Сенаторлар, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг вилоятдаги вакили, суд, ҳуқуқ-тартибот идоралари масъул ходимлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтган мазкур йиғилишни вилоят прокурори Салом Самадов бошқариб борди.
Унда амнистия акти бағрикенглик ва инсонпарварликнинг юксак намунаси эканлиги алоҳида қайд қилиниб, мамлакатимизда мазкур тажриба асосида адашиб жиноят кўчасига кириб қолган, эҳтиётсизлик орқасидан жиноят содир этган ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш амалиёти истиқлол йилларида кенг қўлланилаётгани, бу инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоясини таъминлаш борасидаги умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига, миллий қонунчилик ва қадриятларимизга тўла мос келиши эътироф этилди.
- Кечиримлилик халқимизга хос қадрият, - дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Суюн Абдиев. - Жорий йил қабул қилинган амнистия акти асосида аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлатлар фуқаролари, амнистия тўғрисидаги қарор кучга киргунга қадар қонунда белгиланган тартибда I ёки II гуруҳ ногиронлари, шунингдек, сил касаллигининг фаол шаклига чалинган деб эътироф этилган кишилар жазодан озод қилиниши замирида ҳам ана шу қадриятимиз анъаналари мужассам.
Йиғилишда, шунингдек, амнистия актининг қўлланилиши, бунда хато ва камчиликларга йўл қўймаслик, очиқ-ошкораликни таъминлаш ҳамда ушбу ҳужжат ижроси бўйича бевосита масъул бўлган идора ва мансабдор шахсларнинг вазифалари ва ўзаро ҳамкорлиги муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, аввалги йилларда амалга оширилган амалиётларда амнистия акти турли сабабларга кўра унинг таъсир доирасига тушмайдиган шахсларга қўлланилиши ёки аксинча, ҳужжатда назарда тутилган бўлса-да қўлланилмай қолганлиги каби ҳолатлар ҳам учраган. Жазодан озод этилганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ишга жойлаштириш масалаларида ҳам камчиликлар кузатилган.
Амнистия актини қўллаш жараёнлари устидан сенаторлар, депутатлар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари иштирокида таъсирчан жамоатчилик назоратини ташкил этиш эса ана шундай хато ва камчиликларга йўл қўймаслик ва шаффофликни таъминлашда қўл келади.
Йиғилишда вилоятда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор ижросини бекаму кўст таъминлаш, унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш, бунда энг аввало амнистия боис жазодан озод этилаётганлар ва уларнинг яқинларини назарда тутиш лозимлиги борасида тавсиялар берилди.
К.КАРИМОВ