Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ҚАЛБИНГДА ҒАШЛИК, БАДАНИНГДА БЕМОРЛИК, РИЗҚИНГДА МАҲРУМЛИК, МОЛИНГДА КАМЧИЛИК ТОПСАНГ, БИЛГИНКИ...

Б.САЙФИЕВ

28.03.2024


ҚАЛБИНГДА ҒАШЛИК, БАДАНИНГДА БЕМОРЛИК, РИЗҚИНГДА МАҲРУМЛИК, МОЛИНГДА КАМЧИЛИК ТОПСАНГ, БИЛГИНКИ...

Сараланган сатрлар

Рамазон - раҳмат ва мағфират ойи. Бундай улуғ кунларда ҳар бир инсон еб-ичишдан тийилишдан ташқари қалбини поклашга уриниши, ўзини, ўзлигини тафтиш ва кашф этишга уриниши даркор. Бу борада кўплаб асарлар борки, мутолаа асносида инсон ўзгара бошлаганини сезади, ҳис қилади.

Хусусан, Абу Ҳомид Ғаззолий тасниф берган "Қирқ ҳадиси қудсий" рисоласи анча фойдали китоблардан биридир. Қайд этилишича, ҳадисларнинг Ҳадиси қудсий деб номланувчи тури мартаба жиҳатидан Қуръони карим билан Ҳадиси набавий ўртасида туради ва "Ҳадиси Раббоний", "Илоҳий ҳадислар" истилоҳлари билан ҳам юритилади. Бу ҳадислар "Аллоҳ айтди", "Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таборак ва таолодан хабар беришларича" сингари иборалар билан бошланади.

"Ҳужжатул ислом" номи билан дунёга машҳур Имом Ғаззолий тасниф этган "Қирқ ҳадиси қудсий" китобида умр мазмуни, сабр-қаноат, хушмуомалалик, аҳдга вафо, меҳр-шафқат каби фазилатларнинг инсоннинг ҳам дунё, ҳам охират ҳаётидаги фойдалари ҳақидаги илоҳий ҳадислар ўрин олган.

*  *  *

Дунё ва унинг заволига ишониб, нечук унга хотиржам бўлаётганига ажабландим. Тилида олим, қалбда жоҳил кишидан ажабландим. Сув билан ўзини покласа ҳам, қалби   покланмаган кишидан ажабландим. Одамларнинг айблари билан машғул бўлиб, ўзининг айбларидан ғофил қолган кишидан ажабландим. Аллоҳ таоло кузатиб турганини билган ҳолда яна қандай Унга осийлик қилаётган кишига ажабландим.

*  *  *

Эй Одам фарзанди! Қаноатли бўл, беҳожат бўласан. Ҳасадни тарк қил, роҳатда яшайсан. Ҳаромдан сақлан, динингни холис қиласан. Ким ғийбатни тарк этса, унга муҳаббатим намоён бўлади. Ким одамлардан узлатда бўлса, улардан омонда юради. Кимнинг сўзи оз бўлса, ақли комил бўлади. Ким оз ризққа рози бўлса, Аллоҳ билан боғланибди.

Эй Одам фарзанди! Сен амал қилмайдиган нарсангни биласан-у, нечук билмаган нарсангни билишни талаб қилаверасан?

Эй Одам фарзанди! Дунёда худди эртага ўлмайдигандек ҳаракат қиласан. Гўё абадий яшайдигандек мол-дунё тўплайсан.

Эй дунё, сенга ҳирсу очкўзлик билан ташланган одамдан юз ўгир. Сендан юз ўгирган одамга интил. Сенга назар солувчиларнинг кўзидан холи бўл.

*  *  *

Ким дунё сабабли хафалик билан тонг орттирса, Аллоҳдан фақат узоқлашибди. Унга дунёда қийинчилик, охиратда фақат машаққат бўлади. Аллоҳ таоло у кишининг қалбига ҳеч қачон тугамайдиган ғам солиб қўяди. Шундай машғулотга банд қиладики, ундан асло бўшай олмайди. Камбағаллик бериб қўядики, ҳеч бойликка етиша олмайди. Орзулар бериб қўядики, доимо ўша орзулар билан банд бўлиб қолади.

*  *  *

Обидларнинг гапини гапириб, мунофиқларнинг амалини қилувчилардан бўлма. Агар берса, қаноат этмайдиган, бермаса, сабр қилмайдиганлардан бўлма. Яхшиликка буюриб, ўзи уни қилмайдиган, ёмонликдан қайтариб, ўзи ундан қайтмайдиганлар жумласидан бўлма. Солиҳларни яхши кўриб, ўзи солиҳ бўлмайдиган, мунофиқларни ёмон кўриб, ўзи мунофиқ бўладиганлар жумласидан бўлма. Бажара олмайдиган нарсасини гапирувчи, буюрилмаган нарсани бажарувчи, вафодорликни талаб этиб, ўзи вафо қилолмайдиган кишилар жумласидан бўлма.

*  *  *

Эй инсонлар! Аниқки, сизларга Парвардигорингиз томонидан қалбларга шифо бўлиб панд-насиҳат келди. Нега фақат сизга яхшилик қилган кишигагина яхшилик қиласиз, сизга боғланган кишигагина боғланасиз, сизга едирган кишигагина едирасиз, сизни ҳурмат қилган кишинигина ҳурмат қиласиз?! Бировнинг яна бировдан афзал жойи йўқ. Балки мўминлар шундай кишиларки, Аллоҳ ва расулига иймон келтирадилар, ёмонлик қилган кишига яхшилик қиладилар, алоқани узган киши билан алоқани тиклайдилар, маҳрум қилган кишини афв этадилар, хиёнат қилган кишига ишонадилар, хўрлаганни ҳурмат қилишади, аразлаган киши билан сўзлашишади.

*  *  *

Эй инсонлар! Бу дунё ҳовлиси йўқлар учун ҳовлидир, моли йўқлар учун молдир. Мол-дунёни ақли йўқлар йиғади. Фаҳми йўқлар эса мол-дунёга хурсанд бўлади. Таваккали йўқлар унга ҳирс қўяди. Маърифати йўқлар эса дунё истакларини талаб қилади. Ким йўқ бўлувчи неъмат, узуқ-юлуқ ҳаётни хоҳласа, ўз нафсига зулм этиб, Роббисига исён қилибди. Яна охиратни унутиб, дунёсига алданибди. "Гуноҳнинг очиғини ҳам, махфийсини ҳам тарк қилингиз!" Албатта гуноҳ қилувчи кимсалар ўзлари қилиб ўтган гуноҳларига жазо олажаклар" (Анъом, 120).

*  *  *

"Эй Одам фарзанди! Қанча чироқлар бор, уларни ҳавойи нафс шамоли ўчириб юборди. Қанча обидлар бор, ўзига бино қўйиш уларни бузди. Қанча бойлар бор, эҳтиёжсизлик уларни айнитди. Қанча камбағаллар бор, қашшоқлик уларни бузуқликка етаклади. Қанча соғлом кишилар бор, доим соғ юриш уларни фасодга элтди. Қанча олимлар бор, илми уларни бузди. Қанча жоҳиллар бор, нодонлиги уларни фасодга ғарқ қилди.

*  *  *

(Мол йиғишга) ҳирсли бўлган киши (молдан) маҳрумдир. Бахил эса ёмонликка дучор. (Бу дунё) неъмати бир кун поёнига етади, уни қаттиқ талаб қилиш бадбахтликдир.

*  *  *

Эй Одам фарзанди! Сен бу дунёда бамисоли пашшага ўхшайсан: пашша асалга қўнар экан, чиқолмасдан ботиб қолади, сен ҳам худди шундайсан. Бошқаларга олов бўлиш учун ўзини куйдирган ўтин каби бўлма.

*  *  *

Агар сўзинг мулойим, амалинг қабиҳ бўлса, у ҳолда сен мунофиқларнинг раисисан. Агар зоҳиринг чиройли, ботининг хунук бўлса, у ҳолда сен ҳалокатга дучор бўлгувчилардансан.

*  *  *

Тадбирдек ҳаёт йўқ. Азият етказишдан тийилишдек тақво йўқ. Одобдан юксак муҳаббат йўқ. Тавбадек шафоат қилувчи йўқ. Илмдек ибодат йўқ. Аллоҳдан қўрқишдек салоту саловот йўқ. Сабр каби ғалаба, тавфиқ каби саодат йўқ. Ақлдан чиройлироқ зийнат, ҳилмдан меҳрибонроқ ҳамроҳ йўқ.

*  *  *

Гуноҳ қилар экансан, гуноҳнинг кичиклигига эмас, кимга осийлик қилаётганингга қара! Озгина ризқланар экансан, ризқингнинг озлигига эмас, ким бераётганига назар сол!

*  *  *

Агар қалбингда ғашлик, баданингда беморлик, ризқингда маҳрумлик, молингда камчилик топсанг, демак, билгинки, сен бефойда нарсани (кўп) гапирибсан.

*  *  *

Бой берганларингизга ғам чекмаслигингиз учун қўлингизга кирганларига ҳам суюниб кетманг. Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас.

*  *  *

Амалсиз илмнинг мисоли худди ёмғирсиз чақмоқ ва момақалдироққа ўхшайди. Амалсиз олим худди ипсиз камонга ўхшайди. Закотсиз мол худди қояга туз эккан кишига ўхшайди. Аҳмоқ ҳузурида қилинган мавъиза худди ҳайвон ёнидаги дуру гавҳарга ўхшайди. Илми бўлатуриб, қалби қаттиқ бўлган киши худди тошлоқ ерга ўхшайди. Рағбат қилмайдиган кишига қилинган насиҳат қабрлар олдида най чалишга ўхшайди. Ҳаромдан қилинган садақа худди кийимидаги ифлосликларни пешоби билан ювган кишига ўхшайди.

*  *  *

Яхшиликлардан маҳрумлик энг даҳшатли ўлимдир.

*  *  *

Амални холис бажарувчилар нақадар бахтиёр!

*  *  *

Сен икки неъмат орасида тонг оттирдинг. Улардан қай бири сенга зарарлироқ эканини билмайсан: одамлардан бекитилган гуноҳларингми ёки сен ҳақли бўлмаган ҳолда эшитган мақтовларингми? Агар одамлар сен ҳақингда Менинг билганларимни билганларида сенга салом ҳам беришмас эди. Ўша берганларимдан ҳам улуғроғи офият, одамларнинг ҳожати сенга тушиб турганида сенинг одамлардан беҳожат бўлишинг, уларнинг озоридан ҳимоя қилинишингдир.

*  *  *

Агар дунё сен томон юз тутса, ўлимни эсла, агар гуноҳни қасд қилсанг, тавбани эсла, мол-дунё қўлга киритсанг, ҳисоб-китобни эсла, таомга ўтирсанг, очларни эсла, нафсинг заифни (жазолашга) ундаса, Аллоҳнинг сенинг устингдаги қудратини эсла. Агар Аллоҳ хоҳласа, қудратини устингда ҳукмрон қилиб қўяди.

*  *  *

Билгин, албатта ҳалол нарса қатра-қатра бўлиб келади. Ҳаром нарса эса сел каби келади. Кимнинг ҳаёти соф-мусаффо бўлса, дини ҳам соф бўлур. Сен бойликка хурсанд бўлма, чунки у абадий эмас. Аллоҳнинг тоатига сабр қил, чунки Аллоҳ барча қийинчиликда ёрдам беради. Камбағалликдан безовта бўлма, чунки у сенга узил-кесил белгиланган нарса эмас. (Яъни, Аллоҳ фазлига олса, бойиб кетасан.) Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлма, чунки Аллоҳ кечирувчи ва раҳмли Зотдир. Гуноҳни тарк қил, чунки гуноҳ жаҳаннам томон кетаётган гуноҳкорнинг озиғидир. Бойликка хурсанд бўлма, чунки бойлик дунё ҳаётида азиз, охиратда эса хорлиқдир.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo