Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳрух АМИНОВ

21.01.2017


АЛИМЕНТ ТЎЛАШДАН БЎЙИН ТОВЛАГАНДИ

Битта ажрим - жамиятда битта кемтиклик юзага келди, дегани. Оила парчаланишидан биринчи навбатда болалар жабр кўради. Чунки улар яхши ўқиб, билим олиши, ўзи қизиққан соҳада машғул бўлиши, умуман ҳаёт кечириши учун моддий таъминот керак. Ота-онанинг ажрашиши эса ана шу таъминотни йўққа чиқаради. Афсуски, шундай ота-оналар ҳам учрайдики, ажрашиб кетгани етмагандай фарзандларининг кейинги тақдирига ҳам бефарқ бўлишади, уларни моддий таъминлаш вазифаси қонун билан белгилаб қўйилган бўлса-да, бунга эътибор қаратишмайди.

Касби туманилик Саттор Пирнафасовнинг ҳам оилавий келишмовчилик сабаб турмуш ўртоғи Рая Эгамназарова билан кейинги ҳаёт йўллари ўзаро кесишмади.

Пирнафасов Саттор Мамашоевич - 1967 йилда Касби туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта, оилали, 5 нафар фарзанди бор. Муқаддам 2 марта судланган. Ҳеч қаерда ишламайди, Касби тумани Денов қишлоғида яшаган.

Эр-хотин бирга яшамай кетдию, орада уч ёшга етай деб қолган бир нафар фарзанд бор эди. Аммо Саттор Пирнафасов ёш қизчасининг қандай ҳаёт кечираётгани, кимнинг қўлига қараб яшаётгани билан қизиқмади, бунинг учун зарур бўладиган ўз зиммасидаги маблағни тўлаб қўйишни эса хаёлига ҳам келтирмади.

Фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро суди томонидан 2014 йил 19 февралда С.Пирнафасов ҳисобидан Р.Эгамназарова фойдасига алимент ундириш хусусида ижро ҳужжати чиқарилган бўлса-да, С.Пирнафасов бунга риоя қилмай келган. Бунга ўзининг ҳеч қаерда ишламаслигини сабаб қилиб кўрсатган. Шундай қилсам, ҳеч ким мендан алимент талаб қилолмайди, деган хомхаёлга борган.

Кейин фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг шу борадаги суд буйруғига асосан ижро иши қўзғатилиб, суд ижрочилари томонидан қарздорга бир неча бор огоҳлантириш хати берилганига қарамасдан, мажбурий ижро ҳаракатлари олиб бориш жараёнида, қарздор Саттор Пирнафасов ҳеч қаерда ишламаган ёки бирор жойда ишлаши тўғрисида маълумот тақдим қилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 140-моддаси талабига мувофиқ, алимент тўлаши шарт бўлган шахс бирор-бир жойда ишламаган тақдирда ёки муайян бир жойда буйруқ асосида ишлаб туриб, ушбу иш  жойида фаолият юритаётганлиги ҳақида  тегишли ҳужжатни тақдим қилмаган тақдирда алимент пули Ўзбекистон  Республикасида амалда бўлган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилиши кўрсатилган.

Шу сабабли Рая Эгамназарова фойдасига вояга етмаган 1 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун С.Пирнафасов Ўзбекистон Республикасидаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб, ҳар ойда 263 минг 600 сўм, бундан ташқари ойига 48 минг сўмдан белгиланган қатъий сумма тўлаши кўрсатилган бўлиб, бу 2015 йил 20 апрелдан 2016 йил 20 май кунига қадар 4 миллион 51 минг 476 сўмни ташкил қилади.

2016 йил 12 октябрда жиноят ишлари бўйича Касби туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида судланувчи Саттор Пирнафасовнинг жиноят содир қилганликдаги айби Касби туман суд ижрочилари бўлими катта суд ижрочисининг алимент пули тўлашдан бўйин товлангани тўғрисидаги тақдимномаси, Р.Эгамназарова фойдасига фарзанди моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги суд буйруғи, огоҳлантириш хатлари, тушунтириш хатлари ва бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топди.

Суд судланувчи С.Пирнафасовга жазо тайинлашда унинг қилмишидан пушаймонлигини, айни пайтда йиллар давомида алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлаб келганини, муқаддам судланиб ҳам тўғри хулоса чиқармаганини, такроран жиноятга қўл урганини инобатга олди.

Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 2-қисми билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, унинг ҳисобидан Р.Эгамназарова фойдасига 4 миллион 51 минг 476 сўм миқдорида алимент тўлови ундирилиши белгиланди.

Ҳайрон қоласан киши: С.Пирнафасов зўр бериб тўламасликка тиришган пул бировга эмас, ўз жигарбандига, фарзандига берилиши лозим маблағ эди. У эса буни истамади. Аслида у ота сифатида боласидан нафақат моддий, балки маънавий ёрдамини ҳам аямаслиги зарур эди. Саттор Пирнафасовга эса бола эмас, баҳона афзал кўринди. Осон туюлди. Аммо қонун унга тўғри йўлни кўрсатиб қўйди.

Шоҳрух АМИНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи

Report typo