- Қашқадарёда Амир Темур кубоги турнири бешинчи бор ўтказилди, - дейди мусобақа бош ҳаками Иқбол Умаров. – Унда республикамизнинг барча вилоятларидан келган 250 дан ошиқ 8 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўғил ва қиз ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Мусобақа низомига кўра ғолиблар 56 вазн тоифасида аниқланди. Шунингдек, спортчилар “Ватан” ва “Паҳлавон Маҳмуд” комплекс машқларида ҳам маҳоратларини синовдан ўтказишди.
Турнирда муносиб иштирок этган вилоятимиз жамоаси аъзолари жами 15 та олтин, 22 та кумуш ва 28 та бронза медалини жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, самарқандлик ўзбек жанг санъати усталари умумий ҳисобда иккинчи, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари вакиллари учинчи ўринни қўлга киритди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларга махсус диплом ва медаллар топширилди.
Ўз мухбиримиз