Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 июнь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

27.07.2023


Ҳам она, ҳам бола

Уч боласини боғчадан олиб уйига келди у ва нари-бери овқат тайёрлаб югуриб кетди бемор отаникига. Уйда қолиб кетди болалари ва эри. Кўрдики, отаси ҳануз шифтга термулиб ётибди - жонсиз бўлиб қолган  ўнг қўли ва оёғи.

Эзилиб кетди, ёш қуйилиб келди кўзларига ва шифо сўради Аллоҳдан. Сўнг... Хаёли болаларига кетди, қай бири йиқилиб тушгандай, овқатини тўкиб қўйгандай, кичкинаси йиғлаб  ўтиргандай  туюлди унга.

 Онаси: "Уйингга кет, отангни олдида ўтиришдан фойда йўқ, болаларингга қара", дея жўнатиб юборди уни.

Уйига келса, кичкинаси ухлаган, дадаси билан ўйнаб ўтирибди катталари. Кўнгли жойига тушиб яна отасига кетди хаёли. Унга бир нарса бўлгандай, армонда қоладигандай, кўзлари билан қидираётгандай туюлди ўзини ва яна йўлга тушди, эрининг ҳай-ҳайлашига, кеч бўлганига қарамай. 

Аҳвол ўша-ўша: бир нуқтага қадалиб қолганди отанинг кўзлари.

Бирпас ўтгач, болаларини ўйлай бошлади яна.

Бир ҳафта ана шундай ўтди кунлари. Бўзчининг мокисидай қатнади икки ҳовли ўртасида. Хотиржам тортди дард чекиниб отаси ўзига келганидан кейингина.

У ҳам она эди, ҳам бола...

Лола ЎРОҚОВА

Report typo