Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 ноябрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

26.12.2016


АЛЕКСАНДР БЕЛЯЕВНИНГ ОИЛАВИЙ ҚИССАСИ

 

ҚАЗНОҚ ТОМИДАН САКРАШ

Болалигида дадам парвоз этишни орзу қиларди. Лекин, гарчи бу ўша пайтларда қизиқ нарса бўлса ҳамки, аэропланда учишни эмас, қушлар каби эркин парвоз қилишни истарди. Бунинг учун қанот керак – у қанотларни оддий нарсалардан ясаганди. Шундай буюмлардан бири супурги эди, дадам уни қўлларига боғлаб, учишга уриниб кўрган. У отасининг каттакон соябонини очиб, қазноқ томидан сакрар экан. Ва ниҳоят, талаба бўлганидан сўнг, кичкина бипланда осмонга кўтарилди.  Дадамнинг ҳикоя қилишича, буни парвоз деб бўлмас экан, кўпроқ   тепаликдан сакраганга ўхшаркан. Машина мукаммал ишланмаган ва учувчининг ҳар бир ҳаракатидан ларзага келар, ҳатто битта акса урилса бас - шу заҳотиёқ ҳавода тўнтарилиб кетар экан.

Қазноқ томидан сакраш эса беиз кетмади. Бир куни дадам ерга ёмонроқ тушади. Бели ғарч этиб   кетади, бир неча кун оғриб юради. Аммо сўнг оғриқ ўтиб кетади ва дадам бу ҳақда унутиб ҳам юборади. Бироқ кейинчалик унда умуртқа    туберкулёзи бошланиб, дадам ногирон бўлиб қолган.

“ВАСЯ ЧЎКИБ КЕТДИ!”

Бир гал Саша Смоленск яқинида яшовчи амакисиникида меҳмонда эди. Иссиқ кунларнинг бирида болалар қайиқда сайр қилгани бормоқчи бўлишди. Ҳамма ака-ука, опа-сингиллар тўпланишди, фақат Сашанинг акаси Вася йўқ эди (Беляевлар оиласида уч фарзанд бор эди - Василий, Александр ва Нина).

Қайиққа ўтиришдан олдин Саша бир парча лой олди-да, ундан бош шаклини ясай бошлади. Нима қилаётганига аҳамият ҳам бермасдан, лойга шунчаки шакл бера бошлади. Лой парчасининг шакл-шамойили Васянинг юзига ўхшаётганди. Лекин юз ифодаси сира чиқмаётганди: у қандайдир қотиб қолган, ҳиссиз эди. Ишидан кўнгли тўлмаган Саша ўз “асар”ини сувга ташлаб юборди ва худди шу лаҳзада аллақандай ғалати безовталикни сезди. У соатига қаради ва қичқириб юборди:

- Мен уйга кетишим керак! Васяга нимадир бўлган!

Бу гапни Саша тушунарсиз бир ишонч билан айтганди. Уни фикридан қайтаришга уриниб кўришди, аммо у ҳеч нимани эшитишни истамасди. Ҳеч кимнинг қайиқда сайр қилгиси келмай қолди ва ҳаммалари Саша билан бирга уйга қайтишди.

Амакисининг уйи ёнида уларга кўзлари йиғидан қизариб кетган  аммалари пешвоз чиқди. У Васянинг сувга чўкиб кетганини айтди. Қанчалик ғалати кўринмасин, бу воқеа айнан Саша лойдан ясалган бошчани дарёга ирғитган вақтда содир бўлганди...

КЎЧА БОСҚИНЧИЛАРИГА

ҚАРШИ ЁЛҒИЗ ЎЗИ

Отам айтиб берган яна бир қизиқ воқеа ёдимга тушади.

Бир куни кеч тушганда у дўстлари билан меҳмондорчиликдан қайтарди. Осмон булутли эди. Ой бир лаҳзагина кўриниб, йўлни ёритар, сўнг яна ғойиб бўларди. Кўча чироқлари хира ёнар, йўлни ёритолмасди. Тўсатдан қоронғиликдан бир нечта йигит лоп этиб чиқишди ва йўловчилардан ҳамёнларини топширишни талаб қилишди. Босқинчилар кўпчилик, бунинг устига жисмоний жиҳатдан ҳам улардан кўра бақувватроқ кўринишарди. Дўстлар тараддудланиб қолишди. Шунда Александр олдинга чиқади, олға узатилган қўлида тўппонча тутган кўйи безорилар томон юради. У чуқур жимлик ичида, рақибларига қадам-бақадам яқинлашганича шошилмасдан одимларди. Аввалига улар саросимага тушишди, сўнг эса тумтарақай қочиб қолишади. Безорилар қоронғиликка сингиб кетгач, шу пайтгача жим турган дўстлари бараварига тилга киришди. Улар Александрнинг қўлида қурол пайдо бўлиб қолганидан таажжубда эди. Аён бўладики, аслида Сашада ҳеч қандай тўппонча бўлмаган. У безориларни кўрсаткич бармоғигагина кийдирилган қўлқоп билан қўрқитганди. Унинг қолган қисмини эса муштида маҳкам қисиб ушлаб олганди. Агар кўча ёруғ бўлганида унинг ҳийласи билиниб қоларди, лекин зимистон кечада қўлқоп худди тўппончага ўхшаб кўринган.

СТАНИСЛАВСКИЙ ТРУППАСИДА

Отам болалигиданоқ театрни севарди. Уйда унинг раҳбарлиги остида тез-тез спектакллар қўйишарди. Бу томошаларда отам ҳам драматург, ҳам режиссёр, ҳам актёр эди. У яшин тезлигида бир қиёфадан бошқасига ўтар, ҳар қандай ролни, ҳатто қизлар ролини ҳам ўйнайверарди. Тез орада бутун шаҳар Беляев театридан хабар топади. Бора-бора уй театри гастрол сафарларига чиқа бошлайди. Аввалига ҳали у, ҳали бу танишларникида томоша қўйишарди, кейинроқ ҳатто бошқа шаҳарларга бора бошлашди. Ҳамма вақт ҳам труппага омад ёр бўлавермасди. Театр баъзан бир чақаям ишлай олмас, артистларнинг ҳатто ортга қайтишга пуллари бўлмасди. Темир йўл бўйлаб уйга пиёда қайтган вақтлари бўларди. Бироқ уларнинг мақсади пул топиш эмас, энг муҳими, томоша қўйишса, бўлгани эди.

Бир куни Смоленскка Станиславский раҳбарлик қилаётган пойтахт труппаси келади. Александр Романович труппанинг бирорта томошасини ҳам ўтказиб юбормайди. Бир гал кутилмаганда бош ролдаги актёрлардан биттасининг овози бўғилиб қолади, ўрнига бировни қўйишнинг ҳам имкони топилмайди ва афишада эълон пайдо бўлади: “Артист касал бўлиб қолгани учун спектакль бекор қилинади”. Пойтахт труппасининг ташрифи шаҳарликлар учун камёб ҳодиса эди, шу боис   театр шайдолари бундан ниҳоятда хафа бўлишади. Труппа Смоленскни тарк этишга шайланаётгани ҳақида овоза тарқалади. Отам ҳам бундан бошқалардан кам хафа эмасди. Бироқ ҳайратланарли бир иш содир бўлади. Отамнинг томошаларидан хабардор бўлган ашаддий театр шайдоларидан бири Станиславскийга Беляев театри ҳақида сўзлаб беради ва Александр Романович касал бўлиб қолган актёр ўрнини эгаллаши мумкинлигига  ишора қилади.

Ва оқшомларнинг бирида, отам уйда йўқлигида уларникига баланд бўйли, озғин киши келади ва Александр Романовични кўрмоқчилигини билдиради. Гарчи ўғли кап-катта йигит бўлса-да, бувимнинг юраги шув этиб кетади. Отамга одам юборадилар. Уни топиб келишади ва у меҳмонни ўз хонасига таклиф қилади, улар узоқ суҳбатлашишади. Меҳмон кетгач, Александр онасига бу Станиславский эканлигини, у тоби қочиб қолган актёр ўрнига саҳнага чиқишни таклиф қилганини, икки кундан сўнг спектаклда роль ижро этишини айтади. Онаси ҳайратидан чапак чалиб юборади. Пойтахтлик актёрлар билан бирга спектаклда ўйнаш – бу ақлга сиғадиган ишми, ахир? Она ўғлини фикридан қайтаришга уриниб кўрди, аммо у бундан фақат кулди.

Спектакль жуда яхши ўтди. Смоленскликлар ҳамшаҳарларини қизғин қарши олишди ва уни узоқ вақт қарсак билан олқишлашди. Шундан сўнг отам то труппа ўз гастролини якунлаб, Москвага қайтгунига қадар яна бир неча спектаклда ўйнайди. Станиславский Александр Романовичга труппада қолишни таклиф қилади, аммо отам адвокат бўлиш учун ҳозирланаётгани боис буни рад этади.

“БИЛМАСАНГ, СЕЗМАСАНГ, БЎЛМАСАНГ…”

Отам оғир касал бўлиб қолади. Унинг иситмаси баланд эди. Шифокорлар плеврит ташхисини қўйишади. Уни пункция (текширувга намуна олиш учун бирор аъзога йўғон шприц санчиш) қилишади, аммо бу ёрдам бермайди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, унинг оёқлари ишламай қолади. Тажрибали шифокор излаб, бувим фалаж бўлиб қолган ўғли билан бир нечта шаҳарда бўлади ва ниҳоят, Ялтага етиб боради. Александр Романовичда умуртқа туберкулёзи борлиги аниқланади ва умуртқасини гипслаб ташлашади. Бу жараён шу қадар оғир ўтадики, шифокорлар натижа муваффақиятли чиқишига умид ҳам қилишмайди. Александр Романович бу пайтда бор-йўғи 35 ёшда эди. Ёш, соғлом, серҳаракат ва серғайрат йигитнинг тўсатдан тўшакка михланиб қолиши, устига  устак белидан бўйнига қадар гипсда ётиши ҳақиқий фожиа эди. Лекин тушкунликка тушиш ҳам ақлдан эмас. Александр Романович ҳаётга бўлган иштиёқини сўндирмади. У худди  аввалгидек атрофидаги ҳар бир воқеа-ҳодисага қизиқар, ажойиб суҳбатдош ва қиссагўй эди. Тўшакда ётган кўйи ўзига илмак ёрдамида худди чақалоқлар яктакчасига ўхшаган тугмасиз  кийим тўқиб олади. У орқа ўгириб ётар ва бошқачароқ  кийим унга тўғри ҳам келмасди...

Яхши одамлар кўмагида отамни Қизил Хоч касалхонасига ётқизадилар, у бир кишилик хонага жойлашади. Ўша вақтларда қоғоз-қалам сотиб олиш мушкул эди. Дўстлари унга ярим-ёрти қаламлар, қоғоз, ҳатто эски идора дафтарларини келтириб беришарди. Александр Романович жуда кўп шеър ёзарди. Шеърларидан бирида шундай сатрлар бор эди:

Кўз юмсанг ва қайта уйғонмай,

Ҳатто  ўз-ўзингни унутсанг.

Энг сўнгги тушга жим чўмганча,

Билмасанг, сезмасанг, бўлмасанг.

Қачонки отамни қўмсаб, дунё кўзимга тор кўрина бошласа, мен худди шу шеърни, айниқса, унинг охирги қаторини ёдга оламан. Мен ҳеч қачон оғриқ ва изтироб шу қадар ёрқин ифодаланган яна шундай    шеърни ўқимаганман...

Муаллиф: Светлана БЕЛЯЕВА.

Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.

Report typo