Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

09.02.2023


АЛИШЕР НАВОИЙ ВА ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР - ДУНЁ НИГОҲИДА

Аждодларимиз ва биз

Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур улкан мероси - бепоён уммон, уммонки, ундан дуру гавҳар терасиз. Бу фақат бизнинг нуқтаи назар эмас. Дунё миқёсидаги олимлар, адабиётшунослар, турли соҳа вакиллари фикрларига қулоқ тутаркансиз, бунга тўла амин бўласиз.

Саройда яшади, аммо сарой шоирига айланмади

Буюк Британия музейи қўлёзмалар фонди раҳбари, профессор Майкл Жеймс Эрдман шундай дейди: "Алишер Навоий бош вазир сифатида узоқ йиллар давлат бошқарувининг энг муҳим ва нозик бўғинларида, суд-адлия, ички ишлар, солиқ тизими, ташқи дипломатик алоқалар, ички низолар, чегара муаммолари, умумхалқ йиғинлари ҳамда тадбирларида давлат ва халқ манфаатларини уйғунлаштирди, ҳимоя қилди. Навоий давлат хизматини мансаб ва обрў учун эмас, балки миллат қадриятларини тиклаш ҳамда бутун дунёга тан олдиришдек улкан вазифани амалга ошириш учун бир имконият ва восита, деб билди".

Дарҳақиқат, манбаларда Алишер Навоийнинг бир кунлик даромади 18 минг шоҳрухий динорга тенглиги ҳақида айтилади. Шунча бойлиги бўлган одам бошқа жойларда, айниқса, айни замонда нималар билан банд? Маблағини қай мақсадлар йўлида сарф этмоқда?

Алишер Навоий даромадини масжидлар, мадрасалар, кўприклар қуришга, мискинларга емак ва кийим-бош беришга, қобилиятли кишиларни қўллаб-қувватлашга, борингки, эл-юрт ишларига йўналтирган экан.

Ўз-ўзидан бундай инсонни дунё аҳли эътироф этмаслиги мумкин эмас. Бинобарин, немис шарқшунослари Ҳаммер Пургшталь, Альфред Курелла, Зигфрид Клайнмихел, Клаус Шёнинг, Марк Кирхнер ва венгер олими Ҳерман Вамбери ўз замоналарида яратган илмий тадқиқотлари орқали буюк бобомизнинг улкан маданий-маънавий меросини Ғарб жамоатчилигига танитишга ўз ҳиссасини қўшган.

1557 йилда Христофор Армянский исмли шахс томонидан форсчадан итальянчага ўгирилган шоҳ Сарандипнинг уч ўғли ҳақидаги саргузашт Алишер Навоий "Хамса"сидаги "Сабъаи сайёр" бир бўлимининг таржимаси экани диққатга сазовор. Дастлаб итальянчага ўгирилган бу китоб икки аср мобайнида Ғарбий Европа тилларида ўн бир маротаба, жумладан, француз тилида XVIII аср бошларида (1719) нашр этилган.

Алишер Навоий асарларини ўрганиш ва таржима қилиш ишларига француз шарқшуноси, Франциянинг Истанбулдаги бош элчиси Франсуа Белен ҳам сезиларли ҳисса қўшган. 1861 йилда Белен "Осиё" журналида Навоийнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига доир "Алишер Навоий ҳақида биографик ва адабий қайдлар" номли катта мақоласини эълон қилади. Мақола шу йилнинг ўзида алоҳида китобча ҳолида нашр этилади. Белен эски ўзбек ва форс тилларидаги манбалар ҳамда Навоий замондошларининг маълумотларини ўрганган ҳолда шоирнинг таржимаи ҳолини тузишга жиддий киришади. У кўп ўтмай Париждаги миллий кутубхонада сақланаётган 1526 йилга мансуб қўлёзма тарихини аниқлайди. Тадқиқотчи "Навоий миллий тилдан фойдаланиб, унинг бойлигини фавқулодда кенг кўламда намойиш этиб, чинакам ватанпарварлик намунасини кўрсатди", "Алишер Навоий замонасининг энг таниқли ва нуфузли шоирларидан бири эди", деган ҳаққоний хулосалар чиқаради.

1926 йилда Люсьен Бува ўз мақоласида Навоийни олий унвон ва мансабга интилмайдиган камтарин, инсонпарвар одам сифатида таърифлайди. У шоирнинг кенг қамровли олижаноб фаолиятини алоҳида таъкидлайди ва Ҳиротда бунёд этган иншоотларини, асарлари рўйхатини санаб кўрсатади.

Навоийнинг сиёсатдаги ўрни бошқа шоири замонлардан шуниси билан фарқ қиладики, у ҳеч қачон сарой  шоири, маддоҳ сифатида бўй кўрсатмади, ўз замонасини, қандайдир амалдорларни буюк ҳаяжон билан мадҳ этмади. Унинг идеаллари юксак эдики, бу идеаллар ҳукмдор учун ҳам, бошқа якка шахс учун ва халқу жамият учун ҳам бирдек баробар эди.

Машҳур ёзувчи Луи Арагон Навоийнинг давлат арбоби, маданият ҳомийси сифатидаги муҳим тарихий хизматларини алоҳида таъкидлаган. Масалан, унинг вазирлик давридаги эл-юрт фаровонлиги, халқ осойишталиги йўлидаги фаолиятини алоҳида таъкидлайди. Ҳатто Навоийнинг "Лайли ва Мажнун" асари таъсирида 1963 йили "Мажнун Эльза" тўпламини чоп эттиради. Арагон ушбу китобидаги лирик қаҳрамон Эльзани Шарқ классиклари қаламига мансуб "Лайли ва Мажнун" достонидаги Қайснинг севгилиси Лайлига ўхшатаркан, ўз ишқига муносиб соҳибжамол қиёфасида тасвирлашга ҳаракат қилади.

Эскалатор, автомобиль, телевизор, робот, сув ости кемаси - ҳаммаси Навоий асарларида борми?

ОАВ маълумотларига кўра, шaрқшунoс Бeртeльс 1948 йилдa эълон қилинган "Нaвoий" номли мoнoгрaфиясида эскaлaтoр ва aвтoмoбиль Нaвoий кашфиёти экaнини таъкидлаган экан. Жумладан, "Сaбъaи сaйёр" дoстoнидa пoдшoҳ Зaйд учун ясалган олтин тахтнинг зиналари ўзиюрар бўлиб, ҳукмдорни тахтга олиб чиқиб қўяди.

"Фaрҳoд вa Ширин" дoстoнидa xoҳлaгaн oдaмни хоҳлагaн вaқтдa кўрсaтa oладигaн бугунги тeлeвизoрнинг илк асослари ҳақида айтилади.

Асарда роботга доя бўлган темир одамлар ҳақида ҳам сўз бор.

Навоий осмондан ерни кузатувчи қурилма - бугунги НУЖ, яъни номаълум учар жисмлар ҳақида фикр билдирган. "Садди Искандарий"дa шаффоф кeмaсидa сувoсти ҳaётини ўргaнгaн ҳукмдор тасвири кўринади...

Турмада ёзилган китобда - Бобур ҳақида...

Бобур - шоҳ ва шоир, адабиётшунос, тилшунос, санъатшунос, этнограф, ҳайвонот ва наботот оламининг билимдони сифатида бутун дунёда машҳур. Биргина "Бобурнома"дан унинг 20 дан ортиқ соҳага қизиққанини билиш мумкин.

Ҳиндистон давлат, сиёсий ва жамоат арбоби Жавоҳарлаъл Неру (1889-1964) ўз юртида бир неча юз йилликлар давомида ҳукмронлик қилган Бобурийларга қизиқмаслиги мумкин эмасди. "Жаҳон тарихига бир назар" китобини Неру турмада, қизига бағишлаб ёзган эди. Китобда шундай фикрларни ўқиш мумкин:

"Бобур Самарқанд тахтини эгаллаганида бор-йўғи ўн бир яшар ўспирин эди. Сенинг юртдошларинг бу ёшда мактабга боришади. Султонлик эса мушкул вазифа. Ҳар тарафдан уни душманлар қуршаб олганди. Унга шу ёшида муҳораба майдонларида от суришга, жанг-жадал қиличини тутишга тўғри келди. Тахтини йўқотиб, ўзининг долғали умр йўлидаги жуда кўп саргузаштларни бошидан кечириб, яна қайтиб олди. Шунда ҳам назму наво, санъат билан ошнолигини қўймади. Кобулни фатҳ этгандан сўнг, Ҳинд тоғлари орқали Ҳиндистонга кириб келди. Қўшини оз сонли бўлса-да, у ўша   вақтларда Оврўпо ва Ғарбий Осиёда урф бўлаётган ўточар қуролларга эга эди".

Бобур ёшлигидаёқ шунча хавф-хатар гирдобида яшаган бўлса-да, ижодий ишдан деярли тўхтамаган. Ёзганларига эътибор беринг: "Бобурнома", "Кобул девони", "Ҳинд девони", солиқларни тартибга солиш ҳақидаги "Мубаййин", аруз вазни ҳақида "Мухтасар" - булар бизгача етиб келганлари. "Ҳарб иши", "Мусиқа илми" деган асарлари топилмаган. "Чоргоҳ" мақомига "савт"лар битгани, Хўжа Аҳрор Валийнинг "Волидия" асарини шеърий йўл билан ўзбекчага ўгирганига нима дейсиз?!

Қиличи - Нью-Йоркда, олмоси - Буюк Британияда

Бугунги кунда Бобур ва Бобурийларга тааллуқли кўплаб моддий бойлик ва асарлар, қўлёзмалар дунё бўйлаб кенг тарқалган. Масалан, Бобурга тегишли ноёб қилич Нью-Йоркнинг Метрополитен музейида сақланади. Унга инъом қилинган Кўҳинур олмоси эса Буюк Британия қироллик оиласи томонидан тасарруф этилади.

Ҳиндистонда ҳам Бобур ва Бобурийларга тегишли буюмлар, тарихий манбалар жуда кўп. 1528 йилда ёзилган "Девони Бобур"нинг асл қўлёзмаси ва 1640 йилда чизилган "Шаҳзода Доро Шукуҳнинг тўй маросими" миниатюрасининг нусхалари шулар жумласидан.

Дунёдаги ёзма ёдгорликларнинг энг яхшиси қайси?

Стефан Дэйл "Бобурнинг саккиз жаннат боғи ва Марказий Осиё,    Афғонистон ва Ҳиндистондаги империя маданияти" китобида қўлига "Бобурнома"нинг Акбаршоҳ даврида форс тилига қилинган таржимаси тушиб қолгани, китоб Камолиддин Беҳзод томонидан ишланган миниатюралар билан безалгани ва бу расмларнинг асосий қаҳрамони - Бобурга қизиқиш уйғонгани ҳақида таъкидлайди.

"Бобурнома" 4 марта форсийда, 4 марта инглизчада, 2 мартадан олмон, фаранг ва турк тилларида, 4 бора рус тилида, бир мартадан голланд, итальян, ҳинд, урду, япон, польяк ва уйғур тилларида чоп қилинган.

Бунинг асосий сабаби, унда Марказий Осиё ва Ҳиндистоннинг XVI асрдаги манзаралари, тарихи, географияси, этнография ва этнологияси мукаммал намоён бўлади. Айни пайтда Бобурнинг миллатлар, динлар ва мазҳаблараро тўқнашувлар орасида барқарор давлатга асос солиши унинг юксак илмий ва ижодий имконият, катта ҳарбий ва сиёсий салоҳият, шунинг баробарида мукаммал ақл-заковатга эга бўлганини кўрсатади. Бундай хислатларга эга киши эса ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Шунинг учун "Бобурнома" босмахоналар иш бошлаган замонларданоқ турли жойларда нашр этила бошланди: 1857 йилда Қозонда Н.Ильминский томонидан, 1905 йилда Лондонда А.Бевериж хоним томонидан чоп эттирилгани бунга мисол бўлади.

Нидерланд олими Витсен "Бобурнома" Осиёнинг ҳаққоний тарихини акс эттирувчи бебаҳо асар" деб ёзса, инглиз адиби, "Бобурнома" таржимони Бевериж хоним "Бу асар бутун дунё тарихида яратилган ёзма ёдгорликларнинг энг яхшиси", деб эътироф этади.

Франциялик олим де Куртейл Бобур ҳақидаги фикрларни жамлаб "Бобурийлар салтанати Ҳиндистонга абадиятга дахлдор уч буюк неъматни - Бобур тимсолида улуғ адабиётни, маданият жабҳасида урду тилини, бунёдкорлик борасида Тожмаҳални инъом этди", дея таъкидлаган. Инглиз тарихчиси Лейн Паул "Бобур Шарқ тарихидаги энг мафтункор шахс" деса, немис олими Клайнрот "Бобур жасур, улуғвор, буюк иқтидор эгаси эди", деб эътироф этади.

* * *

Албатта, буюк аждодларимиз ҳақидаги эътирофларни, тарихий хизматларни кўплаб келтириш мумкин. Шуниси аниқки, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурни англаш миллат онгу тафаккури юксалишига хизмат қилади, аслида бу аждодларимиз олдидаги маънавий бурчимиз эканини унутмасак бўлди.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo