Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдуқаюм МАҲКАМОВ

10.04.2018


АМИР ТЕМУР – ХАЛҚИМИЗ ДАҲОСИНИНГ ТИМСОЛИ

Сиёсий майдонга қадам қўйганида Амир Темур эндигина 24 ёшга кирганди. Мамлакат пароканда, маҳаллий сиёсий кучлар ўртасидаги ўзаро қарама-қаршиликлар авж олганди. Устига устак, Чингизхон авлодлари Мовароуннаҳрга тез-тез босқин уюштириб турарди.

Соҳибқирон Марказий Осиёни мўғуллар исканжасидан озод этишда барча юртпарвар кучларни бирлаштириб, уларни мустақиллик учун курашга йўналтирган етакчи раҳбар, халқнинг орзу-умидлари рўёбга чиқишига улкан ҳисса қўшган моҳир саркардадир.

Иккинчи тарафдан Амир Темур бир қатор  халқлар ва юртларнинг мустамлакачилар зулмидан озод бўлишига сабаб бўлган халоскор ҳамдир. Масалан, ўша даврнинг қудратли ҳукмдори саналган Боязид Йилдиримни тор-мор келтириб, Болқон ярим ороли ва Европа халқларига озодлик бағишлади; Олтин Ўрда хони Тўхтамишни бир неча марта енгиб, Рус ерларининг мўғуллар ҳукмронлигидан қутулишини тезлаштирди.

Рус олими А.Ю.Якубовский: “Темурнинг Тўхтамиш устидан қозонган бу ғалабаси нафақат Марказий Осиё ва Шарқий Оврўпо, балки Русия учун ҳам катта аҳамиятга молик бўлди”, деб ёзади. Атоқли немис олими ва тарихшуноси М.Вебер: “Темур ўз душманларига нисбатан жуда бераҳм эди, лекин саркардалик, давлатни бошқариш ва қонунчилик соҳасида буюк талантга эга эди”, деб таърифлайди.

Бу қўҳна дунё жуда кўп жаҳонгирларни кўрган. Соҳибқироннинг улардан фарқли томони – унинг бунёдкорлик ғояларидадир. Шарафиддин Али Яздийнинг гувоҳлик беришича, Амир Темур ободонликка ярайдиган бирор қарич ернинг ҳам зое бўлишини раво кўрмасди. Унинг “Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим”, деган сўзлари бунёдкорлик, яратувчанлик фаолиятининг тасдиғидир.

Машҳур давлат арбоби ва саркарданинг ҳарбий санъатга, давлат тузилиши ва мамлакатни бошқаришга оид қарашлари акс этган “Темур тузуклари” китоби унинг ҳаётлигида махсус ёзилган. Бу китоб бугунги кунда ҳам ҳаётимизда ўзига хос дастуриламал вазифасини ўтайди. Негаки, давлатни оқилона ва одилона бошқариш санъати баён этилган бу асар чуқур мазмун-моҳияти ва долзарблиги билан ҳаёт жабҳаларида маънавий мезон бўлмоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳам “Амир Темур тузукларини ўқисам, худди бугунги замоннинг катта-катта муаммоларига жавоб топгандек бўламан”, дея бежиз таъкидламаганди.

Россия императорлик жўғрофий жамияти ҳақиқий аъзоси Д.Логофет 1913 йил Санкт-Петербургда нашр этилган “Бухоро тоғлари ва  текисликлари” китобида шундай ёзган: “Оврўпода конституция ҳақида оддий тушунчага эга бўлмаган бир даврда... Амир Темурнинг давлатида конституцион қонунлар мажмуаси – “Тузуклар” мавжуд бўлган ва амал қилган”.

Амир Темур қонунларга риоя қилинишини таъминлашга шу қадар эътибор берганки, тартибни бузгани учун юқори лавозимдаги мансабдорлар, ҳатто ўзининг энг яқин қариндошлари ва фарзандларини ҳам жазога буюрган. Мамлакатда шу даражада қонунийлик ўрнатилиши тинчлик ва осойишталик барқарорлигини таъминлаган.

Соҳибқироннинг ҳаёт шиори бўлган “Рости – русти” (Куч – адолатда) сўзлари ёзилган узукни унга Шайх Зайниддин Абу Бакр Тайободий ҳадя этган. У Амир Темурга йўллаган мактубида шундай таъкидлаган: “Худонинг мулкида адолат ила иш тутгилким, шундай демишдирлар: “Мамлакат куфр билан туриши мумкин, лекин зулм бор ерда туролмайди”.

Амир Темур ўз салтанатини бошқаришда шариат қонунларига бўйсунган, фиқҳга оид муаммоларни ҳал қилишда олимларнинг маслаҳатларига таянган. Шариат қозиларини танлаш ва тайинлашга, қозилик ишларига, бугунги кун таъбири билан айтганда, одил судловга катта аҳамият қаратган. “Лашкарлар учун махсус қозий ва раият учун алоҳида қозий тайинладим, ҳар мамлакатга шайхулислом юбордимки, токи мусулмонларни гуноҳ ишлардан қайтариб, уларни яхши ва савоб ишларга ундасин”, дейилади  “Темур тузуклари”да.

Буюк аждодимизнинг энг муҳим фазилатларидан бири шуки, у зот бундан 6 аср аввал давлатлараро ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, узоқ ва яқин халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш салтанат истиқболини таъминлашнинг муҳим омили эканини теран англаган. Шу сабабли Европа ва Осиёни боғлашга хизмат қилган улкан ишларни амалга оширган. Бир томондан – Хитой, Ҳиндистон, иккинчи томондан – Франция, Испания, Англия ва бошқа давлатлар билан алоқалар ўрнатган ва шу муносабатларни мустаҳкамлашга интилган. Айнан унинг ҳукмронлиги даврида Европа ва Осиё қитъалари илк бор ўзларининг бир геосиёсий майдонда яшаётганларини ҳис этганлар.

Шу ўринда 2015 йилнинг ноябрь ойида Самарқандга ташриф буюрган АҚШнинг собиқ давлат котиби Жон Керри томонидан айтилган бир фикрни эслаш лозим. Таниқли сиёсатдон шаҳар тарихи билан танишар экан, Амир Темур давридаги Самарқанд дунёнинг маданият, санъат, савдо-сотиқ ва прогрессив ғояларини туташтирган марказ, турли динлар ва миллатлар баҳамжиҳатликда яшаётган бир маскан бўлганлиги тарихий манбаларда аниқ тарихий шахслар томонидан қайд қилинганлигига гувоҳ бўлиб, ўз таассуротларини шундай баён қилган эди: “Биз ҳаммамиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 70 йил аввал Нью-Йоркда тузилган деб ўйлаймиз. Йўқ, аслида бу ташкилотнинг негизи бундан юз йиллар аввал Самарқандда ташкил бўлган экан”.

Соҳибқирон Амир Темурнинг жаҳон цивилизацияси ва маданияти ривожига қўшган муносиб ҳиссаси дунёда муносиб баҳоланиб келинмоқда. Ҳозирги кунда Амир Темур ва темурийлар мавзуига бағишлаб яратилган йирик асарлар сони Европа тилларида 500 дан, Шарқ халқлари тилларида эса мингдан ортиқни ташкил этади.

Европа тилларида (испан, инглиз, француз) эълон қилинган ёзма манбалар ичида биринчи ўринда испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг “Самарқандга Амир Темур саройига саёҳат кундалиги (1403-1406)” асари туради. Буюк рассом Рембрандт Бобурийлар замонидаги ҳинд миниатюраларидан илҳомланиб, Амир Темурни унинг ворислари Умаршайх, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ҳумоюн ва Акбар даврасида тасвирлайди.

ХVI асрда яшаган машҳур инглиз шоири ва драматурги Кристофер Марлонинг “Буюк Темур” номли трагедиясида ёш Темурбек ўзининг тенгсиз ақли, салоҳияти ва шижоати билан жаҳон тарихидаги қудратли подшолардан бирига айлангани намойиш этилган. Трагедия ХVII асргача саҳнадан тушмай, Англияда театр мавсумини бошлаб берган.

Бир неча европалик бастакорлар ҳам операларда Амир Темур образини яратганлар. ХVII аср бошида итальян бастакори Гаспирни “Тамерлан” операсини яратган. Мазкур опера Вена театрида саҳна юзини кўрган. Бастакор Лео уни  Неапол театрида саҳналаштирган. Антонио Вивалди, Сколари, Гендел ва бошқа бастакорлар ҳам бу мавзуда мусиқа асарлари яратганлар.

Буюк аждодимиз шахсига бўлган юксак эътибор ва эҳтиром ул зотнинг ворислари сифатида қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини жўш урдиради. Тарих қаъридан буюк бобомизнинг ёрқин сиймоси, порлоқ руҳи шонли ўтмишимизга дахлдорлик ва ватанпарварлик туйғусини янада чуқурроқ англашга, унинг “Куч – адолатда” деган улуғ шиорини баланд тутиб, нурли манзиллар ва буюк келажак сари дадил ҳаракат қилишга ундайди.

Абдуқаюм МАҲКАМОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси

Report typo