Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

29.01.2021


Қамашилик муаллим ғузорлик қайнукасига пичоқ урди

Шу йилнинг 23 январь куни Ғузорда почча ва қайнука ўртасидаги жанжал пичоқлашув билан якунлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят ички ишлар бошқармасидан хабар беришларича, воқеа жойи – Гулшан маҳалласига тергов-тезкор гуруҳи аъзолари йўналтирилган. Жароҳат олган қайнука М.О. шифохонага жўнатилиб, почча бўлмиш Б.А. туман ички ишлар бўлимига келтирилган.

Мазкур жиноятни юзага келтирган шарт-шароитлар ва омилларни таҳлил этиш, келгусида бу каби салбий ҳолатлар юз беришининг олдини олиш мақсадида Б.А. яшайдиган Қамаши туманидаги Қизилтом қишлоғида вилоят ИИБ бошлиғи Шуҳратжон Сатволдиев раҳбарлигида туман ички ишлар бўлими, прокуратура, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда фаоллар иштирокида муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, ёши бир жойни қоралаб қолган Б.А. қўшни Ғузор туманида яшовчи М.Ю. билан шаръий никоҳ асосида оила қурган. Ўзи Қамаши туманидаги мактабда ишлаб, М.Ю.никига тез-тез келиб-кетиб юрган. 23 январь куни соат 15:00 ларда Б.А. спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда келган. Шундан сўнг аёлнинг укаси М.О. поччасидан кетишини талаб қилган. Натижада ўртада жанжал чиқиб, почча қайнукани кўкрагига ошхона пичоғини санчган.

Қайд этилишича, муаллимнинг уйида кунора ёки муттасил бўлиб келган жанжалдан барчанинг хабари бўлган. Фақат уни инсофга, эр-хотинни муросага чақириш ишлар номигагина ёки бўлмаса умуман амалга оширилмаган. Натижада эр нажотни кўчадан топган. Оқибат эса жиноятчи деган тамғани олишга ва эл аро юзи шувут бўлишга олиб келди.

Халқимизда “Сўнгги пушаймон ўзингга душман” деган нақл бор. Б.А. қилган қилмишидан пушаймон бўлиб, йиғилишда барчадан кечирим сўради, лекин қонуний жавобгарликдан қутулиб қололмайди.

Report typo