Айтиш жоизки, жаҳон иқтисодиёти ривожи, транспорт соҳаси тараққиёти, маҳаллий ва давлатлараро миграция жараёнининг тезлашуви одам савдоси билан шуғулланувчилар учун айни муддао бўлди ва улар ўзининг жирканч қилмишини янада ривожлантира бошлади. Бора-бора бу фаолият уюшган трансмиллий жиноят сифатида долзарб глобал муаммога айланди. Ачинарлиси шуки, айрим ғаразгўй кимсалар оддий одамлар ишончига кириб, уларга чет элда даромадли иш ваъда қилаяпти. Бунга учган кишилар эса оқибатда хўрлик ва камситишларга дучор бўлаяпти, қонунга зид равишда эксплуатация қилинаяпти.
Халқаро экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, жиноий синдикатларнинг ҳар йили одам савдосидан олаётган фойдаси 5–7 миллиард АҚШ долларини ташкил этаркан. Бу дунё миқёсида асосий истеъмол товарлари сотилишидан келадиган умумий даромадга тенг. Ер юзида ҳар йили миллионлаб киши одам савдоси қурбонига айланаяпти. Уларнинг 80 фоизи аёллар ва болалар эканини афсус билан тилга олиш лозим.
Жинсий эксплуатация мақсадида аёллар ва болаларни сотиш ташкиллаштирилган жиноий ҳодиса бўлиб, ушбу савдодан жабр кўрганларнинг хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқлари поймол бўлишига олиб келади. Бу катта даромад ва муайян хавфга эга жиноий фаолият бўлиб, жабрланувчиларнинг соғлиғига шикаст етказибгина қолмасдан, уларнинг шаъни оёқ ости бўлмоқда, гоҳида ҳаётига рахна солинмоқда.
Одам савдоси билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ аъзолари дунё миқёсида ҳаракат қилаётган маккор ва шафқатсиз жиноятчилар саналади ва улар ўз жиноятларини амалга оширишни енгиллаштириш учун замонавий технологиялардан, алоқа воситалари ва ноқонуний пул маблағларини “қонунийлаштириш” йўлидан фойдаланадилар.
Мамлакатимизда ҳам одам савдоси жиноятига қарши туриш, ундан жабр кўрганларга кўмак кўрсатиш, фуқароларимизнинг хорижда мақбул меҳнат шароитларида қонуний ишлашини таъминлаш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Шундай бўлсада, баъзи ҳолларда юртдошларимизнинг бузғунчи кимсаларнинг хийласига учиб, алданиб қолаётгани бор гап. Шундай экан, одам савдосига қарши кураш фақат бир тоифа – ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаси вакилларининггина иши деб қараш тўғри эмас, албатта. Бу ишга барча бирдек масъул бўлиши лозим. Оила, таълим масканлари, барча корхона-ташкилотлар, маҳалла ва энг муҳими, ҳар бир вояга етган шахснинг ўзи жавобгарликни ҳис эта билиши, одам савдоси жинояти хавфи ва оқибатлари ҳақида чуқур ўйлаб кўриши керак.
Биз тезкор асрда, турли характердаги ахборотлар, рекламалар оқимидан ақл шошиб қолар даражадаги даврда яшаяпмиз. Демак, кишилар тез фикрлайдиган, вақтида ҳар бир ҳодисанинг пировард натижаси ҳақида тезкор хулоса чиқара оладиган бўлиши, турли ҳою ҳаваслар қурбонига айланиб қолмаслиги учун бу борадаги тушунтириш-тарғибот ишларини доимий кучайтириб боришимиз керак.
Туйғун ХОЛМАТОВ, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари малакасини ошириш ўқув курслари бўлими бошлиғи