Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 сентябрь, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

30.07.2021


ҲАЛИ ФОЙДАЛАНИЛМАСДАН ҚУЛАЁТГАН КЎПРИК

Масъуллар бунга "лойиҳанинг эскилиги сабаб", дея изоҳ беришмоқда.

 Фотонигоҳ

Эсингизда бўлса, ўтган йили Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги Кўганли маҳалласида 2017 йилда 6,5 миллиард сўмга қуриб битказилган кўприк қулаб тушганлиги жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлган эди.

Қумқўрғондаги кўприк-ку икки йилга яқин вақт давомида хизмат қилган ва унга дарз кетишига қайсидир маънода дарёдан меъёридан ортиқ қум олиниши ва сув тошқинлари сабаб бўлган экан. Аммо Қарши халқа йўлида халқ тилида "Пистали ариғи" деб аталувчи зовур устига қурилган, ҳали фойдаланишга ҳам топширилмаган кўприкнинг нега чўкиб қолганини нима билан изоҳлаш мумкин?

Шу ўринда эслатиш жоизки, Биринчи   Президентимизнинг 2013 йил 25 июлдаги тегишли қарорига асосан, Қарши-Бухоро, Қарши-Самарқанд, Қарши-Шаҳрисабз ҳамда Қарши-Нишон-Талимаржон йўлларини ўзаро боғлаб, вилоятлар ёки шаҳарлараро ҳаракатланаётган автомобилларнинг Қарши шаҳрини айланиб ўтишини таъминлаш имконини берадиган 56 километрлик халқа йўли қурилиши белгиланган эди. Аммо турли сабабларга кўра лойиҳа ҳамон охирига етказилмай, шу кунга қадар айтилган йўлнинг фақатгина 8 километр қисми фойдаланишга топширилган.

Хусусан, халқа йўлининг Қарши-Бухоро ва Қарши-Самарқанд йўлларини ўзаро боғлаши керак бўлган қисми ҳам ниҳоясига етказилмаган. Йўлнинг асфальт ётқизилган қисмидан онда-сонда шу ерлик аҳоли ўз уловларида юриб қолишини ҳисобга олмаса, деярли қатнов йўқ.

Шундай экан, 2014 йилда "Пистали ариғи" устига қурилган кўприкнинг ҳали фойдаланилмасдан туриб ишдан чиқишига нима сабаб бўлган?

Маълум бўлишича, ушбу халқа йўли ва унга алоқадор бўлган барча қурилмалар учун ягона буюртмачи ташкилот "Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси" ДУК ҳисобланади ва бу масала бўйича барча масъулият ҳамон мазкур ташкилот зиммасида турибди. Ишлар эса бир қатор пудратчи ва ёрдамчи пудратчи ташкилотлар томонидан бажарилган.

Хусусан, "Пистали ариғи" устидаги кўприкнинг қурилиши "Қашқадарё кўприклардан фойдаланиш" унитар корхонаси томонидан амалга оширилган экан.

- Биз ўша вақтда кўприкни белгиланган лойиҳа бўйича қуриб берганмиз, - дейди корхона бош муҳандиси Неъмат Воҳидов. - Ҳозир кўприкда чўкиш кузатилганидан хабарим бор. Бироқ шусиз ҳам бу кўприк бузилиб, янги лойиҳа асосида замонга мослаб қайта қурилиши зарур эди. Дейлик,  аввал юк ташувчи машиналарнинг сиғими нари борса 10-25 тонна юкка мўлжалланган. Ҳозир эса 30-40 тонна юк билан келаяпти. Бу кўприклар бундай оғирликка бардош бера олмаслиги тайин. Яна бир гап, ўша вақтда бизда кўприк қуришда фойдаланиладиган бетон плиталар ҳам асосан 25 тоннагача юкка мослаб ишлаб чиқарилган. Бундан ортиғи йўқ эди. Мана энди аввалгидан бир неча баробар мустаҳкам бетон плиталар чиқарила бошланди. Ушбу кўприк ана шундай плиталардан фойдаланиб бир неча баробар кўп юк кўтаришга мўлжаллаб қайта қурилиши белгиланган.

Англаганимиз шу бўлдики, кўприкнинг чўкишига ундан техникаларнинг ўта оғир юк билан ўтиши сабаб бўлган. Аммо ҳали йўл фойдаланишга топширилмасидан туриб ўша оғир юкли техникалар қачон ўта қолди экан, деган савол пайдо бўлади. Қолаверса, техниканинг юк кўтариши қуввати ортишига қараб кўприкни бузиб қураверсак, унда уч-тўрт йилдан сўнг  70-80 тонна юк кўтарадиган машиналар пайдо бўлмаслигига ким кафолат беради? Хўш, унда бугун қураётган кўприкларимизни яна бузишга тушамизми?  Бу қайси мантиққа тўғри келади?

Шундай деймизу, масъулларимиз учун, балки сифатга эътибор қаратишдан кўра, бузиб қуриш кўпроқ манфаат келтирармикан, деган хаёлга ҳам борамиз. Ахир мақола аввалида айтиб ўтилган Қумқўрғондаги 6,5 миллиард сўмлик кўприк ҳам икки йилга бормай ишдан чиққач, уни таъмирлашга яна 9,6 миллиард сўм маблағ ажратилгани ҳақида эшитган эдик-да...

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo