнинг тургани, фермерлар ишига хайрихоҳлик билдираётгани бизни янада фидойилик кўрсатиб ишлашга ундайди. Куни кеча давлатимиз раҳбарининг фермер хўжалигимиз даласига қилган ташрифи эса қалбимни чексиз ғурурга тўлдирди.
Маълумки, яқинда Президентимиз дунёда мавқеи ошиб бораётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган юбилей саммитига раислик қилди. Ушбу воқелик юртимиз барча аҳолиси томонидан катта қувонч билан кутиб олинди. Ана шундай нуфузли тадбирдан сўнг вилоятимизга қилган ташрифи чоғида Юртбошимизнинг куннинг иссиғида чекка бир жойда биз, деҳқонлар билан учрашиш, дилдан суҳбатлашиш, ҳол-аҳвол сўраш учун даламизга келгани, ғоят муҳим паллада бизга ҳорманг дейишдан мамнуният изҳор этгани ғайратимизга ғайрат, шижоатимизга шижоат қўшди. Оддий бир деҳқонга бўлган бундай олий муносабатни ҳеч бир мамлакатда кўрмайсиз.
Собиқ совет тузуми даврида деҳқоннинг косаси оқармагани, елкасига шамол тегмагани рост. Бугун эса бунинг бутунлай акси. Мустақиллик йилларида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли ерга, меҳнатга муносабат ўзгарди, деҳқончилик маданияти юксалди. Бугун фермер - қишлоқ мулкдори. Бизга қишлоқда тараққиётни ҳаракатлантирувчи куч сифатида қарашмоқда. Албатта, бу ишонч фермерларга катта масъулият юклайди.
Фаолиятимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, ютуқларимизни эсламасликнинг иложи йўқ. Ҳозирги вақтда ихтиёримизда 50 гектар ер майдони бор. Бу йил 20 гектар майдонда ғалла парваришладик. Мавсумда ҳар гектаридан 65 центнердан ҳосил олишни мўлжаллаяпмиз. 30 гектар ерга пахтанинг "Бухоро-102" навини экканмиз. Катта хурсандчилик билан айтишим мумкинки, даромадимиз йилдан-йилга кўпайиб бораяпти. Ўтган йили 384 миллион сўм даромад қилган бўлсак, шунинг 92 миллион сўмини соф фойда ташкил этди. Жорий йилда эса соф фойда салмоғини 130 миллион сўмга етказмоқчимиз. Бунга салоҳиятимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етади. Даромадимиз эвазига тармоқлар сонини кўпайтириш, янги йўналишларни ташкил этиш ниятидамиз. Хусусан, хўжалигимизда кейинги йилдан чорвачилик ва балиқчиликни йўлга қўямиз.
Давлатимиз раҳбари билан мулоқот пайтида шу нарсага яна бир бор амин бўлдимки, биз ҳеч кимдан кам эмасмиз. Ўзлигимизни намоён этиш учун барча нарса етарли. Фақат бунда замонамиз фермеридан яратувчанлик руҳи билан яшаш, илғорлик, узоқни кўра билиш, ташаббускорлик талаб этилади. Шундагина биз катта марраларни осонлик билан забт этамиз. Президентимиз, халқимиз томонидан билдирилган юксак ишончни оқлай оламиз.
Ҳотам ЖУМАЕВ,
Қарши туманидаги "Шукрона" фермер хўжалиги раиси