Йиллар ўтиб, оила қуради, фарзандлар кўради. Аммо жисмоний имконияти чеклангани сабаб бирор ишнинг бошини тутолмайди, оиласи учун уй қуришга қурби етмайди. Анча муддат кўч-кўронини олиб, у ёқдан - бу ёққа кўчиб юради, ижарада яшашга мажбур бўлади. Бу орада хотини Шоҳиста Саъдуллаева ҳам хасталанади. Оила аъзоларининг бу уқубатлари кўпга чўзилмади. Улар бошпанали бўлиш орзусига охир-оқибат етишди. Ушбу оилага жорий йилда тумандаги Нукрабод маҳалласи Яккаёғоч массиви ҳудудида қуриб битказилган, 2 хонали, 2 сотихли замонавий уй давлатимиз раҳбари томонидан бепул тақдим этилди.
- Икки қизим, бир ўғлим бор. Буёғи фарзандлар вояга етаяпти. Ота бўлиб, уларга уй солиб беролмадим, деб армонда юрардим, - дейди хонадон соҳиби. - Халқимиз - мурувватли, ҳимояга, кўмакка муҳтож одамни ташлаб қўймайди. Бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Тўғрисини айтсам, ҳеч ўйламаган нарсаларим бўлиб кетди. Уй беришларини эшитганимда қувончим ичимга сиғмади. Келиб, яшай бошлаганимизга 3 ойдан ошди. Ҳали ҳам ишонгим келмайди. Бизга шу қадар эътибор қаратган Президентимизга минг раҳмат. Уйимизда ҳамма шароит бор. Ётоқхона, меҳмонхона, ошхона, ҳовлида оғилхона жойлашган. Зарур уй-рўзғор буюмлари, мебель жиҳозлари, маиший техникани ҳам бепул беришди. Илгари ҳеч вақоим йўқ эди ҳисоби. Энди эса телевизор, кир ювиш машинаси, музлаткич, шкаф ва стол-стуллар, барча қулайлиги бўлган уйга эга бўлдик.
Оила бекаси бошпанали бўлганига бир хурсанд бўлса, эндиликда рўзғорга нафи тегадиган ишнинг бошини тутганидан ҳам мамнунлик туяди. Гап шундаки, хонадон соҳибасига замонавий тикув машинаси берилиб, тумандаги пахта тозалаш заводига касаначи сифатида ишга ёлланганди. Буюртмаларни уйда туриб ҳам бажараверади. Бу ишда унга катта қизи Дилнозахон кўмакчи бўлаяпти. Кўрилаётган фойда эса рўзғор бутлиги, турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Юртимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган бу каби ишлардан шу мақсад кўзланган аслида - ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин.
М.ШУҲРАТОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.