Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

С.АЛЛАЁРОВА

10.07.2017


АЛКОГОЛЬ – ҲАЁТ УЧУН ХАВФЛИ КАСАЛЛИКЛАР ДОЯСИ

Маълумки, май, шароб ичиш қадимда ҳам русум бўлган. Аммо ҳозиргидек ружу қўйилмаган. Шунинг учун ҳам оғир асоратлар қолдирмаган. Бугунги кунда глобал муаммога айланган алкоголизм тез-тез ва кўп миқдорда спиртли ичимликлар истеъмол қилиш орқали пайдо бўладиган сурункали хасталикдир.

Хасталикка чалиниш йўллари ўрганилганда ижтимоий, психологик ва биологик омиллар таъсири аниқланди. Бу касалликка асосан асаб тизими бўш, иродаси суст кишилар дуч келишади. Улар алкоголдан хаёлий қўзғалишларни қидирадилар, ҳаётда вужудга келадиган тўсиқларга қарши курашишдан кўра, спиртли ичимлик ичиб, сархуш бўлиб вақтни ўтказишни маъқул кўрадилар. Кўпчилик “ичувчи”лар психологик ёрдамни - алкоголь берадиган хушкайфият, қувноқлик ҳолати, енгил тортиш деб билади. Баъзан биологик омиллар таъсирида юзага келади. Бунга ирсий мойиллик, модда алмашинувининг бузилиши сабаб бўлади.

Фанда маълумки, спиртли ичимликлар таркибидаги зарарли моддалар ичида энг хавфлиси қўрғошиндир. Спиртдаги қўрғошин аввало қон таркибини, лимфа тугунларини ва эркак уруғини бузади. Ҳали уйланмаган йигитларда ҳам простата касаллигининг учраши алкоголизм таъсири экани муболаға эмас.

- Маълумки, мунтазам тарзда спиртли ичимликни истеъмол қилиш нафақат оилага, балки жамиятга катта салбий таъсир кўрсатади, - дейди Қарши тумани Нуқрабод маҳалласи раиси Сами Абдуллаев. - Аввало, алкоголь истеъмолига берилган кишининг оиласида носоғлом муҳит юзага келади. Фарзандларнинг “ичувчи” ота ёки онага нисбатан ишончи камаяди. Алкоголга қарам шахснинг инсоний фазилатлари йўқолиб, бу кимса меҳнат қилмай ҳаёт кечириш йўлига ўтади. Фарзандлар ва қариндош-уруғлар обрў эътиборига путур етказиб, шаънига доғ туширади, гоҳида оилалар бузилиб кетишига, бегуноҳ гўдаклар тирик етим қолишига олиб келади. “Ичувчи” нафси ҳар хил жиноят ва бахтсизликларга кенг йўл очади, ачинарлиси, насл-насаби бузилиб, ногирон фарзандлар туғилишига сабаб бўлади.

Шунингдек, узоқ ва кўп миқдорда алкоголь истеъмол қилиш миянинг иш  фаолиятини пасайтириб, марказий асаб тизимида салбий ўзгаришлар келтириб чиқаради. Бундай кишилар фикрлашдан чалғийди, хотираси пасайиб, сезгиси йўқолади. Саломатлиги заифлашади. Ички аъзолардан меъда-ичак тизими зарарланади. Меъдада ҳазм қилиш функцияси бузилади ва спирт меъда шиллиқ қаватини яллиғлайди. Сурункали гастрит, кейинчалик ошқозон ва 12 бармоқ ичак яра касалини келтириб чиқаради.

– Қон босимининг ўзгариб туриши ва руҳиятда ҳамда марказий асаб тизимида салбий ўзгаришлар кечади. Айниқса, жигар спиртга жуда сезгир бўлади, - дейди вилоят наркология диспансери врачи Анвар Ҳақбердиев. - Жигардаги модда алмашинувида фаол иштирок этувчи ҳужайралар атрофияга учраб, унинг ўрнини бириктирувчи ва ёғ тўқималари эгаллайди. Натижада алкоголь таъсирининг нейтралловчи кучи пасаяди. Жигар яллиғланиб, цирроз касаллиги вужудга келади. Маълумотларга кўра, жигар циррози ташхиси билан қайд этилган ҳолатларнинг 81 фоизи алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилувчилар ҳиссасига тўғри келади.

Давлатимиз томонидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонуни асосида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади. Ушбу ҳужжатда фуқароларнинг соғлиғи, аввало, йигирма ёшга тўлмаган фарзандларимизни алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг зарарли таъсиридан асрашга алоҳида урғу берилгани аҳамиятли.

Мутахассисларнинг ўтказган сўровномаси натижаларига кўра, кўпчилик ёшлар алкоголь маҳсулотлари рекламасининг кучлилиги, идишлардаги ёрлиқларнинг ёрқинлиги сабаб уни татиб кўришган бўлса, баъзилари оиласидаги катта ёшлиларга тақлид қилиб, истеъмолга йўл қўйишади. Ёшларни бу каби балолардан асрашда оиланинг ўрни катта. Агар ота-она фарзандлари тақдирига, ҳаракатларига беэътибор бўлмаса, ўзи ўрнак кўрсатса, бола албатта соғлом турмуш тарзига амал қилишга одатланади.

- Сўнгги пайтларда аёллар орасида спиртли ичимлик истеъмолига ружу қўйиш ҳоллари кўп кузатилаётгани ҳам жиддий муаммолардан бири, – дейди Қамаши тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Фотима Кароматова. - Эркакларда алкоголга қарамлик юзага келиши 7-10 йилни ўз ичига олса, аёлларда бунга 5 йил кифоя экан. Шуниси эътиборлики, алкоголнинг организмга ножўя таъсири аёлларда эркакларга нисбатан анча эртароқ бўй кўрсатади. Яна бир жиҳати, “ичувчи” аёлларни эркакларга нисбатан аввалги ҳаёт тарзларига қайтариш анча мушкул ва бунга кўп вақт керак бўлади. Бу касалликни тарк этишда аёлларга шифокорлар билан бир қаторда яқинлари кўмаги ва эътибори зарур. 

Хулоса ўрнида айтишимиз ўринлики, алкоголизм йилдан-йилга ўсиб, ёшариб бораётган касаллик. Агар таққослайдиган бўлсак, маълумотларга кўра, вилоятимизда 2016 йилнинг 6 ойида ушбу касаллик билан оғриган беморлар сони 1156 нафарни ташкил этган, 2017 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 1489 нафарга етган. Ана шу салбий ўсиш сизу бизни ҳушёр торттириши керак ва бу иллат хавфидан онгли равишда ҳимояланишга ундаши зарур.

 

С.АЛЛАЁРОВА

Report typo