Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

29.09.2018


ҚАЛБИМГА ЭЗГУЛИК СЎЗЛАРИН ЁЗГАН УСТОЗИМ

Устозимни ёдга олганда, беғубор болалигим бўй кўрсатиб, юрагим орзиқиб кетади. Эҳтимол, бу устознинг ҳали гард қўнмаган мусаффо оламимга биринчи бўлиб кириб келгани сабабдир. Эҳтимол,  қалбимнинг оппоқ дафтарига илк бор эзгулик сўзларини ёзганидандир. Балки саводимни чиқариб, мени китоб деган дунёга етаклаб киргани боисдир. Шунинг учунми, биринчи ўқитувчим мен учун нафақат УСТОЗ, балки болалик тимсолига айланиб қолган. Ҳатто айрим ҳикояларимда ўқитувчи образини яратишда Соня опа билан боғлиқ деталлардан фойдаланганман.

Биз устозимизни оддийгина қилиб “маълим” деб чақирардик.  “Маълим” бу – муаллим дегани. Сўзни ўзимизга мослаб, қайсидир ҳарфини тушириб, қайсинидир қўшиб, ўз шевамизда талаффуз қилардик.

У пайтларда мен таҳсил олаётган Китоб туманидаги 4-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчилари эски бинода ўқитиларди. 1 сентябрь куни кўчамиз қизлари форма-фартук кийиб, оналари қора сатин матодан тикиб берган сумкага дафтар-ручкаларини жойлаб, қўлларига сиёҳдон кўтариб илк бор мактабга кетишгани ҳеч эсимдан чиқмайди. Ёшим етмагани учун мактабга олишмаганига кун бўйи йиғлаганман. Эртаси куни дадам қўлимдан етаклаб мактабга олиб келдилар, устозимдан журналда отим бўлмасаям уч-тўрт кун қатнаб туришимга рухсат сўрадилар. Мен эса бу синфда доимий қолиб кетдим.

Эсимда, дугоналарим билан мактабга жуда вақтли борардик ва кўзларимиз жовдираб устозимизни қидирардик. Ўқитувчи мактабда бўлса, бир-биримизни қувлаб ўйнаб кетардик, келмаган бўлсалар нигоҳимизни устоз келадиган йўлдан узмасдик. Аста-секин  мактаб ҳовлисини ортда қолдириб, қўшариқ бўйларидан, тор кўчалардан ўтиб, катта йўлга чиқиб қолганимизни сезмасдик. Ўқитувчимизни узоқдан кўришимиз билан югурар, биринчи бўлиб устозга етиб, бағрига ўзини отган ва қўлларидан сумкани олган бола энг бахтиёр саналарди. Устозимиз койиганларига қарамай бу одатимизни тарк этолмас, онасига интилган боладай устозга талпинганимиз талпинган эди.

5-синфга ўтганимизда янги мактабда ўқишни давом эттирдик. Янги мактаб, янги ўқитувчилар... Қалбимизда қўрқув бор эди. Мактабимиз директори Аҳад Хўжаевдан тортиб ҳар бир фан ўқитувчисигача салобатли, сиёсатли эди. Ўшанда бизга адабиётдан раҳматли Юсуф Умиров дарсга кирди. Ҳамид Олимжоннинг “Зайнаб ва Омон” поэмасини ўқиб, янги мактабда илк беш баҳони олганман. Назаримда ана шу “беш” баҳо мендаги қўрқувни ҳам, ҳаяжонни ҳам қувиб юборган. Руҳлантирган. Кейинчалик Юсуф Умиров мени журналистикага ошно этди. Мактабдаги хабарларни туман “Ғалаба” газетасига ёзишга ундади. Мактабда ўтказилган адабий кеча ҳақида илк хабарим газетада босилганидаги қувончимни ҳали унутганим йўқ. Ўшанда менга қалам ҳақи ҳам беришган ва бу меҳнат қилиб топган биринчи маблағим бўлган. Шу тариқа тез-тез кичкина хабарчаларим газетада чоп этила бошлаган.

Кейин адабиётдан Ибодат Мажидова сабоқ берган. У кишининг ишончи, эътибори туфайли 10-синфда адабиётдан республика фан олимпиадасида қатнашиб биринчи ўринни, олий ўқув юртларининг адабиёт факультетларига кириш учун вазирликнинг тавсияномасини олгандим.

Университетда эса адабий қарашларим шаклланиши, адабиёт деган оламга боғланиб қолишимда Норбой Худойберганов, Умарали Норматов, Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов, Талъат Солиҳов, Омонулла Мадаев, Абдуғафур Расулов каби устозларимнинг хизматлари катта.

Ҳадисларда бешикдан қабргача илм излаш ҳақида ёзилган. Демак, илмга ташна инсон умрининг охиригача изланади, шу жараёнда кимдандир ниманидир ўрганади. Ҳаёт йўлларида чуқур из қолдирган устозларни эса асло унутмайди. Алишер Навоий бобомиз айтганларидек:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

Лола ЎРОҚОВА,  Китоб тумани

Report typo