Бундан кўзланган мақсад буюк аждодимизнинг тарихий ўгитларини ёш авлод қалбига сингдириш, унинг бой меросини кенг тарғиб этишга қаратилган.
- Тарғибот ойлиги давомида вилоятимизда кўплаб адабий-маданий тадбирлар, танловлар, давра суҳбатлари, адабий кечалар ташкил этилмоқда, - дейди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олимжон Маматов. – Жумладан, 12-15 апрель кунлари - уч кун давомида Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номли вилоят мусиқали драма театрида, шунингдек, ўқув муассасаларида Соҳибқирон ҳаёти ва фаолияти бадиий талқин этилган, Қарши санъат коллежи ижодий жамоаси томонидан саҳналаштирилган “Адолат тизгини” спектакли намойиш этилди. Қарши шаҳридаги 1-Болалар мусиқа ва санъат мактабида 10 ёшдан 16 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этган “Истиқлол истеъдодлари” республика танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Қарши санъат коллежида мазкур тарғибот ойлиги муносабати билан ижтимоий-гуманитар ва умумий таълим фанлари кафедраси ўқитувчилари томонидан ўқувчилар ўртасида ўзбек, инглиз, рус тилларида “Амир Темур – миллат руҳи”, “Амир Темур – Турон султони” мавзуларида “Энг яхши иншолар”, “Энг яхши реферат”, “Энг яхши китобхон”, “Энг яхши слайдлар”, “Энг яхши буклетлар” танловлари эълон қилинди.
- Бу танловларда ўқувчиларимиз фаол иштирок этишди, - дейди кафедра ўқитувчиси Раъно Тўйчиева. - “Энг яхши иншолар” танловида коллежнинг биринчи босқич ўқувчилари – Заҳро Холтўраева, Дурдона Муродуллаева, Зуҳра Аҳмедова ва Ҳасан Умаров ғолиб деб топилган бўлса, иккинчи босқич ўқувчиси Даврон Каримов “Энг яхши китобхон” дея эътироф этилди. Шунингдек, ўқувчиларимиз Малика Фармонова ва Нодира Ҳайдарқулова “Энг яхши реферат” танловида юқори ўринларни эгаллашди. Амалий санъат ва дизайн кафедраси ўқувчилари Фахриддин Неъматов ҳамда Зиёдулла Шукуров буюк бобокалонимиз сиймосини яратиш бўйича энг яхши мўйқалам соҳиблари деб топилди.
Шу билан бирга, ўқув муассасасида “Амир Темур миллатимиз фахри, ғурури” мавзусида ноанъанавий тарзда очиқ дарслар ҳам ташкил этилди. Ўтказилган кечаларда эса ўқувчилар ўзбек, инглиз, рус тилларида Амир Темур ҳаёти, темурийлар тарихига оид ўзлари тайёрлаган маърузаларни ҳавола этишди, “Темур тузуклари”дан бадиий ўқиш мусобақалари ўтказилди.
Шунингдек, коллежнинг ахборот ресурс марказида ўзбек ва чет эл адибларининг асарлари жамланган “Амир Темурнинг миллий давлатчилик ва жаҳон маданий тамаддунида тутган ўрни” мавзусида китоблар кўргазмаси ташкил этилди.
Бу каби тадбирлар вилоятимизнинг бошқа таълим муассасаларида ҳам ўтказилмоқда.
Азизбек НОРОВ