Ёхуд Қашқадарёда картошкачиликни ривожлантириш бўйича учинчи уриниш ҳам самара бермадими?
Қишлоқ хўжалиги
Президентнинг 2018 йилдаги тегишли қарори билан тупроқ ва иқлим шароитларидан келиб чиқиб, республикада 8 та туман, шу жумладан, вилоятимизнинг Китоб ҳамда Шаҳрисабз туманлари уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштирилиши белгиланган эди.
Аммо, қарор билан ушбу ҳудудлардаги деҳқон ва фермерларга хориждан уруғлик картошка етказиб бериши кераклиги белгиланган таъминотчи корхонанинг ўз вазифасини лозим даражада уддаламаслиги оқибатида лойиҳа кутилган натижани бермади.
Шундан сўнг, Президентнинг 2020 йил 6 майдаги тегишли қарорига мувофиқ Китоб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманлари истеъмол ҳамда уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштириладиган туманлар рўйхатига киритилиб, 2020 йилнинг ўзидаёқ мазкур туманларда 5 минг 100 гектар майдонга такрорий экин сифатида кузги картошка экиш белгиланган эди.
Лекин, бу сафар ҳам айнан таъминотчи корхона билан боғлиқ муаммолар боис режа қилинган далаларнинг 90 фоиз қисмига картошка экилмасдан қолди.
Бундан ташқари, ўтган йили вилоятда уруғлик картошка етиштиришни ривожлантириш бўйича яна бир муҳим лойиҳа тасдиқланган эди. Унда Польшанинг уруғчилик ва картошка маркази ҳамда ушбу давлатнинг машҳур "Kopax" компанияси билан ҳамкорликда махсус лабораториялар ташкил этиш орқали вилоятда турли касалликларга чидамли бўлган картошка уруғларини яратиш ва кўпайтириш кўзда тутилган. Лойиҳанинг амалга оширилиши учун Ташқи ишлар вазирлиги масъул этиб белгиланган.
Бироқ, ўтган йили ҳудудда бундай лаборатория фаолияти ҳам йўлга қўйилгани йўқ.
Олган маълумотларимизга кўра, польшалик тадбиркорлардан лойиҳани амалга ошириш бўйича таклиф келиб тушмабди.
Хуллас, вилоятда уч йилдан буён картошкачиликни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлару уларнинг натижалари ҳозирча шулар.
Ж.БОЙМУРОДОВ