Шубҳасиз, соҳада амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар, қурилиш ишлари, замонавий темир йўл тизимининг барпо этилишида мамлакатимиз темир йўл транспорти тизими ишчи-ходимлари фидойилик намойиш этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги, 4 августдаги “Мамлакатимиз темир йўл соҳаси ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонлари ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти жамоасига йўллаган байрам табригида билдирилган фикрлар соҳа ходимларига бўлган яққол эътибор ва эҳтиром намунаси бўлди.
Президентимиз фармонига асосан, бир гуруҳ темир йўл соҳаси ходимлари мамлакатимиз темир йўл транспорти соҳасидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, тармоқни замон талаблари асосида ривожлантириш, минтақа ва жаҳон миқёсида муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш борасидаги катта хизматлари, республикамизда темир йўл транспорти коммуникацияларининг мустақил, ягона ва яхлит тизимини яратиш, халқаро стандарт ва талабларга мос янги темир йўлларни барпо этиш, тармоқнинг барқарор ва самарали ишлашини таъминлаш ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун давлатимизнинг қатор юксак орден ва медаллари билан тақдирланди.
Улар орасида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг Қарши электр таъминоти корхонаси электромеханиги Али Холмаматов ҳам бор. У 27 йилдан буён шу соҳада меҳнат қилиб келмоқда.
- Президентимиз фармонига асосан “Дўстлик” ордени билан мукофотланганимни эшитиб, қанчалик қувонганимни таърифлаб бера олмайман, - дейди у. – Мен каби оддий бир ходимнинг озгина меҳнатини инобатга олиб, шундай юксак орден билан тақдирлагани учун давлатимиз раҳбаридан миннатдорман. Қолаверса, бу орден вилоятимиздаги барча темир йўл ходимларига берилган мукофот деб биламан. Менинг бу ютуқларимда ҳамкасбларимнинг, хусусан, Қарши электр таъминоти корхонаси жамоасининг муносиб ҳиссаси бор. Бундан кейин ҳам бор куч ва ғайратим билан меҳнат қилиб, Президентимизнинг, халқимизнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, бугун темир йўлларда транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда энг сўнгги русумдаги техника-технологиялардан кенг фойдаланилади. Хусусан, замонавий алоқа воситалари, йўл ўтказгичлар ва кўрсаткичларнинг бехато ишлашида эса электр таъминоти тизими созлиги муҳим аҳамият касб этди. Али Холмаматов эса ана шу масъулиятли ишни зиммасига олган фидойи темир йўлчилардан бири. Биз унинг кейинги фаолиятига ҳам муваффақиятлар тилаймиз.