Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 ноябрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

20.07.2020


“ҲАММА ТЎЙ БИЛАН, БЎРИ ҚЎЙ БИЛАН”...МИ?

Вилоят санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси Китоб тумани филиали бошлиғи С.Н. пора олаётган вақтда қўлга тушди. Бу ҳақда туман прокуратураси маълумотига асосланиб ҳокимлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Очиқланишича, фуқаролар – Ю.Бўронова ва Р.Исматова (исм-фамилияси ўзгартирилган) жамоат жойида ниқоб тақмасдан юрганлиги ҳолати бўйича баённома расмийлаштирилган. Уларга маъмурий жарима қўлламаслик эвазига филиал бошлиғи 800 минг сўм пул талаб қилади.

Айтилган пулнинг 200 минг сўмини 16 июль куни олган. Қолган 600 мингини 17 июль куни соат 13:15 ларда Китоб тумани марказидаги эски автошоҳбекат олдида олаётган вақтда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти туман бўлими ходимлари томонидан қўлга олинди.

Айни пайтда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси қўлланилиб қамоққа олинган.

“Шу ўринда бир мулоҳаза беихтиёр шуурингизда ёлқинланади. Бутун мамлакатда пандемия сабабли кечаётган мураккаб вазиятда бу ҳолатни нима деб баҳолаш мумкин? Яъни аҳоли саломатлиги учун масъул, давлатнинг бугунги кунда энг ишонган соҳа хизматчиси сифатида санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси Китоб тумани филиали бошлиғининг хатти-ҳаракатлари қандай мезонларга тўғри келади?

Халқимизнинг “Ҳамма тўй билан, бўри қўй билан” деган мақоли мазмуни шумикан ёки?!” дейилади ҳокимлик изоҳида.

Report typo