Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шерхон ҚОРАЕВ,

27.01.2022


АЛИШЕР НАВОИЙНИ БОШЛАНҒИЧ МАКТАБДА КИМ ЎҚИТГАН?

Ҳазрат таваллудининг 581 йиллиги олдидан

Манбалар гувоҳлик берадики, Алишер Навоий тўрт ёшида бошланғич мактабга борган. Отаси Ғиёсиддин Баҳодир Хуросонда сарой амалдори бўлганлиги сабабли бўлажак даҳо темурийлар саройи педагогларидан дастлаб диний таълим олган, ўз даврининг жаҳон тиллари - араб ва форс забонларини мукаммал ўрганган.

Шоир Камолиддин Ҳусайн Фаноий "Мажолис ул-ушшоқ" асарида у ҳам Навоий билан бошланғич мактаб, яъни "дабистонда (бошланғич мактаб шундай аталган) ҳамсабоқ бўлганини" ёзган.

Ҳиротлик тарихчи Ғиёсиддин Хондамир "Макорим ул-ахлоқ" асарида зикр этилишича, "Фазл ва камол  доирасининг маркази бўлган у зот  (Навоий)нинг ёши тўртдан ўтганда, қазо маҳкамаси унинг парвариш ва тарбиясини осмон мактабига муаллим бўларлик Аторуд каби кўнгли равшан бир адибга топширди. Улуғ мартабали Соҳибқирон (Ҳусайн Бойқаро) билан биргаликда мактабга бориб, дарс ўқишга киришди. Тангри марҳамати билан оз вақт ичида дарсларни ўзлаштиришда ўз шерикларидан илгарилаб кетди. Нозик таъбнинг софлик ва соғломлик овозаси оламга ёйилди ва муборак фикрининг дадиллиги ҳақидаги сўзлар халқ орасида оғиздан оғизга кўчиб юрди".

Хўш, Аторудга тенглашадиган, юксак мақомли адиб мулла - муаллим ким? Навоийнинг қўлига илк марта қалам тутган, исмига "мулла" (Хуросонда илмли инсонлар, устозлар номига "мулла" сўзи қўшиб айтилган. Ҳатто, айрим тарихий, адабий манбалар, "Бобурнома"да буюк шоир ва мутафаккир Абдураҳмон Жомий ҳам "Мулла Жомий" деб тилга олинади) сўзи қўшиб айтилган устоз ҳақида нималарни биламиз?

Филолог Бердақ Юсуф нашр эттирган "Навоий тили луғати"да Аторуд - Меркурий сайёраси деб изоҳланади. Демак, Хондамир коинот-осмонда ўз ўрнига эга бўлган Аторуд бўларлик муаллим деганда, бир томондан, унинг юксаклик чархида турувчи устоз, ижод аҳли ҳомийси, Хуросон мамлакатидаги улуғ мартабали инсон ва салоҳиятли олим, таниқли шоир, сўз санъаткори эканлигига ишора қилади. Иккинчи томондан, унинг олийнасаб инсонлар фарзандларига таълим-тарбия берадиган, темурийлар хонадони ишончини қозонган тажрибали ўқитувчи бўлгани маълум бўлади.

Навоий томонидан ўзининг "Маҳбуб ул-қулуб" асарида билдирилган мактаб муаллими ҳақидаги қуйидаги фикрлар, бизнингча шоирлар султонининг биринчи устозига ҳам тааллуқли: "Мактабдор домла эса бир тўда болага илм-адаб ўргатади. Бунга нима етсин! Лекин шуниси ҳам борки, болалар орасида фаҳми-идроки озлари бўлади. Муаллим бу каби ҳолларда юзлаб машаққат   чекади. Шу жиҳатдан олганда, болаларда унинг ҳаққи кўп; агар шогирд улғайгач, подшоҳлик мартабасига эришса ҳам ўз муаллимига қуллуқ қилса арзийди. Бинобарин, шогирд шайх ул-ислом ва қозилик даражасига кўтарилганда ҳам устози ундан рози бўлса, Тангри ҳам рози бўлади". Яъни,

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмуш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

Шоир ўзи эътироф қилганидек, бошланғич мактабда таълим берган устозини кези келиб рози қилганига, ҳақини адо этганига, бошига кўтарганига шак-шубҳа йўқ. Аммо ўқувчини ўша улуғ шахснинг кимлиги қизиқтиради. Наҳотки, темурийлар салтанати келажаги - фарзандларига таълим-тарбия берган, Хондамир таъбири билан айтганда, ўз даврининг маълум ва машҳур мактаб домласи номи бирор-бир тарихий асарда, адабий манбада қайд этилмаган бўлса?

Навоий бу улуғ устоз раҳбарлигида мактабда Каломуллоҳ (Қуръони карим)дан ташқари,  Саъдий Шерозийнинг тасаввуф таълимоти билан суғорилган "Гулистон" ва "Бўстон" асарларидан сабоқ олган.

Ёдима мундоқ келур бу можаро,

Ким туфилият чоғи мактаб аро.

Ким чекар атфол маҳруми забун,

Ҳар тарафдин бир сабақ забтиға ун.

Эмгонурлар чун сабақ озоридин,

Ё Каломуллоҳнинг такроридин.

Истабон ташхиси хотир устод,

Назм ўқутурким равон бўлсун савод.

Насрдин баъзи ўқур ҳам достон,

Бу "Гулистон" янглиғу ул "Бўстон".

Яъни, "Ҳеч эсимдан чиқмайди: мактабда ўқиб юрган пайтларим эди. Синфдошларим дарсликдан бош кўтармай, билим олишга зўр беришарди. Улар Каломуллоҳ оятларини тинмай такрорлар, дарсларнинг    мураккаблигидан қийналардилар. Муаллим хотирамизни мустаҳкамлаш, зеҳнимизни ўткирлаш ва саводимизни равон қилиш учун шеъру достонлар ўқитар, ёд олдирар эди. Баъзан насрий "Гулистон"ни мутолаа қилсак, гоҳо "Бўстон" каби шеърий асарларни қироат қилар эдик. Мен Фаридиддин Атторнинг "Мантиқ ут-тайр" достонига айниқса алоҳида меҳр қўйдим. Бу асарни такрор-такрор ўқир эдим, ўқиганим сайин кўнглим яйрар эди. Бу достон шунчалик ром қилиб олдики, бошқа китобларга қарагим келмай қолди. Ажойиб ҳикоятлар ром қилди, қуш тилидан айтилган киноя ва мажозий фикрлар юрагимга муҳрланди. Достондаги фикрлар, ҳикматлар моҳиятини англашга уринардим, айнан қайси мақсадда айтилганини билишга ҳаракат қилардим. Мазкур достон мутолааси ва мушоҳадаси наинки юрагимни шавқу завққа тўлдирар, ҳатто лолу ҳайрон қиларди. Бинобарин, бу достонни сира қўлимдан қўймас эдим, унга меҳрим тобора ортар эди", деб ёзилади "Лисон ут-тайр"нинг насрий баёнида Навоий тилидан.

Адабиётшунос олима Гулчеҳра Избуллаеванинг ёзишича, Ўрта асрларда барча мусулмон мамлакатларида бошланғич таълим масжидлар қошидаги мактабларда берилган ва беш йилга мўлжалланган, уларга ўқувчилар 4-5 ёшдан қабул қилинган. Ўғил болалар масжид имомлари, қизлар аёл халфалар қўлида тарбияланган. Бошланғич мактабларда араб ёзуви ва ўқиш, Қуръони карим ва ҳадисдан олинган намуналар, абжад ҳисоби, шеърий китоблар, панднома, ахлоқ-одоб қоидалари ўқитилган. Ўқувчилар ўқитилиш босқичига қараб "Ҳафтиякхон", "Абжадхон" ва "Қуръонхон" деб юритилган.

Ҳазрат асарларидан маълум бўладики, у олти ёшдалик пайтида Эроннинг Тафт қишлоғида тарихчи Шарафиддин Али Яздий билан учрашади ва буюк муаррих ёш Алишернинг мактабга борган-бормагани билан қизиқади: "Мавлоно (Яздий) бир раҳбада ўлтуруб эрмишлар, тушган жамоатнинг кайфиятин маълум қилмоқ учун атфол (болалар)дин бирини тиладилар. Фақир алар сори борурға муваффақ бўлдум. Ҳар неким сўрдилар, жавоб айтдим. Табассум қилиб таҳсин қилдилар; дағи сўрдиларким, мактабға борубмусен? Дедимким: борибмен. Дедиларким: не ергача ўқубсен? Дедимки: "Таборак" сурасиғача. Дедиларким: бу жамоат атфолидин биз тилаганда, сен келиб биз била ошно бўлдунг, сенинг учун фотиҳа ўқули, деб ўз фотиҳалариға мушарраф қилдилар".

Демак, шоирлар султони бошланғич мактабда диний китобларни кўп мутолаа қилган. Бинобарин, Хондамир таъбири билан айтганда, Навоий бошланғич мактабнинг аълочи ўқувчиларидан бўлган. Қолаверса, у ўқиш давомида истеъдоди билан номи тарих қатларида яширинган улуғ устозининг олқишига сазовор бўлган.

Мухтасар айтганда, улуғ муаллим ўқитган мактаб ўқувчиларининг кўпчилиги етук мартабаларга эришган. Бири 36 йил давомида Хуросонга  ҳукмдорлик қилган темурий султон Ҳусайн Бойқаро бўлса, иккинчиси Темур тиғи етмаган жойни қалам билан олган Алишер Навоий. Учинчиси эса биз юқорида номини зикр этган шоир ва адабиётшунос Камолиддин Ҳусайн Фаноийдир.

Улуғ муаллим сабоқ берган бундай буюк зотларнинг сафи анча кенг бўлган, эҳтимол. Фақат уларнинг айримлари номларини биламиз, холос. Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, шуҳрати оламни тутган Навоий, Ҳусайний (Ҳусайн Бойқаро тахаллуси) ва Фаноий каби кўплаб буюк инсонлар, улуғ шоирлар ва етук олимларнинг камолотга эришиши улар таълим олган ўша бошланғич мактабдаги ҳамон тарих исмини ошкор этишни истамаётган камтар, камсуқум ва олижаноб Муаллим номи ва хизматлари билан боғлиқ, шубҳасиз... 

Шерхон ҚОРАЕВ,

филология фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори

Report typo