Лекин имконият чеклангани бутунлай чегара, дегани эмас. Опа-сингил уйда бўлса-да, ўзлари мустақил ўқиш-ўрганишда давом этишган. Расм чизишади, қуроқ ва кашта тикишни ўзлаштиришган. Яқинда эса улар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг аъзосига айланишди: ташкилотнинг Косон тумани кенгаши фаоллари томонидан бу иқтидорли опа-сингилга аъзолик гувоҳномаси топширилди.
- Бундан жуда хурсанд бўлдик, - дейди Ҳуснора Файзиева. – Тенгдошларимизнинг ҳаётини телевизор орқали кузатганимизда уларнинг ўз интилишларини рўёбга чиқараётганликларини кўриб, ҳавасимиз келарди. Айниқса, биз каби расм чизадиган, қўлида ҳунари бор қиз-йигитларнинг кўргазмалари ташкил қилинаётганини эшитганимизда ўзимиз чизган суратларни ҳам одамлар томоша қилишларини орзу қилардик.
Опа-сингилнинг бу орзулари бугун секин-аста ушалаяпти. Пўлати шаҳарчаси марказида истиқлолнинг 26 йиллик тантанаси муносабати билан уларнинг илк расмлар кўргазмаси ҳамда тайёрлаган ҳунармандчилик буюмлари ярмаркаси ўтказилди.
- Бу кўргазма ва ярмаркани шу йўналишда олиб борилаётган тадбирларимиз учун дебоча сифатида ўтказгандик, - дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Косон тумани кенгаши фаоли, ижтимоий ҳимоя йўналиши сардори Исмоил Саидов. – Бундан ташқари, маҳаллалардаги тадбиркорларни ҳамкорликда ишлашга жалб этдик ва улар бу каби тадбирларни ўтказишда ўз кўмагини аямаяпти. Айниқса, Наргиза ва Ҳуснора каби ёшларда ўзига нисбатан уйғонаётган ишонч бизга янада ғайрат-шижоат бағишламоқда.
Дарҳақиқат, Наргиза ва Ҳусноранинг орзу-ниятлари катта. Улар бугун ўз истеъдодларига шунчаки бекорчиликдан вақт ўтказиш учун шуғулланаётган эрмак сифатида эмас, балки истиқболдаги гўзал мақсадга эришиш йўлидаги восита деб қарашаяпти.
21 ёшли Наргизанинг чизган суратларини кузатдим. Энг аввал эътиборимни тортгани ўз ота-онасининг расми бўлди. Оддий бўёқ қаламлар воситасида чизилган суратдаги отанинг кўзларида мунг яққол акс этган. Яна бир суратда эса аёл ва эркак тасвири, фақат улар улкан дарахтлар қиёфасида чизилган. Бунинг боисини Наргиза шундай изоҳлайди:
- Ўқиган китобларимда, телевизор орқали томоша қилган кўрсатувларимда одам умри дарахтга қиёсланиши айтилади. Бу ўхшатишнинг тасаввуримдаги манзарасини тасвирладим.
Ҳусноранинг айтишича, улар суратларни бемалол чиза олишади, аммо бўяш учун оналарининг кўмагига муҳтож. Уй ишларидан ортган вақтини қизларига ёрдамлашишга сарфлаётган Гуландом опа эса ёшлар ташкилоти томонидан “Тенгдош-тенгдошга” лойиҳаси асосида фарзандларига кўмакка келаётганлардан мамнун.
Қизлар расм чизишдан ташқари, юқорида айтганимиз каби, мато бўлакларини бирлаштириб, дастурхон, ёстиқ жилди, чойнакпўш каби турли буюмларни ҳам тикишади. Бу буюмлар учун ҳозирда буюртма ҳам ола бошлашибди. “Ярмаркада тайёр буюмларни кўрганлар келинлар сепига қўйиш учун бизга буюртма беришаяпти”, дейди улар. Бу эса опа-сингилнинг вақтини мазмунли ўтказиши, эртанги кунга ишонч ва умид билан ҳаракат қилишига замин ҳозирлаяпти.
- Кун бўйи уйдалигимиз учун, табиийки, зерикамиз, - дейди Ҳуснора. – Шундай пайтларда китоб ўқиймиз. Ўзимиз ёқтирган шеърларни баланд овозда ўқиш, уларни ёд олиш, дафтаримизга чиройли қилиб кўчириб ёзишга одатланганмиз. Ҳозирда биздан хабар олаётган фаол тенгдошларимиз турли бадиий асарлар келтириб беришади. Улар орасида менга, айниқса, Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асари ёқди.
Шу маҳаллада яшовчи яна бир оилада 4 нафар ногирон фарзанд бор. Улардан тўнғичининг ёши 30 дан ошди.
- Ҳозир уларнинг икки нафарини Қарши шаҳридаги “Мурувват” ногирон болалар уйига жойлаштириш ҳаракатидамиз, - дейди ёшлар етакчиси Исмоил Саидов. – Чунки улар алоҳида парваришга муҳтож. Маҳалламизда очилган хусусий клиника шифокорлари билан ҳар ҳафтада улар ҳолидан хабар олинаяпти, бепул дори-дармонлар берилаяпти. Аммо шифокорларнинг маслаҳатига кўра, махсус парвариш кераклиги, оиланинг шароитини ҳисобга олиб, шундай қилишга уларни кўндирдик.
Раҳимсўфи маҳалласида истиқомат қилувчи Жавлонбек 12 ёшда. У хасталик туфайли бошқа тенгдошлари каби мактабга бора олмайди. Аммо болакай ҳозирда ўзини ёлғиз, имконияти чекланган деб ҳис этмайди. Аксинча, ёшлар ташкилотидагиларнинг далдаси ва кўмаги билан у уйда таълим олаяпти ва ўзи мустақил ўқиб-ўрганаяпти.
- Келажакда чорвачилик билан шуғулланадиган фермам бўлишини орзу қиламан, - дейди у. – Яқинда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашидан келганларга ҳам бу орзуйим ҳақида сўзлаб бергандим. Улар менга шу соҳага тааллуқли китоблар совға қилишди ва ниятимга етишим учун кўп ўқишим кераклигини таъкидлашди. Эндиликда шу китобларни мутолаа қилаяпман. Бундан ташқари, компьютерни ҳам ўрганаяпман. Ишонаманки, катта бўлганимда, албатта, ўз мақсадимга эришаман.
Фаоллар эса фақат бу ишларнинг ўзи билан чекланиб қолиш ниятида эмас. Туман кенгаши етакчиларининг ижтимоий ҳимоя йўналишида тузган лойиҳалари яқиндагина бўлиб ўтган вилоят сардорларининг семинарида энг яхши лойиҳа деб топилди. Унга кўра, эндиликда туман ва маҳаллалар марказларида махсус “Дўстлик” клублари ташкил этилиб, уларга имконияти чекланганлар таклиф этилади. Бу ерда улар иштирокида турли мусобақалар, танловлар ташкил этилади. Китобхонлик кечалари ўтказилади. Истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, имконияти чекланганларни моддий рағбатлантиришни кўзда тутувчи бир қатор тадбирлар ҳам режалаштирилган. Бу лойиҳаларнинг амалга ошиши имконияти чекланган ёшлар ҳаётини яхшилаш, уларни маънан қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. Демак, амалга оширилаётган ишлар билан бироз вақтдан сўнг яна танишамиз.
Х.АБДУЛЛАЕВА