Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

30.12.2016


АМНИСТИЯ — ИМТИЁЗ ЭМАС, ИМКОНИЯТ

 

Ўзбекистон Республикаси Олий  Мажлиси Сенатининг жорий йил 12 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги қарори ҳам қонунларимиздаги адолат принципларининг амалдаги ифодаси бўлди. Ушбу қарор билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган ва айни дамда ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган кўплаб шахсларга жазодан озод этилиши учун имконият берди.

Яқинда Қарши шаҳридаги жазони ижро этиш муассасаларидан бирида мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда жиноят содир этиб, озодликдан маҳрум этилган ва ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган бир гуруҳ маҳкумлар амнистия қўллаш ҳақидаги суд ажримига асосан жазодан озод этилди.

- 1981 йилда Тошкент шаҳрида туғилганман, - дейди собиқ маҳкум Ёдгор Тўраев. - Яхшигина ишим, оилам бор эди. Уч нафар фарзанднинг отаси эдим. Афсуски, тушуниб-тушунмай жиноятга қўл урдим. Амнистия актига асосан жазодан озод этилганим - мен учун катта имконият. Менга билдирилган бундай ишонч учун қалбимда кечаётган миннатдорлик туйғусини қандай изҳор этишни билмайман. Бу ишончни юртимга, халқимга содиқ хизматим билан оқлашга ваъда бераман. Албатта, бу ерда ўтган бир йил мен учун жуда катта сабоқ бўлди. Қилмишимдан тегишли хулоса чиқариб олдим. Айниқса, фарзандларимнинг юзини ерга қаратганим учун ўзимни ҳеч қачон кечира олмасам керак. Уларнинг олдида бир умр айбдорман. Ёшлигимда ошпазлик касбини пухта эгаллаган эдим. Уйга қайтгач, ана шу ҳунаримга таяниб, ҳалол меҳнат ортидан рўзғор тебратишни режалаштириб олдим. Ватаним, яқинларим олдида айбимни ювиш учун бор кучимни ишга соламан.

- Халқимизнинг инсонпарварлик фазилатларини шу ўринда ҳам кўриш мумкинки, амнистияга мувофиқ жазодан озод этилган фуқаролар ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди, - дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг вилоятдаги минтақавий вакили Муродулла Нормуродов. - Улар ҳар томонлама, ижтимоий, маънавий ҳимояга олинади. Яъни жазодан озод этилган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси ва кўникмасига оид чораларни амалга ошириш мақсадида ҳудудий комиссиялар тузилган. Айни вақтда бу комиссия томонидан жазодан озод қилинган шахслар тўлиқ ҳисобга олиниб, уларни ишга жойлаштириш, ёлғиз, ёрдамга муҳтож шахсларни ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаштириш,  вояга етмаганларни ота-оналарининг, васийлик ва ҳомийлик органларининг  назоратига топшириш, зарур ҳолларда уларнинг тегишли таълим муассасаларига юборилиши таъминланмоқда.

Албатта, амнистия бу жиноят содир этганлар учун имтиёз эмас, балки, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолганлар учун  бир имконият. Улар бу имкониятдан фойдаланиб, оиласи ва жамият учун фойдали иш билан шуғулланиши, буёғига тўғри йўлни танлаб, бир марта бериладиган умрини увол қилмаслиги керак. Зеро, доно  халқимиз томонидан "Адашганнинг айби йўқ, қайтиб йўлини топса", деган пурҳикмат мақол бежиз айтилмаган.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo