Демак, яна алимент масаласида тўхталамиз. Бу борадаги саволларимизга Косон туман прокурорининг ёрдамчиси, адлия маслаҳатчиси М.ПАРМОНОВ жавоб беради.
- Алимент тўлашдан бош тортиш, бу масалага беписанд қараш ҳолатларига нисбатан қонунчиликда қандай чоралар белгиланган?
- Мамлакатимиз Конституциясининг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар, деб таъкидланади. Оила кодексининг 116-моддасида эса вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ушбу кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб уч ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ жазоси қўллашга сабаб бўлади.
Масалан, Косон туманилик Бекзод Тилаков вояга етмаган 4 нафар фарзанди моддий таъминоти учун 2014 йил 10 июндан 2014 йил 1 декабрга қадар жами 2 миллион 150 минг 204 сўм миқдордаги алимент пулларини тўлашдан бўйин товлайди. У дастлабки тергов органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси билан айбланиб, иш юзасидан тўпланган ҳужжатлар судга юборилади ва у суд жараёнида алимент қарздорлигини тўлиқ тўлаб берди. Ёки косонлик Маманазар Юлдашев 2010 йил август ойидан 2014 йил ноябрь ойига қадар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун тўланиши лозим бўлган 13 миллион 154 минг 195 сўм алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келгани учун жиноят ишлари бўйича Косон туман судининг 2015 йил 20 январдаги ҳукми билан айбли деб топилди ва унга 3 ой қамоқ жазоси тайинланди.
- Ундириш тартиби қандай?
- Оила кодексининг алимент мажбуриятларида алимент ундиришнинг уч хил тартиби белгиланган бўлиб, алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш, алиментни ихтиёрий тўлаш ва алиментни суд тартибида ундириш мумкин.
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув (алимент миқдори, шартлари ва тўлаш тартиби) алимент тўлаши шарт бўлган шахс билан алимент олувчи ўртасида тузилади.
Оила кодексининг 131-моддасида келишувни ёзма равишда тузиш ва уни нотариал тарзда тасдиқлаш шартлиги белгиланган. Нотариал тартибда тасдиқланмаган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ҳақиқий ҳисобланмайди.
- Миқдори қандай белгиланади?
- Келишувга мувофиқ вояга етмаган фарзандлар учун белгиланадиган алимент миқдори улар суд тартибида ундирганда олиши мумкин бўлган алимент миқдоридан кам бўлмаслиги керак. Бу миқдор Оила кодексининг 99-моддаси асосида белгилаб қўйилган бўлиб, бир бола учун иш ҳақи ёки бошқа даромаднинг тўртдан бир қисмини, икки бола учун учдан бир қисмини ва уч нафар ҳамда ундан ортиқ бола учун иккидан бир қисмини ташкил қилади.
Алимент уни тўлашга мажбур шахснинг иш ҳақи ва бошқа даромадига нисбатан мунтазам (ҳар ойда, ҳар чоракда ва шу каби) тўланадиган қатъий пул миқдорида, мулк бериш йўли билан, шунингдек, бошқа усулларда ҳам ҳисоб-китоб қилиниши мумкин.
- Суд тартибида ундириш қандай амалга оширилади?
- Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Алимент судга мурожаат этилган вақтдан бошлаб ундирилади. Агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилгани, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортгани оқибатида алимент олинмагани суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкинлиги Оила кодексида белгилаб қўйилган.
Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.