Кўрик-танлов
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида “Биз – Буюк Соҳибқирон издошларимиз!” кўрик-танлови доирасида “Куч – адолатдадир” шиори остида эълон қилинган “Амир Темур тарихи билимдони” танлови вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Амир Темур таваллудининг 688 йиллигини муносиб нишонлаш, Соҳибқирон Амир Темурнинг давлат бошқаруви, ҳарбий салоҳияти, мустаҳкам давлатчилик асосларини жорий этиши, маданият ва санъат ҳомийси сифатида олиб борган эзгу ишлари, бунёдкорлик амаллари, оила бошқаришдаги удумлари ҳамда “Темур тузуклари”да берган ўгитларини, шунингдек, Амир Темур ҳақидаги асарларни чуқур ўрганиш мақсадида ташкил этилган танловда маҳалла, туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар ўзаро беллашди.
Қайд этиш лозим, “Амир Темур тарихи билимдони” танлови эълон қилинган феврал ойида ўқилиши шарт бўлган асарлар рўйхати ҳам берилганди.
Умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари “Темур тузуклари”, Бўрибой Аҳмедов “Амир Темур”, Поён Равшанов “Амир Темур сулоласи”, Руи Гонсалес де Клавихо “Самарқандда Амир Темур саройига саёҳат кундалиги”, Пиримқул Қодиров “Амир Темур сиймоси” асарлари асосида тайёргарлик кўриб, маҳалла босқичида иншо, туман, шаҳар босқичида шарҳ ва савол-жавоб шартларини бажариб, билим ва қобилиятларини намоён этишди.
Вилоят босқичида дастлаб иштирокчилар билет танлаш орқали Амир Темур сиймоси ва фаолияти билан боғлиқ рақам, далил, манба ёки воқеани изоҳлаши сўралди.
Тарихдан маълумки, Муиниддин Натанзий қаламига мансуб “Мунтахаб-ут таворих” асарида Соҳибқироннинг қўл ва оёғидан ярадор бўлиб, умидсизликка тушгани ҳақида ҳикоя қилинади. Ўша аснода Амир Темур заиф чумолининг девор тепасига тирмашиб чиқа бошлаганини кўриб, оғир ярадорлик туфайли сусайган ишонч “Наҳотки мен ҳам шу чумоличалик мақсадга қайта-қайта интилиб етолмасам?!” деган ўй таъсирида яна қайтиб келади.
Танлов 2-шартида иштирокчилар ана шундай саволларга дуч келишди. Жумладан, иккинчи шарт “Суратли шарҳ” деб номланиб, иштирокчи билет танлади ва шу билет ортидаги сурат ҳавола қилинди. Иштирокчидан Амир Темур шахси ва фаолиятини мазкур сурат билан боғлаб тушунтириш сўралди.
1620-1624 йилларда Эрондан Ҳаж сафарига борган олим Абутолиб Ҳусайний қайси давлат ҳокими кутубхонасида туркий тилдаги “Темур тузуклари”ни учратади? Учинчи шартда иштирокчилар шу каби саволларга жавоб беришди. Саволлар тавсия этилган 5 та асардан тузилган бўлиб, ўқиб, пухта тайёрланган иштирокчига жавобни топиш оғирлик қилмади. Жумладан, ғузорлик иштирокчи юқоридаги саволнинг жавоби “Яман” эканини дарҳол топди ва зарур баллни қўлга киритди.
Учта шарт якунларига кўра, Қарши давлат университети талабаси Улуғбек Хасанов (Кўкдала тумани) 1-ўринни қўлга киритди. Ғузор туманидаги 42-мактаб ўқувчиси Шодия Пирназарова 2- ва Китоб туманидаги 3-мактаб ўқувчиси Абдуллоҳ Бўриқулов 3-ўринни эгаллади.
Қайд этиш лозим, вилоят босқичида 1-ўринни қўлга киритган иштирокчига 5 миллион сўм пул мукофоти ва таълим муассасаси кутубхонасига 500 дона китоблар тўплами, 2-ўринга – 3 миллион сўм ва 300 та китоб, 3-ўринга – 2 миллион сўм ва 100 та китоблар тўплами топширилади.
Б.САЙФИЕВ