Шу баҳор Китобнинг Янгиобод қишлоғида яшовчи Гулбиби ая Бойматова 114 ёшни қаршилади. Тўғрисини айтганда, шафқатсиз йиллар аллақачон аянинг юзларига темир изларини ботирган, куч-қувватини олган, фақат дуогўй бўлиб қолган.
Аслида унинг аср ошган умри ортида қани энди фақат ёруғ кунлар бўлса. Ташвиш ва изтироб, қувонч ва армон ёнма-ён юрган ҳамиша. Болалигидаёқ отасини мардикорликка олиб кетишгани, очликдан силласи қуриган укасию синглиси ва уларнинг ортидан онасининг ўлиб қолиши, тоғаси уни тоғ этагидаги Аспидухтар қишлоғидан Хўжаиспароз қишлоғига олиб келгани, шу орада отаси оёқларидан ажраб, ногирон ҳолда қайтиши... Буларнинг ҳаммаси аччиқ хотира. Ёлғиз ўғли Абдуғани акага ва набираларига ўн марталаб айтиб берган аччиқ хотира.
У оила қуриб, эндигина тинч-осойишта ҳаёт кечираётган пайтда Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Турмуш ўртоғи Бўри ота урушга кетди. Даладаги оғир меҳнат аёллар зиммасида қолди. Гулбиби ая ҳам эртадан кечгача тин олмади, ҳали уруғ қадаб, ҳали чопиқ, ҳали ягана қилиб, тонгларни тунларга улади. Топган-тутганларини фронтга жўнатиб, ўзларининг қорни овқатга ёлчимади, бир коса ёвғон ҳам анқонинг уруғига айланди...
Урушдан кейин ҳам осон бўлмади. Эсон-омон фронтдан қайтган Бўри ота мактабда ўқитувчилик қилди. Гулбиби момо эса далада ишлади. Ҳар мавсум ипак қурти парвариш қилди. Уйида ҳам қараб ўтирмади, ҳали мол боқди, ҳали қўй. Куркалари юзтага яқинлашган пайтлар бўлди, товуқларининг эса ҳисоби йўқ эди. Томорқасида эккан пиёзлари ҳар бири пиёладай ҳосил қилди. Тиниб-тинчимай, ҳалол меҳнат ортидан Гулбиби ая ҳам, Бўри ота ҳам эътибор, эъзоз топишди. Рўзғорлари тўкис бўлди. Ўғиллари Абдуғани акани ўқитишди. Келин туширишди.
Гулбиби ая учун келини Шарофат опа мисоли фарзанд эди. Унинг қарши давлат университетида сиртдан ўқишига йўл очиб берди, болаларига қаради. Ишдан келса овқат билан кутиб олди, бир тансиқ таом бўлса келинига илинди. Набиралари Феруза, Алижон, Санжар, Нилуфар, Сарварнинг ҳар бирини жонига жойлаб тарбия қилди. Уларнинг мактабда аъло баҳоларда ўқишиям, олий даргоҳларга ўқишга киришиям аянинг қувончига айланди. Айниқса, набиралари Алижон ва Сарваржоннинг Тошкентда қолиб, масъул вазифаларда ишлаши Гулбиби аяни тўлқинлантирди, қўллари дуодан бўшамай қолди.
Бугун Гулбиби ая мисоли боладай бўлиб қолган. Дам набира келини Муҳайё, дам набираси Феруза - бири қўйиб бири атрофида парвона, оқ ювиб оқ тарайди. Абдуғани ака онаси учун нимаики шароит бўлса, яратиб берган.
Бу меҳрдан Гулбиби момонинг кўнгли тоғдай ўсади, қалби қувончга тўлади. Ёлғиз фарзанди ўзидан кўпайиб, атрофини набиралар, эваралар қуршаб олганидан қувонади. Аммо қалбини армон пичоқлайди. Кутилмаганда қизидай меҳрибон, ширинсўз келини Шарофат опанинг ҳаётдан кўз юмиши Гулбиби момони анча чўктирди. Орадан бир йил ўтди ҳамки, қулоқларига келинининг ёқимли овози эшитилаётгандай, эшикдан жилмайиб кириб келаётгандай бўлаверади.
114 ёшли момонинг қувончлари билан бирга ана шундай улкан армонлари, елкаларини тоғдай босиб зирқиратадиган оғриқлари бор. Аммо барибир Гулбиби момонинг тилидан "шукур" сўзи тушмайди. Умр йўлларидаги қувончни ҳам, изтиробни ҳам синов деб қабул қилади. Ҳаётдан ноумид бўлмагани, ўғли Абдуғани аканинг эл таниган, ҳурмат-эътиборли инсон бўлгани, оддий муаллимликдан халқ таълими бўлими мудирлигигача бўлган лавозим йўлини босиб ўтгани, муҳими, ўзи орзу қилганидай ҳурматли инсон бўлгани унга куч беради. Ва яна чироғини ёқадиган ўғлининг ёнида меҳр-оқибатли, зукко набиралари, эваралари борлигидан ғурурланади...
Лаблари беихтиёр пичирлайди:
"Шукур. Ҳаммаси учун шукур".
Лола ЎРОҚОВА