Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

17.03.2020


ҚАМАШИДА ИЧКИ ИШЛАР ХОДИМИ УСТИГА НЕГА КОНДЕНСАТ СЕПИШДИ?

 

Ижтимоий тармоқлар ва акс-садо

 

 

Қамаши тумани Тўқбой қишлоғида ноқонуний қурилган иморатларни бузиш жараёнида содир бўлган кўнгилсиз воқеа тафсилотлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Қамаши тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу тортишувнинг сабабини шундай изоҳлади:

“Қамаши туманидаги Тўқбой қишлоғида яшовчи Мадина Поёнова Қамаши тумани ҳокимлигига тадбиркорлик қилиш мақсадида мурожаат қилган. Қамаши тумани ҳокимининг 2019 йил 12 июлдаги Х-4448/07-сонли қарорига асосан унга Тўқбой қишлоғидаги 13-умумтаълим мактаби ёнидан ўтган йўл ёқасидан енгил типдаги китоб дўкони қуриш учун 60 квадрат метр ер майдони ажратилган.

Лекин Мадина Поёнова ва унинг акаси Арслон Поёнов ҳамда Ш.Тўраев ўзбошимчалик билан туман ҳокими қарори билан ажратилган ер майдонидан ташқари 120 квадрат метрдан ортиқ ер майдонини ноқонуний ўзлаштириб, ушбу майдонга ҳам бетон пойдевор қўйган.

Натижада бу пойдевор мактабнинг олд томонини бутунлай тўсиб қўйган. Шунга кўра, мазкур фуқаролар уч марта ёзма ва бир неча бор оғзаки огоҳлантирилган. Лекин улар ўзларининг ноқонуний фаолиятини давом эттирган.

Ана шу жараёнлардан келиб чиққан ҳолда жорий йилнинг 19 феврал куни туман ҳокимлиги қурилиш бўлими ва туман ички ишлар ходимлари томонидан ноқонуний пойдевор ташланган жойнинг ўзида аввал батафсил тушунтиришлар берилди. Сўнгра ўзбошимчалик билан қурилган пойдевор бузиб олинди. Туман ҳокими қарори билан енгил типдаги китоб дўкони қуриш учун берилган  60 квадрат метр ер майдони ўз жойида қолди.

Бузиш жараёнида Арслон Поёнов туман ҳокимлиги ва ИИБ ходимларига  қаршилик кўрсатиб, пойдеворни бузаётган трактор олдини тўсиб, синглиси Мадина Поёнованинг қўлидаги 5 литрлик идишдаги конденцат ёнилғисини туман ИИБ ходими Б.Авлаевга сепиб, воқеа жойидан қочиб кетган.

Айни пайтда мазкур ҳолат бўйича маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилиниб, туман маъмурий судига тақдим этилган.

Қамаши тумани прокуратураси ҳам аҳоли ва мактаб маъмуриятининг ҳақли эътирозини инобатга олиб, туман ҳокими қарорига амал қилинмасдан қўшимча тарзда ташланган мазкур бино пойдеворининг ноқонунийлигини ўрганиб, қонун бузилиш ҳолатини аниқлаган ва тегишли тартибда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилиб, туман маъмурий судига тақдим этган”.

Report typo