Хусусан, нафас йўлларининг аллергик касалликлари тарқалишига иқлимнинг ўзига хос хусусиятлари, географик шароит ҳам ўз таъсирини кўрсатади.
Цитрус мевалар, шоколад, қаҳва, асал, ёнғоқ, тухум, дуккакли ўсимликлар, шунингдек, моғор ва ачитқи замбуруғлари аллергияни қўзғаши мумкин. Шу билан бирга, аллергияни дори-дармон воситалари, жумладан, антибиотиклар, витаминларнинг В гуруҳи, сульфаниламид ҳамда ҳашаротлар чақиши ҳам юзага келтиришга мойил.
Асосий омил - ўсимликлар гулчанги
- Аллергияни юзага келтирувчи асосий омиллардан бири, бу - ўсимликлар гулчангидир. Биламизки, ўсимликлар чангланиши айнан баҳорда кузатилади. Натижада аллергик касалликларнинг барчаси бурун қичишиши, йўтал, кўз ёшланиши, қичишиши, қизариб шиш ҳосил қилиш сингари аломатлар орқали намоён бўлади. Бундан ташқари, томоқ қитиқланиши, кўз ва кўз шиллиқ пардасининг қичишиши, ёш оқиши ва кўз соҳаси шишиши ҳам мумкин.
Баҳорда кўпгина сурункали касалликлар зўрайишининг сабаблари қаторига қишдан кейин организмнинг заифлашиши, шунингдек, мева ва сабзавотлар бу пайтга келиб барча витамин ва энергетик қийматини йўқотишини ҳам киритиш мумкин. Иммун тизимидаги бузилиш боис тана хавфсиз моддаларни хавфли деб қабул қилиб, мудофаа қилиш тизимини ишга тушириб юборади.
Олдини олиш ва даволаш
- Ушбу касаллик ота ёки онада бўлса, фарзандига ўтиш эҳтимоли катта. Бундай вазиятда аёл ҳомиладорлик пайтида шифокор кўригидан ўтиши ва боласининг бу касалликка чалинишининг олдини олиш пайида бўлиши керак. Бу тавсия мутлақо соғлом аёлларга ҳам тааллуқли. Боиси, бўлғуси она ҳомиладорлик пайтида турли аллергия қўзғатувчи овқатлар, маҳсулотлар, мисол учун, цитрус мевалар, газли сув, аччиқ овқатларни истеъмол қилиши оқибатида ҳомиланинг иммун тизимида аллергия чақириш ҳолати келиб чиқиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, ота-оналар билмаган ҳолда фарзандида, ўзида аллергияга чалиниш эҳтимолини орттиради. Мисол учун, аллергияни қўзғатувчи чанг каналари, асосан, юмшоқ ўйинчоқларда, юмшоқ мебель ва гиламда йиғилади. Шунингдек, уйда ҳайвон боқиш, эски гилам ва чанг йиғувчи анжомлардан фойдаланиш, сунъий матодан тикилган кийимлар кийиш, деворлари намланиб, моғор босган хоналарда яшаш, чангли жойларда юриш, ўткир ҳидли атир-упалардан фойдаланиш ҳам аллергияга сабаб бўлади. Эътиборсизлик эса саломатликда ўзгариш ясайди.
Алоҳида аҳамият қаратадиган жиҳат шундаки, касалликка чалинган киши ўзбилармонлик билан даволанмаслиги лозим. Шифокор текширувлари натижасида айнан қайси моддага аллергия борлигини аниқлаб, шунга кўра даволаш тавсия қилинади. Аллергияни қўзғатувчи омиллар аниқланса, уни даволаш осон. Аксинча, баъзан 15 фоиз ҳолатда аллергияга сабаб бўлган омилларни аниқлаш қийин кечади. Бундай ҳолатларда беморлар иммунотерапия муолажаси билан даволаб борилади. Бемор кўчадан уйга киргач, енгил ювиниб, кийимларини алмаштириб олиши, хоналарни доим чангдан тозалаб туриши, кўп ўтирадиган хоналарда гул ўстирмаслиги, баҳор ва куз ойларида ойналарни енгил, намланган тўр парда билан беркитиш мақсадга мувофиқ. Касалликка мойил кишилар пар ёстиқ ва жун кўрпалардан буткул воз кечиши лозим.
Аллергияни даволамаслик касалликнинг чуқурлашиб кетиши ҳамда муолажа таъсирининг йўқолиб боришига олиб келади. Бурундан бошланган аллергия лоқайдлик оқибатида ларингит, бронхит ва кейинчалик бронхиал астма ёхуд тери аллергияси бўлган дерматитни ўз вақтида бартараф этмаслик эритродермияга сабаб бўлади.
Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.